Асоссиз айбланган тадбиркорлар бир йилдан сўнг оқланди



 
  Расм манбаси : Forbes Украина

Ҳаётнинг ўзи судлар олдига адолатни қарор топтириш, ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқаришдек муҳим вазифани қўймоқда. Суд жараёнларида асоссиз айбланган шахсларнинг оқланаётгани ана шу юксак эътибор ва ғамхўрлик туфайлидир.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясида Наманган шаҳридаги “RAUF AZIZ” хусусий корхонаси раҳбари Умиджон Иномов ва бош ҳисобчиси Авазхон Турғунбоевга нисбатан кўрилган иш ҳам шулар жумласидандир. Хўш, улар қайси хатти-ҳаракати учун айбланган эди?

Апелляция суди мажлисида маълум бўлишича, Авазхон Турғунбоев 2009 йил 19 январда “RAUF AZIZ” хусусий корхонасини ташкил қилиб, 2015 йил 17 июнга қадар корхонани бошқариб келган. Шу санадан 2016 йил октябрь ойигача эса корхонага Умиджон Иномов раҳбарлик қилган. Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2017 йил 13 июндаги ҳукмига кўра, А.Турғунбоев ва У.Иномовлар Солиқ кодексининг 351-моддаси 2-қисмига зид равишда иш юритганликда айбланган. Кодекснинг мазкур моддаси ва қисмида фаолият кўрсатаётган микрофирмалар ва кичик корхоналар ягона солиқ тўловини тўлашга ўтиш учун кейинги ҳисобот даври бошланишига камида бир ой қолганда, янги ташкил этилаётган субъектлар эса давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органини ягона солиқ тўловини тўлашга ўтиши тўғрисида Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган шаклда ёзма равишда хабардор этиши белгиланган. Аммо А.Турғунбоев ва У.Иномовлар корхонага солиқ солиш тартибини қўллаш тўғрисидаги расмий ҳужжат саналган хабарномага Наманган шаҳар ДСИ масъул ходими Д.Боқиеванинг имзосини қалбакилаштириб қўйишган. Пировардида, гўёки хабарнома 2009 йил 24 апрелда қабул қилиб олганлигини тасдиқлаб, кодекснинг юқоридаги талабини бузиб, хусусий корхонанинг ДСИда ягона солиқ тўловчи сифатида рўйхатга олинишига эришилган. Натижада, 2010 йил 1 январдан 2016 йил 1 октябрга қадар солиқ тўловларини умумбелгиланган тартибда ҳисобламасликка эришиб, 656.718.000 сўм миқдоридаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлашган. Бундан ташқари, Умиджон Иномов 2015 йил 1 январдан 2016 йил 19 сентябрга қадар корхонада ишлаб чиқарилган 1.682.740.000 сўмлик маҳ­сулотларни нақд пулга сотиб, пулни назорат касса машинасига кирим қилмай ва банкка топширмай, мазкур маблағни ишчи-ходимларга иш ҳақи сифатида тўлаб, савдо қоидаларини қасддан жуда кўп миқдорда бузган. Бинобарин, прокуратура томонидан А.Турғунбоевга нисбатан Жиноят кодексининг 184-моддаси, 3-қисми, 228-моддаси, 2-қисмининг “а”, “б” бандлари, 228-моддаси, 3-қисми, У.Ино­мовга эса Жиноят кодексининг 184-моддаси, 3-қисми, 189-моддаси, 228-моддаси, 2-қисмининг “а”, “б” банд­лари, 228-моддаси, 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди эса уларнинг айбловидан Жиноят кодексининг 228-моддаси, 2-қисмининг “а”, “б” бандлари, 228-моддаси, 3-қисмини чиқариб ташлаган ҳолда А.Турғунбоевни Жиноят кодексининг 184-моддаси, 3-қисми, У.Иномовни Жиноят кодексининг 184-моддаси, 3-қисми, 189-моддаси билан айбдор, деб топиб тегишли жазо тайинлаган ҳамда Олий Мажлис Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарорининг 2-бандига биноан жазодан озод қилинган. Аммо уларнинг айбсиз эканликларини билдириб ёзган апелляция шикояти жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди томонидан қаноатлантирилмаган.

Шундан сўнг Авазхон ва Умиджон ҳимоячилари билан бирга Олий судга назорат тартибида шикоят беришган. Қолаверса, уларнинг мурожаатига асосан Савдо-саноат палатаси раиси томонидан ҳам Олий судга тақдимнома киритилган. Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг апелляция ажрими бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судига юборилган.

Албатта, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди жиноят иши материалларини синчиклаб ўрганиб чиқди. Гувоҳлар – Наманган вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари, бошқарма ҳузуридаги эксперт-маслаҳат кенгаши аъзолари, Наманган шаҳар ДСИ масъуллари, хусусан, Д.Боқиеванинг кўрсатмаларини қайтадан тинглади. Ҳатто, холис мутахассис сифатида Фарғона шаҳар ДСИ бош инспектори Х.Сахобиддиновни ҳам ишга жалб қилди.

Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, ҳақиқатан ҳам тадбиркорлар ДСИга хабар беришда “Уведомление о применении порядка налогообложения”, деган ёзувли (Тилимизга давлат тили мақоми 1989 йилда берилганига қарамай, тизимда ҳанузгача рус тилидаги иш қоғозидан воз кечилмагани ҳам қизиқ – муаллифлар) белгиланган шаклдаги хабарномадан эмас, балки ўзлари компьютерда ёзиб тўлдирган хабарномадан фойдаланишган. Д.Боқиева мазкур хабарномани ўзи қабул қилиб олганлигини тасдиқлади. Яъни, хусусий корхона ягона солиқ тўловчи сифатида ўз вақтида тўловни амалга оширган. Бошқача айтганда, хусусий корхонанинг белгиланган шаклдаги хабарнома орқали ДСИга хабар бермагани уни солиқ тўлашдан бўйин товлаган, дея айблашга асос бўлмайди. Шунингдек, Наманган вилоят ДСБ ҳузуридаги эксперт-маслаҳат кенгашининг қаҳрамонларимизни айблаш учун асос бўлган хулосаси ҳам ноқонуний эканлиги аён бўлди. Гап шундаки, Наманган вилоят давлат солиқ бошқармасининг 2016 йил 3 июндаги 163-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Наманган вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳузуридаги эксперт-маслаҳат кенгаши тўғрисида”ги низомнинг 7-бандида овозлар тенг бўлиб қолган ҳолларда солиқ тўловчи фойдасига қарор чиқаришга устунлик берилиши белгиланган. Гарчи, кенгаш 7 нафар, яъни 1 та кўп овоз билан хусусий корхона умумбелгиланган тартибда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни қайта ҳисоб-китоб қилиши лозимлиги тўғрисида хулоса берган бўлса-да, аслида кенгаш аъзоси Ғ.Асроров йиғилишда қатнашмагани ҳамда хулосага имзо чекмагани маълум бўлди. Шу боис апелляция инстанция суди эксперт-маслаҳат кенгашининг Э.Тожибоев, Н.Абдуллаев, Ш.Солиев, Ё.Турабоев, О.Акмалов ва А.Даминовлардан иборат 6 нафар аъзосининг “RAUF AZIZ” хусусий корхонаси Солиқ кодексининг 11-моддасига асосан ягона солиқ тўловчи экани ҳақидаги хулосасини қонуний, деб топди.

Ана шу асосларга таянган суд жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2017 йил 13 июндаги ҳукмининг Авазхон Турғунбоевга нисбатан қисмини бекор қилди. Яъни, уни айбсиз, деб топиб Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан реаблитация қилган ҳолда оқлади. У.Иномовни эса Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми билан айбсиз, деб топиб, оқлади. Жиноят кодексининг 189-моддаси билан эса Жиноят кодексининг 70-моддасида “Жиноят содир этган шахс агар иш судда кўрилаётган вақтгача шароит ўзгарди ёки шахс намунали хулқи, меҳнатга ёки ўқишга ҳалол муносабати билан ўзини кўрсатиб, ижтимоий хавфлилигини йўқотди, деб эътироф этилса, суд уни жазодан озод қилиши мумкин”, дея белгиланган талабидан келиб чиқиб, жазодан озод қилди.

Мана шу тариқа асоссиз айбланган тадбиркорлар бир йилдан сўнг оқланди. Эътироф этиш керак, айни пайтда судлар фаолиятидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Зеро, судлар чинакам адолат қўрғонига айланиши керак. Бу эса ҳамюртларимиздаги Конституция ва қонунларга ҳурмат ҳиссини мустаҳкамлайди.

Раҳматжон АРАПОВ,

жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди судьяси

Хуршид СУЛТОНОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири

(“Инсон ва қонун” газетасидан олинди).

2018-09-28 15:43:11  |  1746 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация