Суд экспертизаси тўғрисидаги қонун янги моддалар билан тўлдирилади



 
  Расм манбаси : Мое Право

Ўзгартиш ва қўшимчалар хусусий суд экспертиза ташкилотлари фаолиятини тартибга солади

“Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритилиши кутилмоқда. Тегишли қонун лойиҳаси муҳокамалар порталида эълон қилинди.

Лойиҳага биноан, Қонуннинг 11-моддаси қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилади:

“Суд эксперти сифатида жалб этиладиган нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг суд эксперти олий маълумотга эга бўлган, алоҳида ҳолларда эса ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга бўлган ҳамда суд эксперти сертификатини олган бўлиши лозим”.

Шунингдек, “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонунга иккита янги модда киритиш таклиф қилинмоқда. Жумладан:

12-1-модда. Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти

Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти фуқаролик, иқтисодий, жиноят ва маъмурий суд ишлари бўйича суд экспертизасини ўтказишга ихтисослашган, штатида суд эксперти сертификатига эга мутахассислари бўлган ташкилот ҳисобланади.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти қонун ҳужжатларида назарда тутилган исталган ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилиши мумкин, оилавий корхона бундан мустасно. Бунда қуйидаги мажбурий шартларга риоя этилиши керак:

нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг раҳбари суд эксперти бўлиши;

нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг штат бирлиги тегишли малакага эга бўлган суд экспертларининг штатдаги энг кам сонига доир, қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши.

Суд эксперти фақат битта нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг муассиси (иштирокчиси) бўлиши мумкин.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертизасини ўтказишда давлат суд-экспертиза муассасалари каби функцияларни амалга оширади, улар каби ҳуқуққа эга бўлади, мажбуриятларни бажаради ва жавобгар ҳисобланади.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан ўтказиладиган суд-экспертизасининг турлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланади.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертлари ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификат олган шахсларнинг Ягона реестрига киритилади.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тартиби, суд экспертларини қайта тайёрлаш, малакасини ва ҳуқуқий билимини ошириш тартиби, суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификат олган шахсларнинг Ягона реестрини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг фирма номида унинг нодавлат суд-экспертиза ташкилоти эканлиги кўрсатилиши шарт”.

Киритилажак навбатдаги янги модда қуйидаги таҳрирда таклиф этилган:

16-1-модда. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг аффилланган шахслари

Суд экспертизаси ўтказиш учун келиб тушган иш бўйича томонларнинг бирортасига нисбатан аффилланган шахс бўлган нодавлат суд-экспертиза ташкилотига ёки нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг суд экспертига бу иш бўйича суд экспертизасини ўтказиш тақиқланади.

Иш бўйича иштирок этаётган томонларнинг аффилланган шахси деб қуйидагилар тан олинади:

нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг мулкдори, таъсисчиси, кузатув кенгаши, ижро органи аъзоси, кредитори, суғурталовчиси;

устав жамғармаси (устав капитали)да нодавлат суд экспертизаси ташкилотининг ёки нодавлат суд экспертизаси ташкилоти суд экспертининг улуши бўлган юридик шахс;

мазкур моддада кўрсатилган шахслар билан яқин қариндош бўлган шахслар.

Бундан ташқари, 18-модда қуйидаги мазмундаги олтинчи ва еттинчи қисмлар билан тўлдирилади:

“Суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) нодавлат суд экспертиза ташкилоти томонидан ўтказилган суд экспертизаси хулосасига қўшилмаган тақдирда, қайта суд экспертизаси фақат давлат суд экспертиза муассасаларида амалга оширилади.

Давлат суд-экспертиза муассасалари томонидан амалга оширилган суд экспертизаси хулосаси бўйича қўшимча ва қайта суд экспертизаси, шу жумладан комиссиявий ва комплекс суд экспертизалари нодавлат суд-экспертиза ташкилоти томонидан ўтказилиши мумкин”.

2019-05-06 17:43:47  |  2100 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация