Мулк ҳуқуқини расмийлаштиришга доир ислоҳотларнинг давоми



 
  Расм манбаси : dnews.dn.ua

Президентнинг 2019 йил 5 апрелдаги «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4270-сон қарорига шарҳ

Жорий йилнинг январь ойи бошида Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом янги таҳрирда тасдиқланган эди. Мазкур ҳужжат билан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибига бирмунча ўзгартиришлар киритилди.

Norma’нинг ёзишича, Президентнинг юқоридаги қарори ушбу давлат хизматининг сифати, тезкорлиги ва шаффофлигини оширган ҳолда тизимни ислоҳ қилишда навбатдаги қадамдир. Ҳужжатда бир қатор чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш назарда тутилган.

Биринчидан, «ягона дарча» тамойили асосида Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан (бундан кейин – Реестр) кўчирмалар берилади:

давлат нотариал идоралари томонидан – улар кўчмас мулкка оид битимларни тасдиқлаганда, кўчмас мулкнинг бир қисмига бўлган ҳуқуқлар вужудга келган, бошқа шахсга ўтган, чекланган (юкланган) ва бекор бўлган ҳоллар бундан мустасно;

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан – кўчмас мулк (давлат активлари қисмида) «E-IJRO AUKSION»да сотилганда;

риэлторлик ташкилотлари томонидан – нотурар кўчмас мулк бўйича риэлторлик хизматларини кўрсатганда;

2017–2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурида (21.10.2016 йилдаги ПҚ–2639-сон қарор билан тасдиқланган) иштирок этаётган тижорат банклари томонидан – қурилиши тугалланган уй-жойни расмийлаштиришда.

Иккинчидан, Давлат активларини бошқариш агентлиги, риэлторлик ташкилотлари ва тижорат банкларининг маълумотлари асосида мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида ариза талаб этилмайди.

Учинчидан, қуйидаги тартиб бекор қилинади:

кўчмас мулкни бегоналаштиришда давлат нотариал идорасига Реестрга уланиш имкониятини берган ҳолда, унга бино ва иншоотларнинг таркиби ва тегишлилиги тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан кўчмас мулк эгаларидан давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатга рўйхатдан ўтказувчи органнинг ёзуви (штампи) қўйилишини талаб қилиш.

Тўртинчидан, 2020 йил 1 январдан бошлаб:

нотариал ҳаракатлар асосида вужудга келадиган Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар ҳақидаги маълумотлар Реестрга фақат давлат нотариал идорасининг талабномасига асосан (кўчмас мулкка оид битим тасдиқлангунга қадар) электрон шаклдаги кадастр паспорти тайёрланганидан кейин нотариуслар томонидан АКТдан фойдаланган ҳолда ҳуқуқ эгасини ўзгартириш шаклида киритилади ва бир вақтнинг ўзида Реестрдан кўчирма берилади. Пойтахтда ушбу тартиб 2019 йил 1 сентябрдан амал қила бошлайди;

уй-жойга мулк ҳуқуқини ҳамда қонун асосидаги ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш учун уй-жойни фойдаланишга қабул қилиб олиш далолатномаси ва бошқа зарур ҳужжатлар тижорат банклари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар) филиалларига АКТдан фойдаланган ҳолда юборилади;

кўчмас мулк объектини «E-IJRO AUKSION» орқали сотиш (давлат активлари қисмида) ва риэлторлик хизматлари кўрсатиш натижасида вужудга келадиган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган маълумотлар тегишлича Давлат активларини бошқариш агентлиги ва риэлторлик ташкилотлари томонидан давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларга АКТдан фойдаланган ҳолда юборилади;

кўчмас мулкнинг янги эгалари тўғрисидаги маълумотлар уларга бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин тегишлича давлат нотариал идоралари ва давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлар томонидан коммунал хизматларнинг ахборот тизимларига автоматик тарзда юборилади. Бунда коммунал хизматлар кўчмас мулкнинг янги эгаларидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас;

қурилган уй-жойга мулк ҳуқуқини ҳамда қонун асосидаги ипотекани Ергеодезкадастрдавқўм органларида давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш, шунингдек банкка рўйхатдан ўтказилган уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи тўғрисидаги ҳужжат нусхасини ва қонун асосидаги ипотека давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги штамп қўйилган кредит шартномасини тақдим этиш бўйича қарз олувчининг мажбуриятлари бекор қилинади;

тажриба-синов тариқасида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси институти жорий этилади, у шартнома асосида кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказади (бирламчи кадастр ҳисоби бундан мустасно), уларнинг қаватма-қават режаларини тузади, техник режаларини расмийлаштиради, шунингдек уларни техник ҳисобга қўяди. Геодезия ва ер кадастри бўйича олий маълумотга эга ёки кадастр муносабатлари соҳасида касбий қайта тайёргарлик дастури бўйича таълим олган, шунингдек тегишли малака комиссияларининг қарорлари асосида Ергеодезкадастрдавқўмнинг малака шаҳодатномасини олган шахс кадастр муҳандиси бўлиши мумкин. Малака шаҳодатномасини олиш учун шахс геодезия ва ер кадастри бўйича камида 1 йил иш стажига эга бўлиши ва малака имтиҳонини топшириши шарт. Кадастр муҳандиси фаолияти билан шуғулланувчи шахс риэлторлик ташкилотлари билан меҳнат шартномасини тузади.

Ваколатли вазирлик ва идораларга санаб ўтилган чора-тадбирлар тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилиши учун зарур бўлган ташкилий вазифалар топширилди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2019 йил 6 апрелдан кучга кирди.

2019-04-08 21:15:38  |  2020 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация