Давлат тест маркази судда яна бир абитуриентга ютқазди



 
  Расм манбаси : Xabar.uz коллажи

Ҳақиқат юзага чиқди, энди суднинг қарори ҳам тезроқ ижро қилинса эди...

Ҳафта муқаддам Давлат тест маркази (ДТМ) мутасаддилари бухоролик абитуриент Сарвиноз Ибрагимовани «48 сония кечиккани» важи билан Бухоро давлат тиббиёт институти талабаси бўлишдек бахтдан мосуво этгани учун судда «қизаргани» ҳақида кенг жамоатчилик воқиф этилганди. Бу биринчи ва, катта эҳтимолки, охирги ҳодиса эмас чоғи. Жиззахлик абитуриент Даврон Турсунов ҳам уларни судга бериб, кўзи билан «ер чиздириш»га мажбур қилди!

Яқин-яқингача бунақа воқелик тасаввурга сиғмасди ҳатто. Ахир салобатли Давлат тест марказининг «панжасига панжа урмоқ» қайда?! Бунга журъат қилиб, ДТМ «зирҳини ёриш»-чи?

Шукр, шукр, «танка»ю «бункер»сиз ҳам талаба бўлиш имконияти тобора ошиб бормоқда. Фарзандини «ўқишга киритиш» учун пачка-пачка доллар кўтариб юрган кўпгина ота-оналар энди малакали устоз (репетитор) этагини тутишга ўтмоқда (мактабда олган билим билан талаба бўлиш эҳтимоли жудаям паст-да, бу энди алоҳида мавзу). Бундай ижобий ўзгаришлар қайсидир олий ўқув юртига кириш кимларгадир бир неча ўн минг долларга «тушгани» ҳақидаги исбот этиш имкони йўқ ҳақиқатларни бора-бора эртакка айлантирворса, не ажаб?!

Майли, ўтган, ўтаётган ишларга саловот. Биз-да ортиқча гапларни йиғиштириб, суддан музаффар чиққан Даврон Турсунов билан яқинроқ танишайлик.

Даврон Улуғбек ўғли Турсунов! Жиззахлик. Самарқанд тиббиёт институти қошидаги 1-сонли академик лицей таҳсилидан сўнг Тошкент тиббиёт педиатрия институтида ўқишни аҳд қилди. Илк уриниши муваффақиятсиз чиққач, ўтган йили яна шу даргоҳга ҳужжат топширди. Тест синовларида чакки натижа қайд этмади: 136,4 балл! Бироқ бу талаба бўлиш учун камлик қилди («кириш бали» 138,8 бўлди ўтган йили). Наҳот, яна бир йил умри шамолга совурилади? Йўқ, бунақа бўлиши мумкинмас. Ўтган икки йил мобайнида озмунча тайёргарлик кўрдими? Қайси жавобда хато қилган бўлиши мумкин?

Дарҳол апелляция берди ва... ўзининг эмас, ДТМнинг хатосини топди. Яъни, «Саволлар китоби»нинг (№8114750) биология фанидан қўйилган 57-саволига белгилаган жавоби аслида тўғри экан. Бироқ ўша тўғри жавоб «нотўғри» деб топилиши талаба бўлишига ярим қадам қолган йигит учун тўғоноққа айланибди. Зеро, биология фани «1-блок» саволлари туркумидан бўлиб, тўғри жавобга 3,1 балл берилади. Ушбу балл (3,1) Даврон тўплаган умумий баллга (136,4) зарб этилса, «139,5» ҳосил бўлади, бу эса унинг талаба бўлиши учун етиб ортарди ҳатто (қайтарамиз, ўтган йили Тошкент тиббиёт педиатрия институтининг даволаш факультетига «кириш» 138,8 балл бўлган!)

Алам қиладими?! Бўлмаса-чи?! Хато ўзингдан ўтсаку хўп-хўп, бироқ ўзгаларнинг хатоси касофатига йиллаб чеккан риёзатларинг чиппакка чиқиши икки карра аламли эмасми?!

Давлат тест маркази мутасаддилари абитуриентнинг асосли эътирозларига қарамай, ўзиники маъқул, дея туриб олдики, қайта-қайта мурожаатидан наф бўлмаганининг сабаби шу.

Хуллас, битта савол жавоби устидаги ғавғо-ғурбат ўтган йилнинг ноябрь ойигача давом этди. Бунгача талабалар таҳсилни бошлаб, бир семестрнинг яримини «хатм» қилиб улгурганди.

Дарвоқе, баҳсга сабаб бўлган савол ва унинг тўғри жавоби ҳақида.

Ушбуни ўқиётган барча сидирғаси биология фанини яхши билмас, эҳтимол. Шу маънода саволни тўлалигича келтиришдан маъно йўқдек. Бироқ масаланинг ўзак нуқтаси айни савол ва унинг тўғри жавоби устида кетар экан, ким тушунсин-тушунмасин, ўша «машъум» 57-саволни келтириш шартдай. Савол андоқ эди: «Озиқ занжирида видра (йиртқич ҳайвон), балиқлар, қисқичбақасимонлар ва сувўтлар бор. Учинчи тартиб консументларининг биомассаси 32 кг. бўлса, озиқ занжири барча компонентлари истеъмол қилган озиқнинг умумий биомассасини (кг.) аниқланг?». Нимани тушундингиз? Бу-ку, майли, маълум тоифа тушунадиган биология фани бўйича берилаётган савол. Ҳатто ўзбек тили ва адабиёти бўйича тест саволлари баёнидаги «жамалаг-у гажжаклар» соҳа мутахассисларининг ақлини чувалаштириб юбораётгани бор гап, ахир?!

Хўп, чалғимайлик, юқоридаги саволга жавоби вариантлари қуйидагича эди:

А) 35520;

В) 2800;

С) 35552;

D) 12852.

Даврон Турсунов «А» жавобини белгилаганди. ДТМ мутасаддилари эса тўғри жавоб «С» вариант эканини даъво қилди. Иккала томон ўртасидаги тортишувлар, ҳар ким ўзиникини маъқуллаб келтирган қулоч-қулоч асосларни баён этмоққа ҳожат йўқ. Чунки сўнгги қарор чиқариш ДТМнинг қўлида экан, ўзиникини маъқул деяверади-да барибир. Демак, бу даргоҳдан умид йўқ. Бу ёғига абитуриентда битта чора қолади, холос: судга мурожаат этиш, вассалом!

Шу тариқа Даврон Турсунов Тошкент шаҳар Юнусобод туман маъмурий судига Давлат тест маркази мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилди.

Энди суддаги ҳолат кўринг: ДТМнинг тўрт нафар эксперти «С» жавоби тўғри эканини тасдиқласа, суд мажлисига мутахассис сифатида жалб этилган беш нафар биолог (уларнинг бири профессор!) «А» жавоби тўғри эканини таъкидлайди... Шу манзаранинг ўзи оғриқли аслида. Рост-да, битта саволнинг тўғри жавоби хусусида соҳа олимларики (!) икки хил хулоса бериб турганда абитуриентда нима айб?! (Давроннинг ҳолатига тушиб, бироқ тақдирга тан берганча ҳужжатларини олиб кетган абитуриентлар қанча экан?!) Суд жалб қилган мустақил эксперт эса абитуриент белгилаган жавоб тўғри эканини тасдиқлади!

Эндиям мунозарага ўрин қолдими? Албатта, йўқ!

Алқисса, суд Даврон Турсуновнинг аризасини қаноатлантириб, «...8114650-саволлар китобининг биология фани 57-саволига А) 35520 жавоб вариантини тўғри» деб топди ва Давлат тест марказига Турсунов Даврон Улуғбек ўғли (белгилаган тўғри жавоб вариантини) амалдаги тартиб бўйича (тегишли) балл билан баҳолаб, уни Тошкент тиббиёт институтига талабаликка тавсия этиш мажбуриятини юклади. Суднинг мазкур ҳал қилув қарорининг жайдарича «тафсири» шундай: Даврон Турсунов талаба бўлиши шарт, у бунга муносиб эканини исботлади, қани, муҳтарам ДТМ мутасаддилари, энди уни ўзингиз «йиқитган» институтга тиклаб қўйинг!

ДТМ суд қарори билан келишмаслиги табиий эди. Апелляция шикояти келтирди. Мана, апелляция шикоятини кўринг, ўқинг. Йўқ, гап унинг мазмунида эмас, балки қанчалик «савод» билан ёзилганида. Хулоса — ўзингизга тан!

Шикоят апелляция тартибида мурожаат қилиш муддатининг энг охирги санасига тақаб берилганига нима дейсиз? Тўғри, бунда ғайритабиийлик йўқ. Бироқ чорасизликдан чора излаш бордай («Чорасизлиғ дарди ҳар дам чорасизға чорадур»). Нима дейилмоқчи? Кўриб-билиб турибсиз: ўтаётган вақт ДТМ фойдасига, Даврон Турсуновнинг эса зарарига ишламоқда. Яъники, вақт ўтган сари ўқув йили ҳам оёқлаб бораверади, ўқув йилининг оёқлаб бориши эса судда ютган йигитни талабалар сафига тиркаб қўйиш имкониятини чеклаб бораверади-бораверади... Ҳал қилув қарорининг апелляция инстанциясида кўрилиши эса муайян фурсат талаб қилиши табиий. Шундай экан, имкон борича «вақт ўлдирилиши» ДТМ тегирмонига сув қўймайдими?!

Юнусобод тумани маъмурий судининг ҳал қилув қарори ўтган йилнинг 10 декабрь санасида чиққан эди. Ушбу қарор апелляция инстанциясида кўрилиб чиқилгунча 2019 йилнинг феврали ҳам поёнига етди! Ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдику-я, бироқ шу жараённинг ўзи икки ой-ю ўн кунни «еб қўйди»-да. Устига устак, суд ҳужжати қонуний кучга кирганига, мана, бир ойдан ошди. Ижродан эса ҳануз дарак йўқ... Ваҳоланки, ўқув йили тугашига уч ой нари-берисида вақт қолди, холос.

Айтинг, ижросиз суд қарорининг оддий қоғоздан нима фарқи бор? Бирорта одамнинг коммунал тўловдан арзимас қарзи бўлса, «учиб келадиган» Мажбурий ижро бюроси азаматлари ёш йигитнинг келажагига таъсир қилувчи мазкур суд қарори ижросини пайсалга солаётганини тушунмайсан киши.

Шу ўринда яна бир гап. Фуқаровий-ҳуқуқий муносабатларга доир низолар юзасидан чиқариладиган суд қарорлари орасида «дарҳол ижро этилиши шарт» бўлганлари бор. Ишга тиклаш, алиментлар, уч ойгача бўлган иш ҳақи, соғлиққа етказилган зарар, боқувчисини йўқотганлиги оқибатида товон пули ундириш ҳақидаги суд қарорлари шулар жумласига киради. Буям ижтимоий ҳимоянинг бир кўриниши аслида. Чунки, суд қарори тегишли тартибда юқори инстанцияда кўрилиб, то қонуний кучга киргунча (бунга икки ойдан кам вақт кетмайди) мажбуран бекор қолган ёки камхарж фуқароларнинг ижтимоий-маиший ҳолатини баттар танг қилиши мумкин. Мантиқан олиб қаралганда, Даврон Турсунов тушган ҳолат, унинг аризаси юзасидан чиқарилган суд қарори ҳам «дарҳол ижро этилиши шарт» бўлган суд ҳужжатларига тоифасига кирадигандек. Тўғри, мисолимиздаги суд ҳужжати фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлардан кўра оммавий-ҳуқуқий муносабатларга оид низоларга киради. Бироқ вазият шундайки, ўтаётган вақт Давроннинг ижтимоий ҳолатига таъсир этибгина қолмай суд қарори ижросида муаммолар пайдо қилиши эҳтимолини оширмоқда. Ўйланг: ўқув йили поёнида талабалар сафига тиркалган бола ўтган дарс-машғулотларини қачон ўзлаштириб, қачон сессия топширишга улгуради?! Бу муаммо устига муаммо туғдирмайдими?! Муҳтарам қонун ижодкорлари бу борада жиддий мушоҳада қилиши керакка ўхшайди.

Узр, бу мулоҳазалар билан воқеликдан анча илгарилаб кетдик. Даврон Турсунов ҳали талабалар сафига қўшилгани йўқ, ҳолбуки, қўлида Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилган суд қарори турибди. Мамлакат номидан қабул қилинган суд ҳужжатининг ижро этилмаётгани шу юртнинг келажаги бўлган Даврон Турсунов тимсолида ёш авлоднинг руҳиятига нечоғлиқ таъсир қилиши мумкин?

Бирники мингга, мингники туманга, деган гап бор, ахир?!

Турсунали Акбаров,

журналист

Xabar.uz

2019-04-06 19:42:25  |  2432 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация