Пора таклиф қилиш — бу ҳали жиноят дегани эмас!



 
  Расм манбаси : Kruz.uz

Ҳуқуқ-тартибот идоралари эса бу ҳаракатни қасддан жиноятгача олиб бормоқда...

Охирги вақтларда оммавий ахборот воситаларида турли соҳа ходимларига пора берганларнинг ушлангани тўғрисидаги кўплаб хабарлар берила бошланди. Мисол учун:

— бош ветеринар врач аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича жавобгарлигини енгиллаштириш учун прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимига 1 млн. сўм бераётганида ушланган;

— фирма директори текширувда аниқланган қўшиб ёзиш ҳолатлари бўйича жавобгарлигини енгиллаштириш учун прокуратура терговчисига 300 АҚШ долларини бераётганида ушланган;

— фуқаро электр тармоғига ноқонуний улангани учун солинган жарима миқдорини камайтириш эвазига Мажбурий ижро Бюроси ходимига 300 АҚШ доллари бераётганида ушланган ва ҳоказо...

Энди шу ўринда озгина мулоҳаза қилиб кўрайлик. Зеро, давлат идораларида охирги йигирма йил давомида коррупция жуда кучайиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Шу даврда кўплаб давлат идоралари мансабдор шахслари томонидан фуқаролар пора беришга мажбурланди, оқибатда одамлар шу қинғир иллатга ўрганиб қолдилар, оддий халқ учун ўз муаммоларини пора бериш ва таниш-билиш ёрдамида ҳал қилиш табиий ҳолга айланиб қолди. Шу боис, айниқса, юридик маълумотга эга бўлмаган оддий фуқаролар ҳаётий муаммолари билан бирон мансабдор шахс ҳузурига борганларида жавобгарликларини енгиллаштириш ёки муаммоларини бюрократик тўсиқларсиз ҳал қилиш эвазига (ушбу тўсиқларни ҳам улар пора ундириш учун атай ташкил қилинган деб ўйлайдилар) пора таклиф қилишдан чўчимайдилар, бу ўзлари учун хавфли эканини тушунмайдилар ҳам...

Қолаверса, аслида ҳам пора таклиф қилиш бу ҳали жиноят эмас. Қонунга кўра ўша порани бериш жиноят ҳисобланади! Яъни жиноят содир этишни ўз олдига мақсад қилиб, ушбу қилмишни режалаштираётган фуқаронинг бу ҳаракатлари ҳали жиноят ҳисобланмайди. Демак, бундай фуқарони учратган, унинг шу режасидан хабар топган мансабдор шахс уни жиноят устида қўлга тушириш учун бу ниятини амалга оширишга атай ундаши, ёлғондан бўлса ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин эмас. Аксинча, ушбу жиноятнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик чораларини кўриши лозим. Соддароқ қилиб айтганда, мансабдор шахс ўзига пора таклиф қилган фуқарога у содир этмоқчи бўлган қилмишнинг ҳуқуқий оқибатларини ҳамда ушбу қилмиш учун қонунда белгиланган жавобгарликни тушунтириши ва таклиф этилган порани олишни рад этиши шарт. Шунда фуқаро унга яна қайтадан пора таклиф қилмайди, муқаррар жиноятдан сақланиб қолади ва у кейинчалик ҳам бировга пора таклиф этмайди.

Кейинги пайтда бошланган кампанияда эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ўзларига таклиф қилинган порани олишга розилик бериб, шу тариқа фукароларни жиноят содир этишга бевосита ундаб, уларни қизиқтириб, порани олиш вақти ва жойини белгилаб, сўнг белгиланган вақт ва жойда яширин видеотасвир остида уларни пора бераётганларида далилий ашё билан “ушлаб”, бундай ушлаш тадбири тўғрисида ОАВда шов-шувли хабарлар тарқатиш билан шуғулланаяпти. Энг ёмони, пора берган шахслар жавобгарликка тортилмоқда, лекин пора беришга ундаган ва қизиқтирган мансабдорлар кун “қаҳрамон”ларига айланиб, жавобгарликдан четда қоляптилар.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги, “Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунлари 2-моддасида, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги ва “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги қонунлари 3-4-моддаларида ушбу давлат идораларининг асосий вазифалари белгилаб қўйилган бўлиб, ушбу вазифалар қаторига ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси масалалари киритилган.

Хўш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси деган тушунчалар ўзи нимани англатади?

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тушунчасининг мазмуни — қилмиш ҳали жиноят ҳисобланмаган, яъни фуқаро жиноят содир этишни ўз олдига мақсад қилиб, ушбу қилмишни режалаштираётган даврда унга йўл қўймаслик, унинг олдини олишдан иборат.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси — ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга барҳам бериш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш мақсадида қўлланиладиган ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг ҳуқуқий, ижтимоий, ташкилий, тарбиявий ва бошқа чора-тадбирлари тизими.

Қолаверса, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида “Ички ишлар органларининг ходимларига кимнидир ғайриқонуний ҳаракатларни содир этишга бевосита ёки билвосита қизиқтириш, кўндириш, ундаш тақиқланади” деб аниқ белгилаб куйилганига алоҳида эътибор бериш лозим.

Шу ўринда айтиш керакки, пора таклиф қилиш ҳолатлари тўғрисида раҳбариятга хабар бериш ва пора таклиф қилган фуқароларни жиноят устида ушлаш чораларини кўриш вазифаси прокуратура ходимларига собиқ Бош прокурорнинг ташаббуси билан юклатилган эди. Бундан кўзланган мақсад прокуратура томонидан “коррупцияга қарши фаол кураш олиб борилаётгани”ни давлат раҳбарига кўрсатиш бўлгандир балки.

Шулардан келиб чиқадиган бўлсак, бугун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қонунларга асосан юклатилган асосий вазифаларини, яъни ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларга йўл қўймаслик ва уларнинг профилактикаси билан шуғулланиш каби ишларни бажариш ўрнига ўзлари фуқароларни жиноят содир этишга ундаб ва қизиқтириб, қонунбузилиш ҳолатларини атай ташкил қилмаяптиларми деган савол туғилади.

Хуллас, бундай ноқонуний услублар билан коррупцияга карши “курашиш” амалдаги қонунчилик талабларига зид. Шу боис ушбу муаммони Ўзбекистондаги юрист олимлар, прокуратура, суд, адлия идораларининг масъул ходимлари ва адвокатлар муҳокамасига қўйиш, бу борада уларнинг ҳам фикрларини, муносабатларини эшитиб кўриш айни муддао бўлади деб уйлайман.

Абдураҳмон ҲАМИДОВ, Тошкент шаҳридаги “EGIDA” адвокатлик бюроси адвокати

2019-03-18 17:05:45  |  4898 |   0  | 

11 изоҳлар

Июль 26, 2023  12:53

1.Аъзамжон Баратов

Авалам бор салом. хаммага мани саволим қуйидагича ман 2016 йилда 168 модда 211 моддалар билан айибланган ва судни хукми бор айни пайтда иш хужаатлари билан танишганимизда ман олган 200 минг сўм пулни олишим хақида аризачи билан шартнома бор ва ман ушбу 200 минг сўм олиб қолиб чунчагимга тиқмасдан хона ичига қуйиб қуйганлигим хақида айблов хулосаси ва суд хукмида хам курсатилган ва қолаверса тадбир ўтказиб мани ушлаш керак бўлган вақда аризачига баённома тузулиб диктафон тақдим қилинган деб ёзилган бўлсада иш хужаатлари ичида авдиео ва видео ёки дектафон деск шунга ўхшаш далилий ашио мавжуд эмас гарчи ман тан олиб имзолаб берган бўлсамда овоз ёзиш снаграммаси экиспертизадан ўтказилмаган ва менинг овозим билан снагаммадаги овозлар солиштирилмаган. Хуллас манашу хужаат билан мани айиблашган манашу холат қанчалик қонунга. Тўғри келади деб уйлайси жавоб учкн олдиндан рахмат!

Июнь 03, 2021  12:37

2.Уткирбек

Салом. Россияда таксилик килаётган узбек болани гаи тусган ва ноконуний такси килаётганини айтган. Шунда таксис бола гаи га пул беришини айтган. Кейин гаи 11 минг рубл сураган ва пцлни бераётганда ушлашган. Шу холатда кандай жазо куллаши мумкин.

Октябрь 08, 2020  22:08

3.Олимжон

Пора олган ва пора берган фукаролар судда яраштириш хукми билан хар икки томонга хеч кандай жазо чораси курмасдан колдириш мумкинми. Шундай холатни курдим лекин тушунмадим. Илтимос тушунтириш бериб юборинглар

Июнь 27, 2020  07:22

4.шухрат

мактагача таьлим мудираси уч турт ойлик укишга кетган вактда урнига шу мтм тарбиячиси мудира вазифасига вактинчалик тайинланган шу вактда мтм ходимларини аттестациядан утказиш учун булим методисти бориб олти кишини йикитиб мтмда вактинчалик мудирадан ходимларни аттестациядан утказиш учун уч юз доллар пора сурайди вактинчалик мудира бу ишни хакикий мудира келгач узи килсин деса хам куймайди.мудира вазифасини утовчи хамкасибларига методист айитган гапларни айтади ходималар депортамент оркали вактинчалик мудирани пул хонага ташлаб кетаётганда айиблов билан ушлашади хозирда терговда 168,211 моддалар билан айибланмокда.методист пул олганлиги учун айибланмокда. маслахат беринг вактинчалик мудирага енгиллик борми

Июнь 08, 2020  17:59

5.Фазлиддин

Ассалому алейкум. Мени бир масалада саволим бор эди. Шахримизда бир булим бошлиги булимдаги буш иш уринларини бозорга солиб юбормокда. Бу буш иш уринлари хам уз узидан пайдо булиб колмайди, у шундай механизм яратганки иш уринлари тез тез бушаб туради. Холбуки бу анчадан бери давом этади. Уни куллаб кувватлаб турувчи отаси вилоят бошкарма тизимида яхши лавозимда утиради. Уларнинг утмиши яхши эмас. Бир неча жиноятлари фош булган бу ота бола кайта ва кайта лавозимга утираверади. Демак уларни куллаб кувватловчи кучли одамлари бор. Шу масалаларга чек куйиш максадида кайси ишнчли жойга муражаат килишим мумкин. Жавоб учун олдиндан рахмат.

УР ЖКнинг 211-моддаси доирасида жиноий жавобгарликка тортишда конунчиликка куйидаги шартли талаб киритилиши максадга мувофик бу́лади деб хисоблайман. Жумладан, пора берувчи пора таклиф килинаётган мансабдор шахс томонидан конунсиз харакатларини ту́хтатиш ва жиноий жавобгарлик хакида расмий огохлантириши холати мавжуд бу́лгандагина 211-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортиш мумкинлиги шарти белгиланиши лозим. Шунда, бу турдаги жиноятларни олди олинади ва пора таклиф килинаётган мансабдор шахсни харакатида пора берувчини ундаши холатига оид гумонлар хам бартараф этиларди.

УР ЖК нинг 211-моддаси доирасида жиноий жавобгарликка тортиш учун конунчиликка куйидаги шартли талабни киритиш лозим деб х соблай

Usadvokat: Пора таклиф килиш... бу хали жиноят дегани эмас... рукни остидаги макола юзасидан фикр. Биламизки, хеч ким, агар акли жойида булса, биринчи булиб пора беришни тугридан-тугри олувчига таклиф этмайди. Бу тажрибада хали жуда кам учрайди. Охирги икки йил ичида бундай "сунъий ишлар" купайиб колганини гувохи буляпмиз. Мантикий холат, хозирги давр талабидан келиб чикиб, купрок фукаролар агар айбдор булсалар, ёки уларни айбинг бор деб куркитсалар ишни ёпиш ёки жавобгарликдан кутулиш учун чоралар кидирадилар. Шулар каторида пора бериш ёки пора беришга ундаш холати уз узидан пайдо булмайди, балки буни кимдир таклиф этиши ёхуд таклиф этиш ташаббуси билан чикканлигини аниклаш мухим хисобланади. Бундан ташкари, пора берувчи, ёки унга кизиктирувчини айблилик даражасини аниклаш мухим амалиёт хисобланади. Пора бериш ёки пора беришга кизиктириш катъий карор булгандагина далиллар мажмуаси кисми деб бахоланиши мумкин. Пора олувчи мансабдор шахс эса ишни юритишда бундай таклифни у томонидан шахсан катьий рад этилганини хужжатлаштириши шарт. Пора таклифи масаласи рахбарият томонидан олдиндан мансабдор шахснинг расмий хабари асосида расман куриб чикилиши ва тадбир утказиш холатидан катъий назар жиноятларни кайд этиш дафтарига приза ёки хабар сифатида кайд этилиши шарт. Кайд этилмаган маълумот(ариза ёки билдирги) булмаса. Жиноий тажовуз тугрисида гапиришни хам хожати йук. Бундан ташкари пора олувчининг хам мансаб ваколати доирасига эътибор каратиш лозим. Шундай холлар учраяптики, масалан, МИБ ходимига эл.хисоблагични оркага кайтариш ёки карздорликни учирганлик учун пул таклиф этиш холати.... Бу холат пора бериш ёки пора беришга (олишга) ундаш жинояти аломатини уз ичига олмайди. Мана шунга ухшаш жиноят мотиви ва максадлари, сабаб ва окибатлари, далиллар базаси Олий суд Пленуми карорида эмас, конун нормасида аник ва равон курсатилиши шарт. Албатта макола мазмунли ва мохияти нафакат хукукшунос олимлар, балким барча соха мутахассислари, адвокатлар уртасида жиддий мухокама этилиши зарур.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация