Нотариал ҳаракатлар қайд этилган аудио ва видео файлларни сақлаш қоидалари белгиланмоқда



 
  Расм манбаси : legalquest.ru

Файллар электрон тизим орқали реестрга киритилади, махсус дискларда сақланади ва нотариус алмашаётганда далолатнома асосида топширилади

Адлия вазирининг “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги буйруғи муҳокамалар порталига жойлаштирилди. Унда, жумладан, нотариал ҳаракатлар қайд этилган аудио ва видео файлларни сақлаш тартиби белгиланган.

Йўриқномага 1.1-банд билан киритиладиган ўзгартишларга кўра, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнини аудио ва видео қайд этишда нотариал ҳаракат иштирокчилари ва нотариус тасвирга тўлиқ туширилиши шарт. Бунда нотариус томонидан қандай турдаги нотариал ҳаракат амалга оширилаётганлиги овоз чиқариб тарафларга тушунтириб берилганлиги ва нотариал ҳаракат иштирокчилари томонидан ушбу нотариал ҳаракат уларнинг асл мақсадига мувофиқлигини тасдиқлаган ҳолда имзолаш жараёни тўлиқ аудио ва видео қайд этилиши лозим.

Аудио ва видеоёзув файли нотариал ҳаракатга “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими томонидан берилган реестр рақами билан номланади ва махсус қурилмаларда сақланади.

Аудио ва видеоёзувлар файллари календарь йил якунида DVD дискларга ёзилади ҳамда давлат нотариал идоранинг темир жавони ёки сейфларида алоҳида пакетларда сақланади.

Махсус қурилмада ёки DVD дискларда сақланаётган аудио ва видеоёзувлар файллари нотариус ишдан бўшаганда ёки бошқа ишга ўтказилганда янги тайинланган ёки вазифаси юклатилган нотариусга далолатнома асосида топширилади.

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнини қайд этилган аудио ва видеоёзувлар файллари белгиланган тартибда нотариал ҳаракатлар йиғма жилдлари билан идоравий нотариал архивларга топширилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, Йўриқномага кўра, қуйидаги ҳолларда нотариал ҳаракатлар мажбий аудио ва видео қайд этилиши лозим:

– нотариал ҳаракат давлат нотариал идораси биносидан ташқарида бажариладиган бўлса (6-банд 2-хатбоши);

– фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги, саводсизлиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаса ва унинг топшириғига кўра унинг ўзи ва нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро имзоласа (8-банд 2-хатбоши);

– мурожаат этувчининг жисмоний нуқсони (бармоқларнинг йўқлиги, бармоқ излари йўқолганлиги ва бошқа) сабабли махсус мосламаларда уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш имконияти мавжуд бўлмаса (8-банд 11-хатбоши);

– васиятномани имзолаш жараёни (88-банд).

2019-03-16 20:50:19  |  1951 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация