Икки йилдан сўнг жазо тайинланди



 
  Расм манбаси : ukmerge.lt

ЯҚИНДА жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан фуқаро Мунаввар Ҳайдарова (исм-шарифлари ўзгартирилган)нинг бундан 2 йил муқаддам содир этган жинояти учун қонуний жазо тайинланди. Албатта, бунинг ўзига хос сабаби бор.

Келинг, аввало воқеа тафсилотларига эътибор қаратсак. Мунаввар билан Жасур 2014 йил май ойида Фарғона шаҳридаги “Дилкаш” кафесида танишиб қолишди. Танишишди-ю, кўп ўтмай уларнинг муносабатлари қуюқлашиб кетди. Кейин эса шаръий никоҳ ўқитиб, бирга яшай бошлашди.

Жасур билан танишгунча Мунаввар 2 нафар фарзанднинг онаси бўлган боши очиқ аёл эди. У учун мустаҳкам оила қуриш муҳим эмасди. Мабодо бирор сабаб билан гаплари қовушмай қолса, ўша куниёқ орани очиқ қилади-қўяди. М.Ҳайдарова эса Жасур билан урушиб талашмади-ю, аммо икки ярим йил деганда – 2016 йил октябрь ойида ишлаш учун, аниқроғи, мўмай пул топиш мақсадида Туркияга жўнаб кетди.

Бироқ Мунаввар Туркияга бориб, жирканч иш “фоҳишалик” билан шуғулланиб, бу ерда юрган ўз тоифасидаги енгил табиат қиз-жувонларни ҳам хорижга чорлай бошлади. Шулардан бири турмушидан ажрашган Озода Юсупалиева эди. Бир куни у Озода билан “Имо” ижтимоий тармоғи орқали видеоалоқага чиқди.

– Қачонгача шундай юрмоқчисан? Менинг олдимга келсанг, яхшигина пул ишлайсан, – деди Мунаввар ҳол-аҳвол сўрашгач:

– Жон деб борардиму, лекин йўл кирага ҳам пулим йўқ, – дея нолиди Озода.

Ундан шу гапни кутиб турган М.Ҳайдарова янада дадиллашди.

– Йўл харажатларингни ўзим кўтараман. Кейин ишлаб, менга қарзимни бераверасан.

Албатта, бу таклиф Озодага жуда маъқул тушди.

Буни қарангки, ўзаро суҳбат жараёнида Мунаввар О.Юсупалиеваникига келган Ёрқиной Шодмоновани ҳам телефон экрани орқали кўриб қолди. Кўрди-ю, у ҳақда сўраб суриштира кетди. Натижада Озода Ёрқинойнинг оиласидан ажрашгани, ҳозир ҳеч қаерда ишламаётганини маълум қилиб, уларни таништириб қўйди.

– Дугонангни ҳам ўзинг билан бирга олиб кел. Иккалангизнинг йўл ҳақларинг учун Жасурга пул жўнатаман. У сизларни кузатиб қўяди, – деди Мунаввар суҳбат якунида.

Шундан сўнг икки-уч кун деганда Ж.Мирвалиевга Туркиядан пул келди. Жасур пулни оларкан, ўша заҳотиёқ Озодага қўнғироқ қилди:

– Эртага соат ўн иккиларда тайёр бўлиб туринглар, йўлга чиқамиз. Дугонангизга ҳам тайинланг.

Чиндан ҳам эртасига келишилган пайтда Жасур, Озода ва Ёрқиной йўлга чиқишди. Аммо...

Данғара туманида жойлашган “Чағали” йўл-патрул хизмати масканида уларнинг сафари ниҳоясига етди. Яъни, иккала қизни Тошкентга олиб бориб, у ердан Қозоғистон Республикаси орқали Туркияга жўнатиши мақсад қилган Ж.Мирвалиев Фарғона вилоят ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман суди томонидан Ж.Мирвалиев қонуний жазога тортилди. 2016 йили жиноят иши қўзағатилиб, қидирув эълон қилинган Мунаввар Ҳайдарова эса орадан бироз вақт ўтиб, яъни 2018 йилнинг 6 март куни Туркиядан мамлакатимизга қайтгач, қонун ҳимоячилари томонидан ушланди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди М.Ҳайдаровани ҳам қонуний жазога тортди. Бу эса жиноят учун ҳамиша жазо муқаррарлигидан далолат беради.

Феруза СИДДИҚОВА,

жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди судьяси

 

Хуршид СУЛТОНОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири

2018-09-24 14:54:47  |  1668 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация