Ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлиги учун 2014-2018 йилларда 281 киши жавобгарликка тортилган



 
  Расм манбаси : Life.ru

Ит-мушукларни ваҳшиёна қийнаб ўлдириш ҳоллари кўпайгани, қаровсиз ҳайвонларни тутиш билан шуғулланувчи ходимларнинг шафқатсизлиги МЖтКнинг 111-моддаси санкцияларини кучайтиришни тақазо этмоқда

Ўзбекистонда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун ҳуқуқбузарлик содир этилиши ҳолати ошиб бориши кузатилмоқда.

Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Ўзбекистон Республикаси Олий судининг МЖтК 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) бўйича суд статистикасини эълон қилди. Унга кўра, 2014-2017 йилларда ва 2018 йилнинг 9 ойи давоми маъмурий судлар томонидан 111-модда бўйича 399 нафар шахсга нисбатан 277 та иш кўриб чиқилган. Улардан фақат 199 та иш бўйича 281 нафар шахсга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилган.

Масалан, Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида болалар бўғоз итни сихга тортиб, устидан бензин қуйиб ёқиб юборишган. Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 18 ёшли қизлар мушукни чўктириб ўлдирган. Юнусобод туманида эса бир эркак 6 боланинг кўз ўнгида кучук боласини чавоқлаган.

«Афсуски, шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бригадаси вакиллари томонидан ҳайвонларга нисбатан бениҳоя шафқатсизлик (соп, таёқлар, арматура билан уриш) кўпинча болалар ва кекса фуқароларнинг кўз ўнгида содир этилган. Масалан, Навоий шаҳрида ҳайвонларни отиш аҳоли кўз ўнгида содир бўлган, Жиззах вилоятининг Пахтакор шаҳрида эса ҳайвонларни отиш сутканинг кундузги вақтида вояга етмаган шахслар кўз ўнгида амалга оширилган», – дея қайд этган депутат.

Кушербаевнинг таъкидлашича, ҳайвонларни тутишда азоб берувчи, шафқатсиз ва садистларча усуллардан фойдаланиш, шу жумладан қўл-оёқларини узиб олиш, турли қаттиқ предметлар билан калтаклаш ҳоллари ҳам кузатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Қонунчилик палатаси ҳайвонларга шафқатсиз муомалада бўлганлик учун жазо чораларини кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилгани ҳақида хабар берган эдик. Лойиҳа, жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасини янги таҳрирда қабул қилишни назарда тутади. Ҳозирда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш энг кам иш ҳақининг 1/2 қисмидан 2 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Лойиҳада ушбу модда икки қисмда баён қилиниб, санкциялар кучайтирилган. Биринчи қисм диспозицияси 111-моддада таърифланган ҳуқуқбузарлик билан бир хил, айни чоғда жаримани ЭКИҲнинг 10 бараваридан 15 бараваригача ошириш таклиф қилинган.

Иккинчи қисмда эса худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий чора қўлланилганидан сўнг бир йил давомида такроран содир этилса ёки мазкур ҳуқуқбузарликни содир этишга вояга етмаган шахслар жалб этилса, – айбдорларга ЭКИҲнинг 15 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ тайинлаш таклиф этилмоқда.

2019-03-11 20:32:34  |  303 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация