Ироқ фуқаросининг мол-мулкини босқинчилик йўли билан ўзлаштирганлар қамалди



 
  Расм манбаси : Александра Безпятова ва Раид Муҳаммад Ризо Абдулрасул. Фото: «Дарё»

Раид Муҳаммад Ризо Абдулрасулни Ўзбекистонга олиб келган аёл билан унинг яқин жиноий шериги 6 ва 8 йилга озодликдан маҳрум этилди

Жиноят ишлари бўйича (ЖИБ) Самарқанд шаҳар судида Ироқ фуқаросини босқинчилик йўли билан талаган жиноий гуруҳга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Асосий айбдорлар – Александра Безпятова (1989 йилда туғилган, муқаддам судланган) 6 йилга, Абдураҳмон Ўрозов эса 8 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум этилди. Айби енгилроқ деб топилган яна бирига уй қамоғи белгиланди.

Бу ҳақда хабар берган «Дарё» маълумотига кўра, Ироқ фуқароси Раид Муҳаммад Ризо Абдулрасулни Ўзбекистонга Александра Безпятованинг ўзи бошлаб келган экан – аёл у билан Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларидан бирида танишиб қолган ва кейинчалик аввал Қозоғистонга, кейин Ўзбекистонга олиб келган.

Аввалдан шунга қасд қилганми ёки кейин режа қилганми, ҳар ҳолда Ўзбекистонда Безпятова ажнабийнинг мол-мулкига кўз тикади ва ниятига етиш учун Абдураҳмон Ўрозов (1987 йилда туғилган) билан жиноий тил бириктиради. Иккови 2018 йилнинг 21 июнь куни ироқликнинг Самарқанддаги вақтинча яшаб турган уйида унга ҳужум қилишган ва тош билан кўп миқдорда тан жароҳати етказишиб, Ироқ фуқаросидан 1300 турк лираси, 2 350 доллар, 350 000 сўм ҳамда 800 долларли iPhone 5s телефонини олиб қўйишган (жами қиймат 27 млн 300 минг сўмдан ортиқ). Бу ҳам етмагандек, Раид Муҳаммад Ризо Абдулрасулнинг фуқаролик паспортини тортиб олиб, унга жиддий зарар етказишган.

Шунингдек, ўша куннинг ўзида, соат 11:00 атрофида Ўрозов ва Безпятова яна унга таҳдид қилишган, бутун танасига жароҳатлар етказиб бу сафар 4 000 доллар пулини қўлга киритишган.

Бутунлай “шилинган” ажнабийдан қутулиш учун жиноятчилар уни ими-жимида мамлакатдан чиқариб юбориш ҳаракатига тушганлар. Бу ишни Фахриддин Хўжақулов 400 доллар эвазига бажариб беришни бўйнига олган, лекин Тошкентга унинг бир ўзини жўнатиб, хотиржам юраверган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди Абдураҳмон Ўрозов ва Александра Безпятова Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) 2-қисми «а, б, в» бандлари ва 227-модданинг (Ҳужжатларга шикаст етказиш) 2-қисми «а» банди бўйича бўйича айбли деб топди. Ўрозов 8 йил 2 ойга, Безпятова 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Фахриддин Хўжақулов эса Жиноят кодексининг 171-моддаси (Жиноий йўл билан топилган мулкни олиш ёки ўтказиш) 1-қисми ва 241-модданинг (Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) билан айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.

2019-03-06 19:29:37  |  1693 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация