Фарғонада “Халқ банки” сейфидан 100 минг доллар изсиз йўқолди



 
  Расм манбаси : Vladtime.ru

Воқеа куппа-кундузи содир бўлган. Сейф турган хонада кузатув камералари ишламаган

5 февраль куни "Халқ банки”нинг Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги бўлимида 100 минг АҚШ доллари йўқолган. Бу ҳақда энг аввал, воқеадан бир кун ўтиб “Озодлик” радиоси хабар берган эди. Бугун Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати расмий маълумот берди.

Бош прокуратурага кўра, сешанба куни тахминан 23:40 да банк бошқарувчиси туман ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига мурожаат қилиб, шу куни соат 20:00 ларда ғазнани ёпиш вақтида 100 минг доллар нақд пул йўқолганини билиб қолганини айтган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси ва ички ишлар бўлими тезкор ходимларидан иборат таркибда тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, холислар ва тегишли мутахассислар жалб қилинган ҳолда воқеа жойи кўздан кечирилган.

Ўша куннинг ёзидаёқ ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди билан (ўғирлик: жуда кўп миқдорда) жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Озодлик” маълумотига кўра, иш куни тугаганидан кейин ошкор бўлган бу ўғрилик ортидан бўлим бошлиғидан то оддий қоровулга қадар тунда уйидан олиб кетилган ва 6 февраль куни уларнинг уйларида тинтув ўтказилган.

“Айтишларича¸ “Халқ банки”га бир неча кун олдин нақд доллар келган экан. Сейфда 180 минг нақд доллар бўлган¸ шундан 100 минги – 10 пачка юзталик ғойиб бўлган. Сейфнинг калити уч кишида – бўлим бошлиғи¸ бош ҳисобчи ва кассирда бўлган. Кассир аëл икки ҳафтадан кейин пенсияга чиқиши керак экан¸ пул йўқолганини шу аниқлаб¸ бошлиғига билдирган”¸ деган воқеа тафсилотидан билвосита хабардор ëзëвонлик тадбиркор “Озодлик” мухбирига.

Таъкидланишича¸ банк ичкариси¸ хусусан¸ нақд пул сақланадиган хонада ўрнатилган видеокамералар 2018 йилнинг октябрь ойида бузилган ва шундан сўнг уларни тузатишга ҳеч ким қизиқиш кўрсатмаган.

2019-02-08 10:59:39  |  1853 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация