Бош прокуратура раддияси: Нурхон Нафасов КМФдаги молиявий қинғирликларга доир жиноят иши фигуранти эмас
Миллий Олимпия қўмитаси айбсизлик презумпциясини бузгани учун танбеҳ олди, лекин зиддиятли мақола ташкилот сайтидан ўчирилмаган
Куни кеча сайтимизда Ўзбекистоннинг яқин ўтмишдаги машҳур каратэ устаси, Каратэ миллий федерацияси (КМФ)нинг собиқ раиси Нурхон Нафасовга қарши жиноят иши очилгани ҳақида хабар берган эдик.
Хабар Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) матбуот хизмати сайтида эълон қилинган «Нурхон Нафасовнинг кирдикорлари фош бўлди» номли мақолага таянилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бу маълумот юзасидан баёнот бериб, МОҚнинг бирёқлама ёндашувини “айбсизлик презумпциясини бузиш” дея баҳолади.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар прокуратураси ростдан ҳам Ўзбекистон Каратэ миллий федерациясининг қатор мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини олиб бормоқда. Аммо мазкур жиноят иши юзасидан аниқланган ҳолатлар бўйича бирор-бир шахс, хусусан Н.Нафасов гумонланувчи ёки айбланувчи тариқасида жалб қилинмаган.
«2019 йил 23 январда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг расмий сайтида «Нурхон Нафасовнинг кирдикорлари фош бўлди» номли хабар чоп этилди. Мазкур хабар бўйича Бош прокуратура матбуот хизмати шуни қатъиян маълум қиладики, қўзғатилган жиноят ишлари ва олиб борилаётган тергов ҳаракатлари юзасидан расмий маълумотлар фақатгина бу борада мутасадди тергов ва назорат қилувчи органлар томонидан берилади», дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, Бош прокуратура дастлабки терговнинг ҳолатлари ва унга жалб қилинган шахслар ҳақида кенг жамоатчиликка турли талқиндаги хабарларни тарқатиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида белгиланган айбсизлик презумпцияси қоидаларига зид ва бундай ҳолатлар ўзгаларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказиши мумкинлигини таъкидлаган.
Қизиқ жиҳати, Бош прокуратура танқидига қарамай, зиддиятли мақола МОҚ сайтида ҳануз сақланиб турибди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш