Руҳий бузилиши мавжуд шахсларни мажбурий даволашни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси рад этилди



 
  Расм манбаси : BBC Uzbek

Лойиҳа жиноий жазо тайинланган бундай шахсларга, жазо билан бирга мажбурий муолажа тайинлаш ва зарур назоратга олишни назарда тутади. Ҳужжат такомиллаштириш учун масъул қўмитага қайтарилди

Қонунчилик палатасида шахснинг ақли расоликни истисно қилмайдиган руҳий нуқсонлари аниқланган шахсларга нисбатан қўлланиши кўзда тутилган тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари ҳамда бундай чораларни қўллаш тартиби тўғрисидаги қонун лойиҳаси етарлича мукаммал эмас деб топилди ва рад этилди. Лойиҳа Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия кодексларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини кўзда тутади.

Президентнинг 2018 йил 16 мартдаги “Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан тайёрланган ушбу қонун лойиҳаси билан юқоридаги кодексларга ижтимоий хавфли қилмишларни содир этган, ақли расоликни истисно қилмайдиган руҳий ҳолати бузилганликдан азият чекувчи шахслар учун жазо билан биргаликда тайинланадиган тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тартибини белгилаш ҳамда мажбурлов чораларини ўташ тартибини аниқлаштиришга доир тегишли ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, қонун ҳужжатларида суд-психиатрия экспертизаси ўтказишда аниқланиши лозим бўлган масалалардан бири шахснинг ақли расоликни истисно қилмайдиган руҳий нуқсонлари бор-йўқлиги билан боғлиқ омилдир. Ҳозирги кунга қадар суд-психиатрия экспертизаси жараёнида ушбу тоифадаги шахслар аниқланишига қарамай, қонунчиликда уларга нисбатан ҳеч қандай мажбурий даволаш чоралари кўзда тутилмаган. Лойиҳанинг қабул қилиниши ақли расоликни истисно этмайдиган руҳий бузилишлари аниқланган, суд томонидан жазо тайинланган шахсларга нисбатан жазо билан биргаликда тайинланадиган тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ва уларни психиатр шифокорларнинг назоратисиз қолдирмасликка имкон беради.

Қонун лойиҳаси юзасидан кечган муҳокамалар жараёнида депутатлар ушбу ҳужжат инсон тақдирига дахлдорлигини инобатга олиб, қонун ташаббускорларига бир қатор ҳаётий саволлар билан мурожаат этди. Баҳс-мунозаралар якунида мазкур лойиҳани норма ижодкорлиги талабларига тўла жавоб берадиган қилиб янада пишиқ-пухта ишлаш таклифи илгари сурилди. Сўнг қонун лойиҳаси овозга қўйилди. Бироқ у етарлича овоз ололмади ва қайта ишлаш учун масъул қўмитага қайтарилди.

2019-01-08 12:40:25  |  2236 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация