Суд орқали ундириладиган солиқлар бўйича энг кам қарз 25 фоизга оширилди



 
  Расм манбаси : Sud.gov.kz

2019 йилда 1 013 700 сўмдан кам солиқ қарздорлиги учун жисмоний шахслар судга берилмайди

Президентнинг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ–4806-сон қарори билан ундирувни солиқ тўловчиларнинг мол-мулкига қаратиш учун солиқ бўйича қарзларнинг энг кам миқдорлари тасдиқланди, деб хабар беради Norma.

Юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор солиқлар ва (ёки) бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўламаган тақдирда солиқ органи 3 кун ичида қарзни сўндириш ҳақида талабнома юборади. Айни шу 3 кун ичида солиқ тўловчининг банк ҳисобларига инкассо қўйилади.

Агар талабнома олинган пайтдан бошлаб 10 кун ичида қарз узилмаган, банк эса ҳисобварақда пул йўқлиги сабабли инкассо топшириқномасини бажармаган бўлса, солиқ қарзи ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномаси асосида солиқ тўловчининг дебиторларидан (қарздорларидан) ундирилиши лозим. Бу ҳам натижа бермаса, солиқчилар юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг бошқа мол-мулки ҳисобидан қарзни сўндириш мақсадида судга мурожаат қиладилар.

Фуқаролар билан ундирув таомили осонроқ – дарҳол судга мурожаат қилинади.

Бироқ чеклов мавжуд: агар қарз муайян миқдорга етмаган бўлса, солиқ органлари судга даъво аризаси бера олмайди. 2018 йилда у юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмалари учун 20 ЭКИҲни, фуқаролар учун эса 5 ЭКИҲни ташкил этган. Аниқ пул суммасига қайта ҳисоб-китоб қилиш чоғида йил бошидаги ЭКИҲ – 172 240 сўм қабул қилинган. 2019 йилда Президент қарори билан ЭКИҲ индексацияланиши ҳисобига қайта ҳисоб-китоб қилинадиган суммалар белгиланди, бу қоиданинг амалда қўлланилишини осонлаштирди.

Ўсиш динамикаси қуйидагича кўриниш олди:

Солиқ кодексига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти юклатилган юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмалари учун:

2018 йилда энг кам қарз – 3 444 800 сўм

2019 йилда энг кам қарз – 4 054 600 сўм (+25 фоиз).

Жисмоний шахслар учун:

2018 йилда энг кам қарз – 861 200 сўм

2019 йилда энг кам қарз – 1 013 700 сўм (+25 фоиз).

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2018 йил 28 декабрдан кучга кирди.

2018-12-29 18:42:56  |  2064 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация