Порахўр ҳокимларни боғлаб турган омиллар нима эди?



 
  Расм манбаси : Корреспондент.net

Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусаматов йирик миқдорда - 400 минг АҚШ долларини пора тариқасида олаётган вақтида ушланди. Бу сизга бошқа ҳолатни ҳам эслатяптими? Самарқандда вилояти ҳокими лавозимида ишлаган Туроб Жўраев катта миқдордаги коррупция можаросига аралашиб қолганди. Кейинчалик, у ишдан олинди, Сенат Кенгаши Жўраевни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилди.

Авваллари Ўзбекистонда юқори мансабдор шахснинг коррупцияда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилгани кам кузатилган. Балки улар бўлгандир, лекин жамоатчиликка маълум қилинмаган. Шунга қарамай 2017-2018 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури амалда ўз натижасини беряпти, бунинг исботини эса матбуотда кўряпмиз.

International Financial Corporation ҳамда Жаҳон Банки 2013 йил тақдим этган ижтимоий сўровнома натижаларига кўра, 16 фоиз аҳоли у ёки бу ҳужжатларни расмийлаштиришда, айрим турдаги фаолиятни лицензиялаш учун ваколатли шахсларга пора беришини тан олган. 2017 йилда эса ўзбекистонликларнинг 57 фоизи мамлакатда коррупция бор, деб ҳисоблаган.

Улар адашмаган, жорий йилнинг 24 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 221-моддаси тартибида ушлангани ҳақида хабар берганди. Қодировга нисбатан «Товламачилик», «Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш», «Пора олиш» моддалари бўйича жиноят иши очилган. У Бош прокуратурани 15 йил давомида бошқарган ва 2015 йил апрель ойида ишдан бўшатилган. Қодиров иши доирасида жами 24 шахсга нисбатан айблов эълон қилинган ва улардан 21 нафари ҳибсга олинган.

Демак, порахўрлик «юқорида» мавжуд ва унинг томири чуқур илдиз отганки, ҳалигача порахўрларнинг қўлга олинганидан хабар топмоқдамиз. Эътиборли жиҳати шундаки, коррупцияда айбланган ҳар икки ҳоким ҳам инвесторга ер-майдон ажратиб беришни ваъда қилиб, пул олган. Туроб Жўраев ҳам, Бахтиёр Абдусаматов тансиқ ерларни пуллаш орқали, мўмай даромадга эришишни ўйлаганди. Бундан келиб чиқадики, Ўзбекистонда ер ва мулк ҳуқуқи жуда чалкаш, ерга эгалик қилиш қийин, уни сақлаб қолиш эса ундан ҳам мураккаб вазифага айланади.

Масалан, Қоракўл туманида «Дўрмон омад нури» кўп тармоқли фермер хўжалигига қарашли ер ноқонуний йўл билан олиб қўйилди. Иштихонда эса прокуратура аралашуви билан фермернинг ҳақига чанг солганлар жавобгарликка тортилди. Аммо, I гуруҳ ногирони Феруза Қўлдошева самарали меҳнати учун «Шуҳрат» медали билан мукофотланишига қарамай, тикувчилик устахонасидан айрилди. Эътибор қилсангиз, «дод-вой» қилганларнинг кўпчилиги мол-мулкидан, аниқроғи ердан ажраб қолган ёхуд ўша ер учун компенсация тўлаб берилмаган. Бўшаб турган ер эса айрим ҳокимларнинг мўмай даромад топиши учун осон йўл.

Нима қилмоқ керак? Ер-майдонни тадбиркорларга ажратиб бериш масаласини тартибга солиш, уни соддалаштириш керакми? Шу ўйлар билан янгиликларни кўздан кечирарканман, Ўзбекистон Президентининг «Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилингани эътиборни тортди. Унда айтилишича, 10 кунда камида бир марта жойлардаги давлат органлари ва ташкилотлари даражасида ҳал қилинмаган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга, тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётган мавжуд бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш комиссиянинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Бўш турган давлат мулки объектлари ва ер участкаларини ўрганиш ва аниқлаш ҳам асосий вазифалардан бири бўлди. Аммо, «ишбилармон» ҳокимлар қарордан ўз манфаати йўлида фойдаланиш имкониятини қидириб топмайдими? Бу ҳали даргумон. Асосий гап шуки, бўш турган ер участкаларини тадбиркорга бериш, шахсий мол-мулкни ҳимоя қилиш, бузилиши белгиланган объектларга фақат қонунда белгилангани каби муносабатда бўлиш талаб этилиши лозим. Агар айни механизмни соддалаштириб, электрон жадвал ишга тушмас экан, «қўлга тушган» ҳокимларнинг сафи кенгайиши, «ишни билганлар»и эса маблағни чўнтакка уравериши мумкин.

Алишер Рўзиохунов,

“Kun.uz”дан олинди.

2018-09-12 14:45:24  |  2124 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация