Урма, сўкма – тўнини йирт



 
  Расм манбаси : Sputnik Узбекистан

МЖтКга киритилган янги тузатишларга мувофиқ йўл қоидабузарлиги учун жарималар миқдори сезиларли даражада ошди, илгари жарима кўзда тутилмаган айрим бандларда ҳам «моддий таъсир чоралари» киритилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 12 сентябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2018 йил 27 сентябрда маъқулланган.

Мазкур Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир қатор моддаларига транспортдаги айрим ҳуқуқбузарликлар учун санкциялар оширилишини назарда тутувчи тузатишлар киритилди.

1. Транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш (МЖТКнинг 125-моддаси 1-қисми)

Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариш ва йўловчилар ташишда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига, худди шунингдек мотоцикл ва мопедлар ҳайдовчиларининг мотошлемлардан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги    эндиликда энг кам иш ҳақининг ½ қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Илгари бу миқдор ЭКИҲнинг 1/5 қисмига тенг эди.

2. Транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланиши (МЖТКнинг 128-1-моддаси)

Транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланганлиги учун жарима ЭКИҲнинг 2 бараваридан 3 бараварига оширилди.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, ҳуқуқбузарга ЭКИҲнинг 4 баравари миқдорида жарима ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 6 ойгача муддатга маҳрум этиш жазоси тайинланади. Эслатиб ўтамиз, аввалги таҳрирда жарима миқдори ЭКИҲнинг 3 бараварича эди, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш муддати эса ўзгартирилгани йўқ.

3. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши (МЖТКнинг 128-3-моддаси 3, 4, 5-қисмлари)

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини 40 км/с дан ортиқ катталикда ошириб юбориши учун жарима ЭКИҲнинг 9 бараварига кўтарилди (илгари 7 ЭКИҲ эди).

Мазкур модданинг 4-қисмида (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини 20 км/с дан ортиқ, лекин 40 км/с дан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши ёхуд транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини 20 км/с дан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши) таърифланган ҳуқуқбузарлик содир этилганида ЭКИҲнинг 15 бараварича жарима ундирилади ёки қоидабузар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йил муддатга маҳрум этилади.

Аввалги таҳрир билан солиштирганда бу банд бўйича жарима 5 ЭКИҲга ўсганини кўришимиз мумкин.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини 40 км/с дан ортиқ катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши ёки транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини 20 км/с дан ортиқ, лекин 40 км/с дан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши ёхуд транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат-тезлигини 20 км/с дан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун уч марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши илгари фақат 2 йилга «парава»ни олиб қўйиш билан жазоланган бўлса, эндиликда бунга ЭКИҲнинг 25 баравари миқдорида жарима ҳам қўшилди.

4. Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш (МЖТКнинг 131-моддаси)

Транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқарган ҳайдовчилар шу пайтгача транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йилу 6 ойдан 3 йилгача муддатга маҳрум этилган бўлса, тузатишларга мувофиқ, бу жазога ЭКИҲнинг 25 баравари миқдорда жарима ҳам қўшилди.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, 40 ЭКИҲ ёки 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ қўлланилади. Илгари мазкур ҳуқуқбузарлик жаримаси ЭКИҲнинг 30 баравари эди.

Алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст шахсга транспорт воситасини бошқаришни топширганлик илгари 15 ЭКИҲ жарима ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 2 йилдан 3 йилгача муддатга маҳрум этиш билан жазоланган бўлса, янги таҳрир бўйича ҳуқуқбузар 2 йилдан 3 йилгача муддатга «права»сидан маҳрум этилиши билан бирга 25 ЭКИҲ жаримага ҳам тортилади.

5. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши (МЖТКнинг 133-моддаси) ЭКИҲнинг 5 бараваридан 7 бараваригача жарима ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 1 йилдан 3 йилгача муддатга маҳрум этиш билан жазоланади. Шу пайтгача бундай ҳуқуқбузарлик учун белгиланган жарима миқдори 3-5 ЭКИҲни ташкил қилган.

6. Ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши (МЖТКнинг 134-моддаси)

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситалари, йўл ҳаракатини тартибга солувчи воситалар ёки бошқа мол-мулк шикастланишига олиб келса, лекин анча миқдорда моддий зарар етказмаса, 2 ЭКИҲдан 4 ЭКИҲгача жарима ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 6 ойдан 1 йилгача муддатга маҳрум этиш жазоси тайинланади. Аввалги таҳрирда жарима миқдори ЭКИҲнинг 1 бараваридан 2 бараваригача эди.

7. Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши (МЖТКнинг 135-моддаси)

Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик ҳақидаги, шунингдек транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси (МЖТК 1351-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно), қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса лицензия карточкаси ёки йўл варақаси ёнида бўлмаган ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариши, худди шунингдек ишончномаларни, транспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ва ижарага бериш шартномаларини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказмасдан (ҳисобга қўймасдан) транспорт воситаларини бошқаришининг жаримаси ЭКИҲнинг ½ қисмидан 1 бараварига оширилди.

Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг шу воситаларни бошқариши, худди шунингдек бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга транспорт воситаларини бошқаришнинг топширилиши учун эса ЭКИҲнинг 5 баравари миқдорида (илгари 3 баравар эди) жарима ёзилади.

Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг бундай воситаларни бошқариши ЭКИҲнинг 10 баравари миқдорида жарима солишга асос бўлади. Яъни, бу банд бўйича жарима икки бараварга оширилган.

8. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши (МЖТКнинг 136-моддаси 1-қисми)

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлиги ёки маст эмаслигини белгиланган тартибда аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши илгари фақат транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йилу 6 ойдан 3 йилгача муддатга маҳрум этиш билан жазоланган бўлса, янги таҳрирда бу жазога ЭКИҲнинг 15 баравари миқдорда жарима ҳам қўшилди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу тузатишлар 2018 йил 23 октябрдан кучга кирган.

Norma.uz материали асосида тайёрланди.

2018-10-24 18:31:10  |  2533 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация