Бош прокуратура пахта топширишдаги қаллобликларни аниқлади
Шофиркон туманидаги «А» фермер хўжалиги трактор ҳайдовчиси Т.Қ. фермер хўжалиги мансабдор шахслари билан олдиндан тил бириктириб, тиркама оғирлигини сунъий равишда ошириб, ҳақиқатда топширилмаган 1,6 млн. сўмлик 460 кг. пахтанинг ортиқча ҳисоблаб ёзилишига эришган.
Бу Бош прокуратура туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбир чоғида аниқланди.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу ҳолат асосида олиб борилган суриштирувларда «А» фермер хўжалиги мансабдор шахслари тиркама оғирлигини сунъий равишда ошириш йўли билан 2018 йилги пахта ҳосилидан аслида топширилмаган жами 21,4 млн. сўмлик 4236 кг. пахта хом ашёсини «Шофиркон пахта тозалаш» АЖ балансига ноқонуний ўтказганлиги ҳам ойдинлашган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан «А» фермер хўжалиги мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш