“Ўзбекистон суд тизимини мустақил деб бўлмайди” – БМТ эксперти
Ташқи аралашувлар Ўзбекистонда суд ҳокимияти холислигининг шарти – унинг ҳокимиятнинг бошқа тармоқларидан мустақиллигига путур етказмоқда. Мамлакатимиз ҳукуматининг таклифига кўра ўтган йили сентябрда Ўзбекистонда бўлган БМТнинг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Сайян шундай хулоса қилган. Кеча у БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида ўз маърузасини тақдим этди.
БМТ эксперти президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва раҳбарлигида олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларига баҳо бериши учун таклиф қилинган эди.
БМТ Махсус маърузачиси Судьялар олий кенгаши ташкил қилинганини, суд тизимининг қайта тузилишини, шунингдек судьяларни танлаш ва тайинлаш тартиб-таомиллари жорий этилганини ижобий қадамлар сифатида қайд этди. Бироқ, ушбу чораларга қарамай, экспертнинг фикрича, Ўзбекистон суд тизимини мустақил деб бўлмайди, зеро: “давлат ҳокимияти органлари, хусусан Президент суд тизимини ташкил қилиш ва унинг фаолият юритиши билан боғлиқ муҳим функцияларни сақлаб қолмоқда”.
Диего Гарсия-Сайянга кўра, Ўзбекистонда прокуратура жиноят ишларида ва умуман назорат фаолиятида ҳаддан ортиқ ваколатларга эга. “Жиноят ишларини судда кўриш жараёнида якуний қарор матнини тузишда прокуратурадан судга материаллар билан бирга жўнатиладиган айблов хулосаси матнидан тез-тез фойдаланилади”, дейилади маърузада.
Эксперт суд раисларига ҳам ҳаддан ортиқ ваколатлар берилган, деб ҳисоблайди, ва улар “қуйи инстанция судларида жиноят ишларининг кўрилишига аралашиши, судьялар кўрсатма бериши ва ундан ишларнинг кўрилиши юзасидан ҳисоботлар талаб қилиши мумкин”. Махсус маърузачининг таъкидлашича, ҳукумат нечоғли ишонтиришга уринмасин, “телефон ҳуқуқи” амалиёти, яъни ўз манфаатига мос қарор чиқартириш мақсадида судьяга босим ўтказиш ҳолатлари ўтмишда қолгани йўқ.
Шу билан бирга, БМТ экспертининг қайд этишича, мамлакатда адвокатлар етишмайди, айниқса вилоятларда; адвокатлар эса ўз ҳимоялари остидаги шахслар билан мулоқот қилишда ҳамон тўсиқларга дуч келишади, хусусан, судгача қамоқда сақлаш муассасаларида.
Диего Гарсия-Сайян 2019 йил 19 — 25 сентябрь кунлари Ўзбекистонда бўлган эди. У президент Мирзиёев, вазирлар, Бош прокурор ҳамда Олий суд раиси, парламент вакиллари билан, шунингдек фуқаролик жамияти вакиллари — адвокатлар, ҳуқуқбонлар, олимлар билан учрашувлар ўтказган.
Маърузада маълум қилинишича, фуқаролик жамияти вакилларидан айримлари “у билан учрашишдан олдин ёки кейин турли шаклда кузатув остига олинган ва сўроқ қилинган” экан. Гарсия-Сайян бу хатти-ҳаракатларни катта эҳтимол билан давлат хавфсизлик хизматлари томонидан содир этилган “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорлик қилган ва ҳамкорлик қилишга интилаётганларни қўрқитиш ва таъқиб қилиш актлари” сифатида талқин қилмоқда.
БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида аёлларнинг ролига ҳам алоҳида тўхталган. У гендер тенглие ва аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунлар қабул қилинишини олқишлаган ҳолда, аёл судьялар сонининг ортиши ушбу қонунларни амалиётга муваффақиятли жорий этишга ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлаган. Унга тақдим этилган маълумотга кўра Ўзбекистондаги 1038 нафар судьядан атиги 129 нафари (12,4 фоизи) аёллардир. Жиноят ишлари бўйича судлар ва маъмурий судларда уларнинг салмоғи умумий миқдорнинг салкам 8 фоизини ташкил этади.
“Самарадор, мустақил ва бетараф суд тизими ҳуқуқ устуворлиги ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашда ўта муҳим аҳамият касб этади”, дея қайд этади Диего Гарсия-Сайян ва суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг бошқа органларидан том маънода мустақил бўлиши, судьялар, прокурорлар ва адвокатлар ўз касбий фаолияти билан ҳеч бир аралашув ва босимларсиз шуғулланишига эришиши учун Ўзбекистон ҳали кўп ишларни амалга ошириши зарурлигини айтади.
Маърузада Ўзбекистон ҳукуматига қатор тавсиялар берилган.
3 изоҳлар
1.Munisaxon
Toshmatova
2.Абдурасулов Файзулла Бердикулович
Адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси масалаларига умуман эътибор қаратилмаяпти, ҳатто БМТ доирасида ҳам
3.Каландаров Комилжон,адвокат
Гап энди бу тавсияларнинг Хукумат томонидан бажарилишида.Палата томонидан тайерланган конун лойихалари хали хам жамоатчилик мухокамасига куйилмади.Вакт эса утиб бормокда.
Изоҳ қолдириш