Суд раислари журналистларга ахборот берди



 
  Расм манбаси : ЎзА

Самарқанд вилояти матбуот уйида ўтказилган брифинг чоғида вилоятдаги суд раислари жорий йилнинг тўққиз ойидаги фаолияти бўйича ОАВга ахборот берди.

Жумладан, жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди раиси О.Ҳайитовнинг қайд этишича, жиноят ишлари бўйича вилоят, туман, шаҳар судлари томонидан ҳисобот даврида 4084 нафар шахсга нисбатан 3256 та жиноят иши кўриб, тамомланган. Тамомланган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 828 та, шахслар сони эса 2243 нафарга камайган. Жиноят ишларининг 1544 таси сайёр суд мажлисларида кўрилган. 755 та жиноят иши тарафлар ярашгани муносабати билан тугатилиб, 840 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинган. Вилоят судининг биринчи босқичида 1 та жиноят иши бўйича 5 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, барча инстанцияларида 31 нафар шахс оқланган, деб хабар беради ЎзА.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раиси ўринбосари Б.Норов ҳисобот даврида 18 минг 840 та фуқаролик иши кўрилганини маълум қилди. Бу рақам ўтган йилнинг шу даври билан қиёслаганда, 3990 тага камайган. Кўрилган ишларнинг 16 минг 879 таси юзасидан ҳал қилув қарори чиқарилиб, 14 минг 249 та даъво қаноатлантирилган, 2630 таси эса рад этилган. Никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 368 тага кўпайиб, 4441 тани ташкил этган. Лекин даъво қаноатлантирилган қарорлар 2421 та бўлиб, аввалги йилга қиёслаганда 156 тага камайган, 234 оила яраштирилган.

– Йилнинг тўққиз ойида кўриб тамомланган 22 минг 940 та маъмурий иш бўйича 26 минг 109 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўллаш ҳақида қарор чиқарилган, – деди Самарқанд вилояти маъмурий суди раиси Б.Диёров. – Жумладан, 18 минг 34 нафар шахсга нисбатан жарима жазоси, 5минг 125 кишига муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 2 минг 581 шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган. Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқаришга оид 5379 маъмурий иш бўйича 5479 нафар шахс жавобгарликка тортилди. Шунингдек, транспорт воситаларининг белгиланган ҳаракат тезлигини оширгани учун 1055 нафар ҳайдовчи жарима тўлашга мажбур бўлди. Умуман, ҳисобот даврида вилоятдаги маъмурий судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича 11 миллиард 815 миллион сўмдан ортиқ жарима жазоси тайинланиб, 9 миллиард 637 миллион сўмнинг ихтиёрий тўланишига эришилган.

Самарқанд вилояти иқтисодий суди раиси М.Бозоровнинг ахборот беришича, жорий йилнинг тўққиз ойида вилоят ва туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларига 35 минг 356 та даъво аризаси келиб тушган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7744 тага кўп, демакдир. Кўриб чиқилган 26 минг 649 та иқтисодий ишлар бўйича даъвогарлар фойдасига 411 миллиард 443 миллион сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган.

Ўтган даврда энг кўп иқтисодий ишлар Пастдарғом тумани иқтисодий суди (5525 та), Каттақўрғон (4642 та), Пайариқ (4253 та), Жомбой (3673), Тайлоқ (3563) туманлараро иқтисодий судлари томонидан кўриб, ҳал этилган.

2018-10-23 18:11:12  |  2307 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация