Сув келтирган хору кўза синдирган азизми?
Ёзмишимизга жимжимадор «кириш сўзи» шартмикан? Йў-ўқ, шартмас.
Гапнинг индаллосики, бешта тадбиркорлик субъектининг кейинги фаолияти катта сўроқ остида турибди. Бу юзга яқин иш ўрни йўқолиши хавфини юзга келтираётир.
Муаммо нимада? Жавоб оддий: алдовда, ёлғонда, кўзбўямачилиг-у томошабинликда!
Воқеликни ёйиброқ тушунтирсак: 2014 йилнинг ёзи. Қурилиш ашёлари ишлаб чиқариш учун қулайроқ жой қидириб юрган тадбиркор Абдураҳмон Узоқовни қисмат Учтепа тумани, Саноат ҳудуди, ТҲАЙ 11-манзилда жойлашаган «Avto Trans Gaz Sanoat» МЧЖ раҳбари О.Жуманазаровга йўлиқтиради. МЧЖ раҳбари тадбиркорнинг мақсад-муддаосини хўб маъқуллади. Ва МЧЖ ҳудуди ҳисобланган чиқиндилар уюлиб-уюлиб ётган 2 гектар атрофидаги ер майдонини кўрсатади: мана жой!
Таклиф этилмиш ернинг «турқи-таровати»дан кўнгил ағдариларди. Бироқ юракда иштиёқ, билакда кучи бор одам хароботни обод қилмаса, тадбиркор бўптими?! Хуллас, келишиладики (оғзаки), тадбиркор енг шимариб ишни бошлайверади, қурилишни якунлаб, ростмона фаолият юритишга тушгач, ўзи тиклаган бинони аввал ижарага, сўнг қонун кўтарадиган тарзда сотиб олади... Энсангиз қотди-а: «Иби, тадбиркор нега ўзи қурган иншоотни аввалига ижарага олиши керак?» Тўғри савол, аммо биз ҳам алаҳсираётганимиз йўқ. Чунки, қонунга кўра қуруқ ерни олди-сотди қилиб бўлмайди. Бунинг учун ер бетида ҳеч-йўғи қўққайган бир нима бўлиши керак-да...
Алқисса, Абдураҳмон Узоқов «бисмилло» деб енг шимарди.
Салкам икки гектар ахлатхонани «одам» қилмоқ осонми?! Тозалашнинг ўзи эндигина катта иш бошида турган бир тадбиркорнинг белини чиқармоққа етиб-ортар?! Шу боис А.Узоқов ўзига ўхшаш тадбиркорларга тавсия қилди: «Шаҳар четироғида шунақа-шунақа ер майдони бор, озроқ риёзат чекилса, ишлаб чиқариш учун хўб мақбул жой экан-да!» Шу тариқа ёнига битта, иккита, учта... хуллас, ўнга яқин тардбиркор қўшилди. Юзлаб машина ахлат ташилди, чиқиндилардан бўшаган ер майдони оғир техникалар ёрдамида текисланди, электр, газ, сув тортиб келинди... Хуллас, хароботхона обод бўлиб, ҳар бир тадбиркор ўз ишлаб чиқаришига монанд бино-иншоот тиклагунча 2016 йил эшик қоқди... Бу ёғига амалда бажарилган ишларни ҳужжатда акс эттириш қолди, холос. Яъники, аввалига ижара, сўнг «олди-сотди»...
Бироқ иш «олди-сотди»гача етиб бормади. «Avto Trans Gaz Sanoat» раҳбари О.Жуманазаров, жуда юмшоқ айтганда, номардлик қилди: тадбиркорларнинг маблағи ва меҳнатига барпо этилган бино-иншоотларни пинҳона «Kafil Sugurta» МЧЖга сотиб юборди!.. Пинҳона демоққа асос етарли. Қаранг: «Avto Trans Gaz Sanoat» МЧЖ қатор тадбиркорлар билан 2016 йилнинг 1 май санасида ижара шартномаси тузишмоқда. Амалда эса у ўша бино-иншоотлар ўн икки кун аввал, 2016 йилнинг 18 апрель куни «Kafil Sugurta» МЧЖга сотиб бўлган экан?!
Бозордан ҳатто икки кило картошка у ёқ-бу ёғига қараб олинади: чириги йўқми, сўлиганларини тиқвормадими, деган ўйда. «Kafil Sugurta»ни эса иншоотлар МЧЖ балансида акс этган-этмагани қизиқтирса, қани?! Кадастр идораси иншоотларни ноқонуний қурилма, деган шаҳодатиданам хавотирга тушмагани-чи?!
Албатта, тадбиркорлар бунақанги номардликка жим қараб туришмади. Ғавғо кўтарилгач, «Avto Trans Gaz Sanoat» МЧЖ раҳбари О.Жуманазаров уларни «янги соҳиб» — «Kafil Sugurta» МЧЖ директори Ф.Артиқов ҳузурига олиб борди: оғажонлар, мулк бу кишимга ўтди, бироқ келишув ўша-ўша...
Тадбикорлар нима қилсин? Судлашсинми ёки муросаи мадора? Иккинчи йўлни танладилар. «Вақтинг – нақдинг!» деган ҳикмат бежизга эмас. Айниқса, тадбиркор қавми учун! Судда сарғайганда кўра, муроса маъқул-да. «Собиқ соҳиб» лафзини булғади, «янги соҳиб» бунчаликка бормас?..
Бахтга қарши, тадбиркорлар яна алданди: «Kafil Sugurta» МЧЖ, қорлар ёғиб, излар босилаёзгандан сўнг, 2018 йилнинг февралида бино ва иншоотларни «Kichik sanoat markazi» МЧЖга сотиб юбориш ҳаракатига тушади. Тадбиркорлар бундан воқиф бўлиб, тўполон кўтаргач, тайёр «келишув» охири етмай қолди...
Мулкни қўлдан қўлга ўтказишга ҳаракат – уни (мулкни) бегоналаштиришни англатади. Натижада, охирги харидор қонунда кўрсатилган «инсофли эгалловчи» мақомига эришадики, қани, биров «ғиринг» деб кўрсин?!
Қонунларимиздан айланинг – қонунларимиздан ўргилинг: йўриғи топилса, шунақа, аслида «инсофсиз эгалловчи»ни бир думалатиб, «инсофли эгалловчи»га айлантириб қўяди?! Ана, «Kafil Sugurta» МЧЖ мол-мулкларни «Kichik sanoat markazi»га сотмоқчи эди, бироқ «ўхшамади», шунга қарамай ортга чекингани йўқ. Шартта ўша бино-иншоотларни 30 (ўттиз) фоиз улуш тариқасида «Kichik sanoat markazi» МЧЖ таъсисчиси биқинига кирволди – вассалом! Яъни «сотувчи»лиги ўхшамаганди, «таъсисчилиги» ўхшади: қўйлар омон, бўрининг ҳам қорни тўқ!
Бу ҳали ҳаммаси эмас, «ўйин» давом этди: бино-иншоотлар улуш шаклида «Kichik sanoat markazi» МЧЖга ўтказилгач, маълум фурсатдан сўнг «Kichik biznes markazi» деган яна бир МЧЖга сотилди. Навбатдаги «соҳиб» ишни янаям пухта қилди: иншоотларни гаровга қўйиб, банкдан кредит олволди... Шу тариқа бировнинг пулига қурилган бино-иншоотлар «қонуний» ўзлаштирилди гўё. Банкдан кредит олиниши эса бино-иншоотларни маълум вақт «қимирламай туришига» хизмат қилишини англаб етган бўлсангиз керак?!
Қойилмисиз?..
Яна қойилки, бу бино-иншоотларнинг «янги ва янги хилма-хил соҳиблари» бўлмиш хўжалик юритувчи субъектларнинг номланишига бориб тақалади: «Kichik sanoat markazi», «Kichik biznes markazi»... Бундай ном билан бир ўқдан камида икки қуённинг оёғи осмондан келади: МЧЖларнинг «эгизак номи» жилов битта қўлда эканини англайсиз. Айни пайтда «Kichik biznes markazi» МЧЖ раҳбари ва таъсисичиси Ўткир Исақов ҳисобланади. Бино-иншоотларнинг аввалги «эгаси» – «Kichik sanoat markazi» МЧЖнинг таъсисчиси ва раҳбари расман бошқа шахслар кўрсатилган эса-да, унинг давлат органларида рўйхатдан ўтказилган ҳужжатнинг «алоқа-боғланиш» графасида Ў.Исақовнинг уяли телефон рақами турибди: +99891....0909! Эндиям «эгизак» МЧЖларнинг соҳиблари бир-бирига бегона, деб кўринг-чи?!
Иккинчидан, кечаги хароба, бугун обод жойда ўнлаб тадбиркорлар ишлаб чиқариш билан шуғулланаётганини, боз бу жой «Kichik biznes markazi» деб аталишини кўрган одам чиқиндихонани шундай масканга айлантирган мутасаддиларга раҳматлар айтиши мумкин. Аслида-чи? Бу жойни обод қилган тадбиркорлар, «соҳиби»нинг жарангдор «номи»идан бошқа «ҳиссаси» йўқ даражада. Вазият шунга олиб келиндики, бу масканда тескари тадбиркорлик иззатда, чин тадбиркорлар ғурбатда! Халқ ҳикмати билан айтсак, сув келтирган хору кўза синдирган азиз!
Таъкидлаш керак, «соҳиби мулк» тадбиркорларни калтак олиб қуваётгани йўқ. Қувса, ўзларига зарар эканини билмайдиган аҳмоқ эмас-да. Ижара шартномаси таклиф этишаётирки, нархи вақт-фурсатга қараб кўтарилиб бораверади. Таклифга кўнганлар ўз ҳисобига қурган иншоотларни ижарага олиб ишлашяпти. Бошқа чора йўқ, шунга мажбур. Фақат бештасигина ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиш билан овора. Булар:
1. «Якка тартибдаги тадбиркор Мансур Отажонов» – (тахтага ишлов-шакл бериш билан шуғилланади, 20 нафарга яқин ишчиси бор);
2. «Integral Memor Qurilisn» хусусий корхонаси – (бетон-плита, брусчатка ишлаб чиқаради, 30 нафар нари-берисида ишчига эга);
3. «Orginal Gold Business» хусусий корхонаси – (пилорама, яъни ёғочга шакл беришга ихтисослашган цех, 15-20 нафар атрофида ишчининг қозони шу жойдан қайнайди);
4. «Well Concrete» МЧЖ – (брусчатка ишлаб чиқаради, мавсумда 60 нафаргача одам иш билан банд бўлади);
5. «Bisnes Prof» МЧЖ – (брусчатка ишлаб чиқаради, чоғроқ ишхона, аммо камида 10 нафар бекорчини ишли қилиш имконияти мавжуд)...
Рўйхати келтирилган «закўн»чилар шикоят ёза-ёза узоққа бормаслигининг эҳтимоли юқоридай. Рост-да, «ёзғувчилар»га кимнинг тоқати бор? «Мулкдорлар» эса ўзганинг ҳисобига қурилган бино-иншоотларни қўлма-қўл қила-қила, қонундан либос кийдиришаёзди. Беш тадбиркор қаерга дод деб боришмасин, бу «либос» этагидан кўтарадиган мард чиққани йўқ ҳали. Прокуратурага арзи-дод қилишганди. Тошкент шаҳар прокуратураси масъуллари вазиятни ўрганишгандай бўлди, тадбиркорлар ноласида асос борлигига ишонишди, аммо қуввати томонларни муроса қилишишга тавсия беришга етди, холос. Натижа чиқмагач (бир неча бор оғзи куйганларда ишонч қоптими?!), қонунлардан қулоч-қулоч иқтибос келтириб, ниҳоясида «...судга мурожаат этинг» мазмунидаги жавоб битиш билан чекланишди. Ҳолбуки, муаммо ҳалол ва холис терговолди суриштирув талаб этади. Сал олдинроқ порталга юборилган шикоят Савдо-саноат палатасига келиб тушган экан. Палатанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг жавоби эса прокуратураникидан са-ал фарқ қилади, лекин пировард-мазмун бир хил: судга...
Юқоридаги баёнларни ўқиб, Президентнинг куйиб-пишиб, такрор-такрор айтган гаплари қулоғингиз остида жаранглаётган бўлса керак: «Иккита иш ўрни яратган тадбиркорни, керак бўлса, бошимга кўтараман!». Тадбиркорлар ҳуқуқи ҳимоясига масъул-у мажбур органларнинг мутасаддилари-чи?! Қулоқ остидаги жарангларга қарамай, юзга яқин иш ўрни яратган тадбиркорлар оёқ-ости бўлаётганини кўриб, қуруқ «тушунтириш»дан нарига ўтмайдими?
Ўтолмайдими?
Турсунали АКБАРОВ,
журналист
("Xabar.uz"дан олинди).
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш