6 яшар қизалоғини сотмоқчи бўлган аёл 5 йилга қамалди



 
  Расм манбаси : Medium

Ғиждувонлик Ш. Суннатова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) олти йилга озодликдан маҳрум этилди. У ўзининг олти яшар қизини 2 миллион 100 минг сўмга сотаётган пайтда жиноят устида қўлга олинган эди.

– Ғиждувон туман халқ таълими бўлимидан менга қўнғироқ қилишди, – дейди суддаги кўрсатмасида жабрланувчи Ж. Боймирзаев. – Қизим А. Ёрқулова болалар уйига топширилгани, хоҳласам ўзимнинг қарамоғимга олишим мумкинлигини айтишди. Шундан сўнг мен тезда ҳаракатга тушдим, қизимни уйга олиб келдим. Эшитдимки, собиқ хотиним қизим Азизани 2 миллион 100 минг сўмга сотаётган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинган экан...

Жасур билан Шоҳиданинг никоҳ тўйи 2010 йилда бўлиб ўтади, 2011 йилда эса, улар оиласида қизлари Азиза дунёга келди. Ўзаро келишмовчиликлар сабабли 2014 йилда Жасур билан Шоҳида қонуний тартибда ажрашишди. Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг қарорига асосан Ж. Боймирзаев вояга етмаган фарзанди Азиза учун алимент пули тўлай бошлади.

Шоҳида турмуши бузилгач, қизи билан ота-онасиникида яшай бошлайди. Аммо унинг қадам олиши уйдагиларга маъқул тушмагач, яна келишмовчилик келиб чиқади. Оқибатда Шоҳида ота-онасининг уйидан ҳам чиқиб кетади. Шундан сўнг у қизи билан Ғиждувон туманининг турли манзилларида яшаб юра­ди. Қизини энагага топшириб, ўзи ошхоналарнинг бирида ишлай бошлайди. Шу орада хорижга чиқиб, ишлаб келиш ҳақида ўйлай бошлайди, аммо қизи Азиза қўл-оёғини ипсиз боғлаб тургани аёлга ёқмайди.

Ана шундай кунларнинг бирида фарзанд кўролмай, тирноққа зор бўлиб юрган Толиб Суюновни учратиб қолади. Т. Суюнов Азизани кўриб, уни боқиб олишга розилик билдиради ва бола учун қанча пул бериши кераклигини сўрайди. Бунга жавобан Шоҳида хорижга ишлашга бориши учун йўлкирага 250 АҚШ доллари берса, кифоя эканини айтади. У қизини Навоий шаҳридаги Фарҳод маданият саройининг орқа томонидаги боққа олиб келиб, унга топширишини билдиради.

Ўша куни Шоҳидага Ш. Арзиев деган таниши ҳамроҳ бўлди. Уларни Толиб Суюновнинг таниши Нозима Назарова кутиб олади.  Шундан сўнг Шоҳида билан Нозима бир-бирларига Азиза Ёрқуловани олганлик ва топширганлик ҳақида тилхат ёзиб беришди. Шунингдек, Шоҳида Н. Назаровадан боласи эвазига пули сифатида 2 миллион 100 минг сўм олгани ҳақида ҳам тилхат ёзиб берди. Шунингдек, у яна 250 АҚШ доллари беришга розилик билдиради. Ишлар пишгандек эди гўё... Аммо воқеа жойига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари етиб келишди. Шу тариқа Ш. Суннатова ўзига моддий, оилавий жиҳатдан қарам ва ожиз аҳволда бўлган вояга етмаган фарзандини сотаётган вақтда холислар иштирокида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Суд судланувчиларни Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми "а" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди ва Ш. Суннатовани олти йил, Ш. Арзиевни эса, беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

2018-10-07 15:59:07  |  2155 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация