Иқтисодий процессда адвокат учун ишончнома зарур(ми)?



 
  Расм манбаси : Иллюстратив сурат

Иқтисодий судларга даъво ариза, ариза ва далиллар тақдим этиш, низо доирасида турли мазмундаги илтимосномалар билан мурожаат қилиш, даъвони исботлаш ва унга қарши эътироз билдиришда вакиллик институтининг аҳамияти юқори.

Шартнома бўйича вакиллик қилиши мумкин бўлган тоифалардан бири ҳисобланган адвокатларнинг ўз хизмат вазифаларига профессионал ёндашиб, суд мажлисларида малакали иштирок этиши суд жараёнларининг жозибадорлигини оширади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 116-моддасига кўра тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг иш тартиби қонун билан белгиланади.

Таъкидлаш ўринлики, ўз устида доимий ишлайдиган, билимли, тажрибали ва низонинг моҳиятига нисбатан тўғри позиция танлай оладиган адвокатларнинг профессионаллиги даъво аризасини процессуал жиҳатдан тўғри расмийлаштириш, даъвонинг асоси ва предметига нисбатан аниқ ёндашиш, илтимосномалар билан мурожаат қилиш, даъвони асослаш ёки унга қарши эътироз билдириш каби ҳаракатларда кўринади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (ИПК) 61-моддасида судда вакил сифатида ишларни юритиш бўйича профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкинлиги бежизга назарда тутилмаган, албатта.

Бироқ тан олиш лозимки, бугунги кунда иқтисодий суд ишларини юритишда адвокатнинг иштироки масаласида айрим мунозарали ҳолатлар мавжудки, мақолада шу хусусда сўз юритишни лозим топдик.

Чунончи, суд мажлиси жараёнида айрим ҳолларда адвокатлар суд муҳокамасида иштирок этиш учун процессуал ваколатлари борлигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида фақатгина адвокатлик ордерини тақдим қилиб, барча ҳуқуқ ва ваколатлар адвокатлик ордери билан берилганлиги маълум қилишади. Бунинг учун муайян асослар бор, албатта. Чунки жиноят ишларида иштирок этганда мазкур ордернинг тақдим қилиниши етарли эканлигини кўришимиз мумкин.

Хўш, адвокат учун иқтисодий иш юритишда барча процессуал ваколатлар адвокатлик ордери билан бериладими ёки унга қўшимча равишда ишончнома расмийлаштирилиши зарурми? Агарда зарур бўлса, унинг адвокат учун қанчалик аҳамияти бор? Адвокатдан иқтисодий суд иш юритувида адвокатлик ордери билан бир қаторда ишончнома ҳам сўралиши унинг профессионал фаолиятига ва эркинлигига салбий таъсир кўрсатмайдими?

Қуйида ана шу саволларга атрофлича ва холисона жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Дарҳақиқат, Жиноят-процессуал кодекснинг 49-моддасида ҳимоячи гумон қилинувчиларнинг, айбланувчиларнинг, судланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қонунда белгиланган тартибда ҳимоя қилишни амалга ошириш ҳамда уларга зарур юридик ёрдам кўрсатиш ваколатига эга бўлган шахс эканлиги, ишда ҳимоячилар сифатида адвокатлар иштирок этишлари мумкинлиги, адвокатнинг ишда иштирок этишига у адвокат гувоҳномасини кўрсатганидан ва муайян ишни юритишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ордерни тақдим этганидан кейин йўл қўйилиши назарда тутилган бўлиб, бу адвокатларга жиноят ишини юритишнинг исталган босқичида ҳимоячи сифатида иштирок этиш механизмини соддалаштириш йўли билан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш имконини беради ҳамда ҳимоя остидаги шахсни бўлиши мумкин бўлган турли кўринишдаги тазйиқ ва босимлардан сақлаб қолади. Шунингдек, маълум бир тоифадаги ишлар борки, мазкур ишларда ҳимоячининг ишда иштирок этиши шартлиги жиноят-процессуал қонунчиликда алоҳида белгиланган.

ИПК 61-моддасига мувофиқ, агар қонунда бу бевосита назарда тутилмаган бўлса, қуйидагилар шартнома бўйича (ихтиёрий) вакиллар бўлиши мумкин:

1) адвокатлар;

2) юридик шахсларнинг ходимлари – шу юридик шахсларнинг ишлари бўйича;

3) нотижорат ташкилотларининг ваколатли вакиллари – шу ташкилотлар аъзоларининг ишлари бўйича;

4) қонунда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилган нотижорат ташкилотларининг ваколатли вакиллари;

5) биргаликдаги процессуал иштирокчилардан бири бошқа биргаликдаги иштирокчиларнинг топшириғи бўйича;

6) ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосига биноан суд томонидан рухсат берилган бошқа шахслар.

Судда вакил сифатида ишларни юритиш бўйича профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин.

Юқоридагилардан кўринадики, жиноят-процессуал қонунчиликдан фарқли равишда иқтисодий-процессуал қонунчиликда адвокатнинг иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиши мажбурий эканлиги назарда тутилмаган ва у ихтиёрийликка ҳамда тарафларнинг хоҳиш-иродасига асосланади.

Ишончноманинг расмийлаштирилганлиги адвокатга уни вакил қилган шахс номидан қандай процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқи берилганлигини ҳамда судда иш юритиш ваколатлари мавжудлигини кўрсатади. Хусусан, ИПК 62-моддасида вакилнинг (эътиборли жиҳати, адвокатлар ҳам иқтисодий суд мажлисларида вакил сифатида иштирок этади) судда иш юритишга доир ваколатлари қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада кўрсатилган бўлиши кераклиги қайд этилган.

Мисол учун, иқтисодий иш муҳокамаси жараёнида даъвогарнинг жавобгарга нисбатан қарздорлик суммасини ундириш тўғрисидаги даъвосидан воз кечиш тўғрисида адвокат томонидан имзоланган ариза тақдим қилинганда суд авваламбор мазкур вакилда даъводан воз кечиш ваколати ишончномада махсус назарда тутилган ёки тутилмаганини текширади. Агарда ишончномада адвокатга мазкур ваколат берилган бўлса, ариза ваколатли вакил томонидан берилган ҳисобланиб, мазмунан кўриб чиқилади, агарда ушбу ваколат берилмаган бўлса, аризани қаноатлантириш рад қилинади. 

Худди шунингдек, даъво аризасини имзолаш, ишни ҳакамлик судига топшириш, даъво талабларидан қисман ёки бутунлай воз кечиш ва даъвони тан олиш, даъво предметини ёки асосини ўзгартириш, келишув битими, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув ёки медиатив келишувни тузиш, ваколатларни бошқа шахсга топшириш (ишониб топшириш), суд ҳужжати устидан шикоят қилиш, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризани имзолаш (суд ҳужжатининг мажбурий ижро этилишини талаб қилиш, ундирилган мол-мулкни ёки пулни олиш мустасно) каби ваколатлар ишончномада махсус назарда тутилган бўлиши лозимлиги ИПКнинг 63-моддасида назарда тутилган.

Бундан ташқари, ИПКнинг 62-моддасида шартнома бўйича вакил сифатида ҳаракат қилувчи шахс (бундан адвокат мустасно) ишончномадан ташқари судга шартнома бўйича вакил мақомини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши белгиланганлиги ҳам вакил сифатида суд муҳокамасида иштирок этаётган адвокат томонидан ишончнома тақдим этилиши шартлигини билдиради.

Ушбу ҳолатда адвокат шартнома бўйича вакил сифатида ҳаракат қилганда юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома)ни тақдим этиши шарт эмаслиги белгиланмоқда, бироқ ишончнома тақдим этилишига оид талабнинг адвокат иштироки учун кераклиги масаласи бу ўринда яна очиқ қолаётир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 майдаги “Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 13-сон қарорида белгиланишича, ҳуқуқий маслаҳатхона ёки адвокатлик ҳайъати (бюроси, фирмаси) томонидан берилган ордер адвокатга ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқини беради, бироқ у ишончноманинг ўрнини босмайди ҳамда адвокатга ИПКнинг 63-моддасида махсус назарда тутилган процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини бермайди.

Амалиётда Пленум қарорининг ушбу нормасининг ўзи ҳам икки хил талқин қилинади. Хусусан, судлар ордер адвокатга ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқини беради, бироқ у ишончноманинг ўрнини босмайди, деган важ билан ордердан ташқари ишоннома ҳам тақдим этиш талабини қўяди. Адвокатлар эса, ўз навбатида, ишончнома фақат ИПКнинг 63-моддасида назарда тутилган процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учунгина кераклигини таъкидлашади.

Демак, адвокатнинг иқтисодий суд иш юритувидаги иштироки масаласида иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчиларида турли хил ёндашув мавжуд.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасига кўра, адвокатнинг муайян ишни олиб боришга ваколатли эканлиги ордер билан тасдиқланади. Адвокат, тараф сифатида, суд ишларини юритишнинг ҳамма босқичида процесснинг барча иштирокчилари билан тенг ҳуқуқларга эга.

Мазкур қонуннинг 7-моддасига асосан адвокатлик фаолиятини амалга оширишда бирон-бир махсус рухсатнома (ордер ва адвокат гувоҳномасидан ташқари) талаб қилиш ёки бошқа тўсиқлар вужудга келтириш ман этилади.

Фикримизча, фуқаролик ишлари бўйича судларда адвокат иштироки ва унинг процессуал ваколатлари чегараси бирмунча содда ва аниқ кўринишда тартибга солинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Вакилликка доир фуқаролик процессуал қонунчилиги нормаларининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида”ги қарори 13-бандида баён этилишича, адвокат ишга киришиши учун адвокатлик гувоҳномаси ҳамда адвокатлик тузилмаси томонидан берилган ордер тақдим этилиши кифоя бўлиб, у адвокатга юридик ёрдам сўраб мурожаат этган шахс манфаатларини судда ҳимоя қилиш ҳуқуқини (ФПК 69-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқлардан ташқари) беради.

Таҳлилларга чуқурроқ ёндашиш ва миллий қонунчиликка муайян таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида хорижий мамлакатларда ушбу масалага қандай ёндашилганини ўрганиш мақсадга мувофиқ, назаримизда.

Россия Федерацияси Арбитраж процессуал кодексининг 61-моддасига асосан арбитраж суд иш юритувида адвокатнинг ваколатлари федерал қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади. Россия Федерацияси “Адвокатлик фаолияти ва адвокатура тўғрисида”ги федерал қонунининг 6-моддасига кўра адвокатнинг ваколатлари ордер билан тасдиқланади. Бошқа ҳолларда адвокат ишонч билдирувчига ишончнома асосида вакиллик қилади.

Россия Федерацияси Фуқаролик процессуал кодексининг 53-моддаси бешинчи қисмига кўра судда адвокатнинг вакил сифатидаги иштироки тегишли адвокатлик тузилмаси томонидан берилган ордер билан тасдиқланади. Бошқача қилиб айтганда, агар Россия Федерацияси Фуқаролик процессуал кодексининг 53-моддасида ёзилгани каби аниқ тартиб белгиланган бўлмаса, арбитраж процессида вакил сифатида адвокат иштироки учун ишончнома зарур ҳисобланади[1].

Россия Федерацияси Олий арбитраж суди Пленумининг 2002 йил 9 декабрдаги “Россия Федерациясининг Арбитраж процессуал кодексини амалга киритиш билан боғлиқ айрим масалалар тўғрисида”ги 11-сон қарорининг 11-бандида тушунтириш берилишича, Россия Федерацияси “Адвокатлик фаолияти ва адвокатура тўғрисида”ги федерал қонунининг 6-моддаси иккинчи қисмига асосан адвокат ишонч билдирувчига ишончнома асосида вакиллик қилади, федерал қонунларда белгиланган бошқа ҳолларда эса тегишли адвокатлик тузилмаси томонидан берилган ордер асосида вакиллик қилади.

Кўриб турганимиздек, Россия Федерацияси қонунларида арбитраж суд иш юритувида ҳам адвокатнинг процессдаги иштироки учун ордер ва ишончноманинг чегараси аниқ белгиланмаган. Хусусан, адвокатнинг тегишли равишда расмийлаштирилган ордери бўлган ҳолда ишончномаси йўқлиги сабабли суд процессига қўйилмагани амалиётда тез-тез учраб турадиган муаммолардан бири ҳисобланади[2].

Энг қизиғи, биринчи инстанциянинг ушбу ҳаракати назорат инстанциясида ҳам қўллаб-қувватланган ва судда адвокатнинг ваколатларини тасдиқловчи, тегишли равишда расмийлаштирилган ишончноманинг тақдим этилмаганлиги сабабли унинг иштирокига йўл қўйилмаганлиги асосли деб топилган[3].

Аксар ҳолларда Россия Федерацияси Олий арбитраж суди адвокат томонидан ишончнома тақдим этилмаганда унинг суд мажлисида иштирок этишига йўл қўйилмаслигини асосли деб ҳисоблайди[4].

Қонун нормаларининг ноаниқлигига эътибор қаратган Е.А.Трешёва арбитраж процессида адвокат ваколатларини тасдиқлаш учун ордернинг тақдим этилишини ноқонуний ҳолат деб баҳолайди ва адвокат ишда иштирок этиши учун ўз ваколатларини ишончнома билан тасдиқлаши лозимлигини таъкидлайди[5].

Бу фикрларга қарши чиққан ҳолда Н.Г.Лившиц, агар адвокат арбитраж судига қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилган ордер тақдим этса, унинг вакил сифатидаги ваколатлари тасдиқланган деб топилиши керак деб ҳисоблайди[6].

Қозоғистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 58-моддасига мувофиқ адвокат, иш бўйича вакиллигини тасдиқловчи ордер ҳамда адвокатлик гувоҳномаси билан зарур бўлган барча процессуал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли. Кодекснинг 60-моддаси биринчи қисмида саналган процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун ушбу ваколатлар ишончномада кўрсатилган бўлиши керак.

Қозоғистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 61-моддасига кўра муайян бир иш бўйича адвокатнинг ваколатлари Қозоғистон Республикасининг “Адвокатлик фаолияти ва юридик ёрдам тўғрисида”ги қонунида белгиланган тартибда адвокатлик гувоҳномаси ва вакилликни тасдиқловчи ёзма маълумотнома (ордер – муаллиф изоҳи) билан тасдиқланади. Кодекснинг 60-моддаси биринчи қисмида кўрсатилган процессуал ҳаракатларнинг адвокат томонидан амалга оширилиши ишончнома билан тасдиқланади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Қозоғистон Республикаси фуқаролик процессуал қонунчилигида иқтисодий судларда адвокатнинг иштироки билан боғлиқ масалалар аниқ ва лўнда тарзда баён қилинган.

Фикримизча, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 майдаги “Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 13-сон қарори 14-банди бешинчи хатбошисини қуйидаги таҳрирда қайд этиш мақсадга мувофиқ:

“Ҳуқуқий маслаҳатхона ёки адвокатлик ҳайъати (бюроси, фирмаси) томонидан берилган ордер адвокатга ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқини беради. Бироқ, ИПКнинг 63-моддасида махсус назарда тутилган процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун тегишли тартибда расмийлаштирилган ишончнома талаб этилади”.

Ўйлаймизки, Пленум қарорида ушбу хатбошининг таклиф этилган таҳрирда баён этилиши суд процессида адвокатнинг ваколатларини аниқлаш жараёнида мунозарали ҳолатларга барҳам бериш баробарида юридик ва жисмоний шахсларнинг малакали ҳуқуқий ёрдам олиш имкониятига янада кўпроқ замин яратади.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, иқтисодий суд томонидан адвокатдан ишончнома сўралишини адвокатлик фаолияти эркинлигининг бузилиши ёки мазкур фаолиятга тўсиқ деб эмас, балки судда иш юритиш ваколатларининг аниқ белгиланиши ва суд жараёнларида процессуал ваколатлардан самарали фойдаланиш имконини бериш деб тушуниш тўғри бўлади.

[1] Рыжаков А.П. Лица, которые не должны быть представителями в арбитражном процессе // ГЛАГОЛЪ ПРАВОСУДИЯ. 1 (3) / 2012. – С. 90.

[2] Определение Высшего Арбитражного Суда РФ от 07 мая 2008 г. № 4347/08 по делу № А40-60782/06-114-368 // КонсультантПлюс.

[3] http://www.garant.ru/products/ipo/prime/doc/5399913/

[4] Рыжаков А.П. Лица, которые не должны быть представителями в арбитражном процессе // ГЛАГОЛЪ ПРАВОСУДИЯ. 1 (3) / 2012. – С. 90.

[5] Трещева Е. А. Субъекты арбитражного процесса. Часть II: монография // – Самара. 2007. –386 с.

[6] Комментарий к Арбитражному процессуальному кодексу Российской Федерации / Под ред. Яковлева В.Ф., Юкова М.К. – М. 2003. – С. 189.

Абдурасул МУҲИДДИНОВ,

Чуст туманлараро иқтисодий суди судьяси

2022-12-21 14:36:15  |  1683 |   0  | 

3 изоҳлар

Ноябрь 27, 2023  12:29

1.Шаймамат

Ўша юридик корхона томонидан берилган ишончнома (қайсидир ҳуқуқлар берилганлиги тўғрисида) нотариал тасдиқланиши керакми ?

Ноябрь 27, 2023  12:24

2.Шаймамат

Ўша ишончнома (қайсидир ҳуқуқлар берилганлиги тўғрисида) нотариал тасдиқланиши керакми ?

Декабрь 21, 2022  15:10

3.Кадиров Камол адвокат

Тўғри, ордернинг ўзи адвокатнинг иқтисодий судда барча барча ваколатларини белгилаб бера олмайди ва ИПКда вакилга берилган ҳуқуқлардан фойдаланиш имконини бермайди, шу сабабдан вакилга, ш.ж. адвокатга суд муҳокамасида айнан қандай ҳуқуқлар берилганлиги ишончномада акс этиши лозим



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация