Адвокатлар: “Фарғона воқеаси” ЖКнинг 205-моддасига “тортади”



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

Фарғона шаҳрида, «А.С.Ҳуқуқ» адвокатлик ҳайъати адвокати Дилмуроджон Мадраҳимов билан 24 февраль куни юз берган воқеа адвокатлар ҳамжамиятида катта резонанс келтириб чиқарди. Яна бир бор эслатиб ўтамиз, адвокат Фарғона шаҳри ИИОФМБ 4-сонли бўлимида номаълум сабабларга кўра сақланаётган ҳимояси остидаги шахс билан учрашиш учун борганида бўлим бошлиғи А.Йўлчиев қонунга хилоф равишда бунга рухсат бермаган, боз устига ходимларига “адвокатни ташқарига чиқариб ташлашни” буюрган.

Сўнгги маълумотларга кўра, ИИОФМБ 4-сонли милиция бўлими бошлиғи А.Йўлчиевга нисбатан мазкур ҳолат бўйича хизмат текшируви бошланган. Аммо прокуратура органлари ҳануз воқеага расмий муносабат билдиргани йўқ. Ҳолбуки адвокат ўша куннинг ўзидаёқ прокуратурага ёзма шикоят қилган эди.

Аксарий адвокатларнинг фикрича, Фарғона вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан ўтказилаётган ички хизмат текшируви натижасидан қатъий назар, прокуратура вазиятга аралашиши ва Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича жиноят иши қўзғатиши лозим.

Хусусан, адвокатлар Шуҳрат Ахмедов, Усмонхон Салоҳиддинов, Шавкат Фазилов, Тоҳир Қодиров ички ишлар органлари мансабдор шахсининг жиноий жавобарликка тортилиши зарурлигини таъкидлашган.

Зеро, адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик ортида инсон ҳуқуқлари масаласи бор: Дилмуроджон Мадраҳимов бир кун олдин уйидан олиб кетилиб, асослари кўрсатилмаган ҳолда, қариндошларига хабар қилмасдан ва ғайриқонуний шарт-шароитда бўлимда ушлаб турилган фуқарони сўроқлаб борган ва ҳимояси остидаги шахс билан учрашишни талаб қилган эди.

Журналимиз сайти ва ижтимоий тармоқларда ушбу хабар остига қолдирилган изоҳлардан:

Шуҳрат Ахмедов

Мазкур ҳолатда ИИБ бошлиғининг хатти-ҳаракатларида ЖКнинг 205-моддаси аломатлари мавжудлигини инобатга олиб, Палата раҳбарияти расмий равишда жиноят иши қўзғатишни сўраб, ариза билан мурожжат қилиши керак.

Усмонхон Салоҳиддинов

Зудлик билан ЖКнининг 205-моддаси асосида ИИБ бошлиғига нисбатан жиноят иши қўзғатилиши шарт.

Шавкат Фазилов

Усмонхон Салоҳиддиновнинг фикрига кўшиламан! Вилоят ИИБ махсус инспекцияси хизмат суриштируви ўтказган тақдирда ҳам бу билан чекланиб қолиш керакмас...

Тоҳир Қодиров

Усмонхон Салоҳиддинов, тўғри. Бош прокуратура мумкин қадар тезроқ муносабат билдириши керак.

Эркин Идиевич

Туман прокурори ёки ўринбосари ҳам совуққонлик қилган, қонунбузилишлар профилактикаси уларнинг вазифаси эмасми ахир, олдини ололмагандан кейин вақтида чора кўришсин-да!

Улуғбек Абдуллаев

Умид қиламанки, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси текширув ўтказиб, адвокатнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилган мансабдор шахсни жавобгарликка тортади! Аммо буни кутиб ўтирмасдан маъмурий судга мурожаат қилиш керак!

2020-02-27 20:31:18  |  1728 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация