Палата адвокатларни ўқитиш ва малакасини оширишни ўз қўлига олади



 
  Расм манбаси : Адвокатлар палатаси матбуот хизмати

Адлия вазирлиги бунга қарши эмас. Моддий-техник ва назарий тайёргарлик аллақачон бошланган

Бугун Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасида ўқув-машғулот хонаси ва суд залининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Хоналар АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида, ушбу ташкилот томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган Суд-ҳуқуқ ислоҳоти бўйича дастур доирасида жиҳозланган.

Маълумки, суд-ҳуқуқ ислоҳотининг муҳим йўналишларидан бири адвокатурани ривожлантириш, уни мустақил соҳага айлантириш ва нуфузини оширишни назарда тутади. Мустақиллик – ҳукумат идоралари таъсиридан холи бўлиш, ўзини ўзи бошқариш демакдир. Жумладан, ўқитиш, касбий тайёргарлик ва малака ошириш билан ҳам мамлакатимиздаги барча адвокатларни бирлаштирувчи ташкилот – Адвокатлар палатаси шуғулланмоғи лозим. Бунга моддий-техник ва назарий ҳозирликлар аллақачон бошланган.

Очилиш маросими олдидан қисқа мулоқот чоғида Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров АҚШ Давлат департаментининг Марказий Осиё бўйича катта маслаҳатчиси Рик Стоддардга бу борада амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар ҳақида маълумот берди.

– Малака оширишнинг мавжуд тартиби адвокатлар учун анча-мунча ноқулайлик туғдиради, – деди Алим Эрназаров. – Улар ҳар уч йилда бир марта малака ошириш учун Тошкентга келишлари керак. Адлия вазирлигига қарашли Марказда икки ҳафталик курсда ўқийдилар, Марказнинг вилоятларда филиаллари йўқ. Яъни, адвокат икки ҳафта оиласидан, иш фаолиятидан – мижозларидан узилиб қолади. Яна, ортиқча сарф-харажат қилишга мажбур. Адвокатлар палатаси малака оширишни ўз қўлига олиш билан бирга, ахборот-коммуникация технологиялари (масалан, масофавий таълим, видеоконференцалоқа, таълим дастурлари)ни татбиқ этиш орқали мазкур ноқулайликларни бартараф этишни мақсад қилган.

Палата раисининг сўзларига кўра, USAID молиявий кўмагида замонавий техника воситалари билан жиҳозланган ўқув-машғулот хонаси ва суд зали адвокатларни тайёрлаш ва улар малакасини оширишни ташкил қилишда дастлабки босқич, тайёргарлик вазифасини ўтайди.

– Аввало, етук мутахассисларни жалб қилган ҳолда адвокатлар учун давра суҳбатлари, тренинглар ташкил қилиш амалиётини йўлга қўямиз. Параллел равишда илмий-методик тайёргарлик олиб борилади. Суд зали эса ёш адвокатлар учун саҳналаштирилган суд жараёнларида маҳорат оширишга хизмат қилишидан умидворман. Бунда судья ролини шу касбнинг ҳақиқий эгалари ижро этади – бу тўғрида Олий суд билан келишиб қўйдик, – деди яна Палата раҳбари.

Раиснинг айтишича, моддий-техник, илмий-назарий салоҳият етарли даражада шаклланганига амин бўлгач, Палата қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритиш таклифини илгари суради. Ўз навбатида Адлия вазирлиги адвокатларнинг малакасини ошириш билан Палата ўзи мустақил шуғулланишига қарши эмас, аксинча, адвокатуранинг нуфузини оширишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватламоқда.

Алим Эрназаров сўзининг якунида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги раҳбариятига, шунингдек, Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича лойиҳа директори Гарри Д.Ледбеттер ва бошқаларга миннатдорлик билдирди.

2019-11-19 18:40:06  |  2545 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация