"Уйни энди долларга сотиб бўлмайдими?.."



 
  Расм манбаси : realtymax.ru

“Мен уй олди-бердиси билан шуғулланаман. Кейинги пайтда интернетда тарқалган бир хабар туфайли уй-жой бозоримизда “долларда уй олди-сотдисини қилганлар энди жиноий жавобгарликка тортилар экан” деган гаплар пайдо бўлди. Аммо “Advokat” журналида тавсия қилинган “Кундалик ҳаёт учун адвокат маслаҳати” китобида бундай хатти-ҳаракат учун жавобгарлик белгиланмаганлиги ҳақида ўқиганим эсимга тушиб, китобни қайта кўрдим, адашмаган эканман. Шу масалага ойдинлик киритиб берсангиз. Китоб чоп этилганидан кейин қонунларга ўзгартириш киритилдими ёки китобда бу масала хато кетганми?”

Таҳририятимизга қўнғироқ қилган юртодошимизнинг бу саволи бизни ҳам қизиқтириб қўйди. Зеро, хабарингиз бўлса керак, интернет нашрларида пойтахтнинг Чилонзор туманида 25 минг АҚШ доллари эвазига 2 хонали хонадон олди-сотдисини қилаётган фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан қўлга олингани ва уларга нисбатан Жиноят кодексининг 177- (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) ва 189-моддалари (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар тарқалган эди.

Гарчи орадан кўп ўтмасдан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан ушбу хабарнинг ёлғонлиги ҳақида маълум қилинган бўлса-да, мазкур ахборотномада бундай хатти-ҳаракат учун жавобгарлик бор-йўқлиги масаласига аниқлик киритилмади. Фуқаролар ўртасидаги тушунмовчилик шундан келиб чиққан бўлса ажаб эмас.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда “Advokat” журнали кутубхонаси” рукнида чоп этилган “Кундалик ҳаёт учун адвокат маслаҳати” китобида эса мутахассислар бу масалага қуйидагича жавоб берганлар:

“Амалдаги қонунчиликка биноан, ростдан ҳам, мамлакатимиз ҳудудида юридик шахслар билан юридик шахслар, юридик шахслар билан жисмоний шахслар ҳамда жисмоний шахслар билан жисмоний шахслар ўртасида бўладиган савдо сотиқ ва хизматлар кўрсатиш муносабатларида ҳисоб-китоб миллий валюта, яъни сўмда амалга оширилиши лозим. Аммо бунда ўзаро ҳисоб-китобнинг пул ўтказиш, нақд пул тўлаш ва пул тўлов карточкаларидан пул ечиш орқали амалга оширилиши назарда тутилади.

Лекин жисмоний шахслар ўртасида нақд чет эл валютасида бўладиган ўзаро ҳисоб-китобларда, масалан, уй-жойни ёки автомашинани чет эл  валютасида олганлик ёхуд сотганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган.

Шунингдек, айрим ташкилотларга ҳам чет эл валютасида товар сотиш, хизмат кўрсатиш ёки иш ҳақи тўлашга алоҳида қонун ёки ҳукумат қарорлари билан рухсат этилиши мумкин”.

Шундай бўлса-да, янада аниқлик киритиш мақсадида китобнинг умумий таҳрири учун масъул шахс ҳамда муаллифлардан бири бўлган юридик фанлар доктори, адвокат Баҳром Саломовга мурожаат қилдик. Унинг айтишича, китобда берилган ушбу жавоб тўғри бўлиб, қонунчиликда уни инкор қиладиган ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. Шунингдек, адвокат қўшимча сифатида аниқлик киритадики, жисмоний шахслар томонидан чет эл валютасидан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш эмас, балки унинг (яъни валютанинг) ўзини олди-сотди объектига айлантириш маъмурий ёки жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.

2019-05-19 16:42:07  |  2610 |   0  | 

1 изоҳлар

Адвокат, ю.ф.д. Баҳром Саломовнинг жавоби қисқа, лўнда ва тўғри жавоб. Бу масала ортиқча тушунтириш талаб этилмайди.Қолаверса, интернет тармоғидаги маълумот ''утка'' сифатида тарқатилган. Бунга ортиқча эътибор жалб этиш шарт эмас!!!



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация