Pro bono: нега бу борада Грузиядан ибрат олиш керак?



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

Ҳуқуқий ривожланиш халқаро ташкилоти (ҲРХТ)нинг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Фред Хюстон халқаро анжуманда Pro bono ҳақида маъруза қила туриб, собиқ совет республикалари орасида Грузиянинг тажрибаларини юқори баҳолагани ҳақида қисқача хабар берган эдик. Ўқувчиларимиз эса бундай муносабатнинг сабаби ҳақида батафсилроқ маълумот беришимизни сўрашди. Шунга кўра маърузанинг тегишли қисмини синхрон таржима асосида, жузъий таҳрир билан эълон қиляпмиз:

— Pro bono доираси, албатта, бутун мамлакатни қамраб олган бўлиши, жўғрофий жойлашувидан қатъий назар, барча ҳудуд аҳолиси бирдек таъминланмоғи лозим. Шунингдек, бундай ёрдам ортида инсон тақдири ётар экан, у жудаям сифатли бўлиши шарт.

Хўш, юридик ёрдам билан таъминланганлик даражаси қайси давлатда қандай?

Масалан, Қирғизистонда юридик ёрдам кўрсатиш бўйича Миллий кенгаш фаолият кўрсатса-да, ҳали ечилмаган муаммолари кўп. Жумладан, аҳолини Pro bono билан таъминлаш учун қанча ҳуқуқшунос кераклиги ҳам аниқланмаган. Чунки бунга бюджетдан кераклича маблағ ажратилмаган, зарур маблағлар учун манбалар мавжуд эмас. Pro bono фақат талаб бўлгандагина кўрсатилади.

Қозоғистонда эса,  маълумотларга қараганда, давлат Pro bono бўйича нодавлат-нотижорт ташкилотлар билан шартнома тузиб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга келишиб олиб ишлайди.

Грузияда эса тамомила бошқача шароит. Давлат нафақат жиноий ишларга тааллуқли масалаларда, ҳатто оилавий низоларни бартараф этишда ҳам фуқароларга алоҳида ҳуқуқий кўмак беради. Бу борада жуда ҳам ривожанган қонун намунаси мавжуд. Ҳуқуқий хизмат шу даражада сифатли йўлга қўйилганки, адвокатнинг олдига борсангиз, албатта бир соат вақт ажратиб, сизни тинглайди ва керакли маслаҳат беради. Тўлиқ, сифатли юридик ёрдам кўрсатади. Бу жуда ҳам жиддий ва мустаҳкам тизим. Бу тизимда ишлайдиган ҳуқушунослар ташқаридан борган мижоз билан илашмайди. Улар фақат рўйхатда кўрсатилган тоифадаги мижозларгагина ёрдам кўрсатишади. Умуман, бу мамлакатда Pro bono марказлашган ҳолда бошқариб турилади. Бу муҳим, чунки Pro bono билан банд бўлган адвокат албатта таъминланиб, рағбатлантириб турилиши керак.

АҚШда ҳам иккита тизим бор: давлат таъминотидаги ва хусусий ёрдам тизими. Pro bono тизими давлат таъминотида бўлиб, унда ишлайдиган авокатларнинг ойлигини ҳукумат тўлайди ва улар  бу тизимда тўлиқ маош олиб ишлашади. Адвокатлар ўз фирмаларини очишдан олдин шу тизимда 5-6 йил ишлаб, каттагина тажрибани қўлга киритишади.

Канадада эса озгина фарқ бор. Аввало Ғарб дунёси каби бу ерда ҳам адвокатлар диққат билан ишлашади. Чунки мижоз адвокатнинг ишидан кўнгли тўлмаса, уни судга беради-да! Шу боис Канада мазкур тўловни ҳам суғурталаш бўйича қарор қабул қилди.

Германияда юрист маълум бир иш ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмаса, ишдан воз кечиши мумкин. Мижоз ҳам ўзи хоҳлаган ҳуқуқшуносни танлаши мумкин. Аммо унга мурожаат қилиб, ўзи ҳақида гапириб  бериши учун 10 евро тўлайди. Қизиғи шундаки, бу мамлакатда ҳуқуқшунослар ўзининг оила аъзолари ва қариндошларига ёрдам кўрсатиши мумкин эмас.

Ўзбекистонда Pro bono тизимини қўллаб-қувватлаш учун нима қилиш керак? Билишимча, бу ерда одамлар турли ҳолатда адвокат ёллаши мумкин. Аммо, бизнинг ўрганишларимиздан келиб чиқиб айтаманки, агар Pro bono масаласини яхши йўлга қўйишни режалаштирсангиз, кўпроқ Грузия тажрибасини ўрганиш маъқул. Агар уларнинг бу борадаги қонунчилигини ўрганиб, ўзларингиздаги ҳолат билан солиштириб чиқсангиз, кўп нарсага ойдинлик киритиб олишларингиз мумкин деб ўйлайман.

Албатта судларда одамларнинг ўзлари учун ўзлари адвокат ёллаши ҳамиша ҳам арзон хизмат эмас. Шу боис бу борада одамларга ёрдам керак. Уни қайси йўл билан ҳал этишни эса мамлакатдаги ҳолатдан ва салоҳиятингиздан келиб чиқиб ҳал қиласизлар. Лекин, унутмаслик лозимки, бутун дунё учун хос бўлган битта қоида бор — бу ҳуқуқий жамиятда ҳар қандай ҳолатда ҳам фуқароларга юқори ва сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатилишига эришишдир.

2019-04-27 23:41:36  |  2392 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация