100 млн сўмдан ортиқ қийматда товар сотиб олган тадбиркор ЯСТ тўлашга ўтказилади
Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни ҳисоблаш ва солиқлар тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Norma’нинг эслатишича, 2019 йил 1 январдан якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ солиш календарь йилида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум миқдорига боғлиқ:
100 млн сўмдан ошмаганда – қатъий белгиланган солиқ тўланади;
100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 млрд сўмдан ошмаганда – 4 фоиз ставкада ягона солиқ тўлови (ЯСТ) тўланади;
1 млрд сўмдан ошганда – юридик шахслар учун назарда тутилган умумбелгиланган солиқлар тўланади (2018 йил 26 декабрдаги ПҚ–4086-сон қарорнинг 8-банди).
2019 йил 1 январдан кучга кирган Солиқ кодексидаги ўзгартиришларга мувофиқ, қонун ҳужжатларида белгиланган тушум миқдори ошган ойдан кейинги ойдан бошлаб солиқ солиш тартиби ўзгаради.
Бироқ солиқ солишнинг янги тартибида ноаниқ жиҳатлар талайгина. Шу сабабли амалиётда юзага келган айрим муҳим саволларга жавоб берадиган ҳужжат қабул қилинди.
Тушум миқдори қандай ҳисобланади?
Якка тартибдаги тадбиркорларнинг тушуми устидан солиқ назоратини таъминлаш мушкул. Шу сабабли ДСҚ Молия вазирлиги ва ССП билан келишувга кўра якка тартибдаги тадбиркорни ЯСТ тўлашга ўтказиш учун тушум миқдорининг қуйидаги белгилари асос бўлиб хизмат қилиши мумкинлиги ҳақида қарор қабул қилди:
якка тартибдаги тадбиркор томонидан тақдим этиладиган солиқ ҳисоботи;
хизмат кўрсатувчи банклардаги ҳисобварақларида 100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 млрд сўмгача товар айланмасини амалга оширганлиги тўғрисидаги банк маълумотлари;
камерал назорат натижасида якка тартибдаги тадбиркор томонидан қиймати 100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 млрд сўмгача бўлган товарлар сотиб олинганлиги;
божхона органларидан олинган маълумотга кўра суммаси 100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 млрд сўмгача бўлган товарларни импорт қилганлиги;
белгиланган тартибда ўтказилган хронометраж кўздан кечириш натижалари билан тушуми 100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 млрд сўмгача эканлиги ҳисоб-китоб қилинган ҳолатда;
тегишли ташкилотлардан олинган бошқа маълумотлар асосида тушуми 100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 млрд сўмгача бўлган деган хулосага келинганда.
Тушум миқдори бир календарь йилидаги ойлар давомида ўсиб борувчи якун билан аниқланади. Фаолиятнинг бир неча тури билан шуғулланганда солиқ солиш тартибини аниқлаш учун жами тушум аниқланади.
Солиқ солишнинг бошқа тартибига ўтганда солиқ солинадиган база қандай аниқланади?
Қатъий белгиланган солиқ ҳар ойда тўланади. ЯСТда эса ҳисобот даври – чорак. Якка тартибдаги тадбиркор тушум миқдори 100 млн сўмдан ошган ойдан кейинги ойдан бошлаб ЯСТ тўлашга ўтиши сабабли коллизия юзага келди: жорий чоракда қатъий белгиланган солиқ тўланган бўлса, нима қилиш керак?
Белгиланишича, якка тартибдаги тадбиркор қатъий белгиланган солиқни тўлаш даврида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олган тушум ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базага киритилмайди. Худди шу тартибда қатъий белгиланган солиқ ёки ЯСТ тўланган даврда олинган тушум умумбелгиланган солиқлар бўйича солиқ солинадиган базага киритилмайди.
«Бўрон ўтишини» кутиш мумкинми?
Айрим тадбиркорлар тушум миқдори 100 млн ёки 1 млрд сўмдан ошганда кейинги календарь йилигача ўз фаолиятларини вақтинчалик тўхтатиш ёхуд тугатиш истагини билдиришлари мумкин. Мақсад – янги йилни янги кўрсаткич билан бошлаш, зеро тушум янгитдан ҳисоблана бошлайди.
Бироқ энди қонунчиликда қайд этилганидек, тушуми белгиланган миқдорга етган якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятни тиклаганда барибир ЯСТ ёхуд умумбелгиланган солиқларни тўлайдилар. Якка тартибдаги тадбиркорнинг «ҳаракатсизлик» муддати аҳамиятга эга бўлмайди.
Фаолият турининг ўзгартирилиши ҳам аввалги солиқ солиш тартибини сақлаб қолиш учун асос бўла олмайди. Солиқ органлари олдинги фаолият тури бўйича оборотларни ҳисобга олиб, «эски» тушум миқдоридан келиб чиққан ҳолда солиқ солиш тартибини белгилайдилар.
Қандай ҳисоботлар топширилади?
Якка тартибдаги тадбиркорлар қуйидаги солиқ ҳисоботи шаклларини топширадилар:
товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум 100 млн сўмдан ошмаганда – МВ ва ДСҚнинг «Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига (2019 йил 21 январда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 11-иловага мувофиқ ҳар чоракда, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай;
100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 млрд сўмдан ошмаганда – МВ ва ДСҚнинг «Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига (21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 9-иловага мувофиқ ҳар чоракда, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунларига кўра – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай;
тушум 1 млрд сўмдан ошганда – умумбелгиланган солиқ солиш тизимида юридик шахслар учун белгиланган тартибга кўра, бухгалтерия ҳисобини юритиш мажбурияти билан.
Бу – муҳим! Солиқ кодексининг 374-моддасига мувофиқ, фақат савдо фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрларида ҳисоб юритишлари шарт. Қабул қилинган ҳужжат билан барча тадбиркорлар регистрларни юритиши шартлиги белгиланди.
Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 374-моддасига кўра, тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб кирадиган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳар ойнинг якунлари бўйича ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай ҳисобот тақдим этадилар. Қабул қилинган ҳужжатда барча учун умумий муддат белгиланди – ҳар чоракда, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ихтилоф юзага келганда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасидаги қонун ҳужжатларининг ўзаро нисбатига доир қоидаларга риоя этишни тавсия қиламиз.
Ёлланган ходимлар бўйича ЯИТ қандай тўланади?
Якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолиятидан тушум 1 млрд сўмдан ошмаса, ёлланган ходимлар бўйича ЯИТ Солиқ кодексининг 311-моддасидаги тартибга биноан тўланади. Тушум ушбу миқдордан ошса – қабул қилинган Низом моҳиятига кўра ЯИТ тўлашнинг умумбелгиланган тартиби қўлланилади.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш