Андижоннинг кичкина Людовиги ёки кўланкаси майдон ҳоким



 
  Расм манбаси : GoRabbit

...1655 йилда француз парламенти қирол Людовик XIV дан сиёсатини ўзгартиришни талаб қилиб чиқди. “Нега энди?” ажабланди ҳукмдор қошларини чимириб. “Ахир сиёсатингиз давлат манфаатларига зид бўлаётир”, дейдилар юрак ютиб. Мустабид қирол виқор билан жавоб қайтарди: “Давлат бу менман!”.

Парламент аҳлининг дами ичига тушиб кетди...

Салкам беш йил туман қишлоқ хўжалиги бўлимига раҳбарлик қилган Ўткирбек Умрзоқов эндигина иш бошлаган ҳокимга ёқмади. Ҳар йиғинда, мажлисда ҳе йўқ, бе йўқ, Ўткирбекни «бош қаҳрамон» қилаверди. Бундай муносабатдан безиган бўлим бошлиғи ишга чиқмай қўйди. Ҳоким бир қатор кадрларни синовдан ўтказгандан сўнг, орадан беш йил ўтиб – 2017 йили яна Ўткирбек Умрзоқовга юзланди:

– Ака-ука бўлиб ишлаймиз, ўз ишингизга қайтинг!

– Мен лафзга ишониб, яна ишга чиққаним учун кўп ўтмай пушаймонлар едим, – дейди Ўткирбек Умрзоқов. – 200 нафардан зиёд фермерлар иштирокида дала кўриги ўтказилаётган эди. Кўзга хирароқ дала ташланган заҳоти ҳоким ўта беҳурмат қилиб ташладики, ер ёрилмади – мен кириб кетмадим. Қайтиб туман даражасида ишлашдан ўзимни тортдим...

Кейинги йилларда туман қишлоқ хўжалиги бўлими раҳбари оз эмас, саккиз бор алмаштирилди. Улар орасида тажрибали мутахассис, яхши ташкилотчилик қобилиятига эга бўлганлар бор. Жумладан, Улуғбек Ҳожибеков йирик ширкат хўжалигида меҳнат фаолиятини бошлаб, поғонама-поғона юқори лавозимларга лойиқ кўрилган. Аввалги чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлигига сайланган ҳатто. 2007 йилдан буён «Ёрбоши келажаги» фермер хўжалиги раҳбари сифатида атрофидагиларга ибрат бўлиб келган.

Улуғбек Исомиддинов адашини туман қишлоқ хўжалиги бўлими раҳбарлигига таклиф этди ва орадан кўп ўтмай, асоси мавжуд бўлмаган баҳоналар билан вазифасидан озод қилди.

Ҳоким вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаётган Саидбек Тешабоевни илтимос билан туманга ишга олиб кетди. Бироқ ҳафта ўтиб-ўтмай, Саидбек Тешабоев ҳам кўринмас ўққа дучор бўлди. Ҳокимнинг табиатимизга тўғри келмайдиган «қочириқ»лари унинг нафсониятига тегди...

Шу ўринда Саидбек ҳақида тўхталиб ўтсак. У профессионал агроном сифатида наинки Андижонда, ҳатто республика миқёсидаги ишчи гуруҳининг доимий аъзоси бўлиб, обрў-эътибор қозонган. Айниқса, ғаллачилик борасида дунё тажрибасига эътибор қаратган ҳамда ўнга яқин давлатларда амалиёт ўтаган. Хорижда олган билимларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш борасида изланишдан тўхтамайди.

Хуллас, ҳоким тазйиқига гирифтор бўлганларнинг аксарияти ўз харидорига эга бўлган инсонлар.

Улуғбек Исомиддинов Андижон туманида олти йилдан буён ишлаётган бўлса-да, муносиб кадрлар тизимини ярата олмагани тобора ойдинлашиб бормоқда. Борларини эса ишдан бездираверганидан кадрлар қўнимсизлиги одатий ҳолга айланди. Биргина туман машина-трактор паркида раҳбар етти бор алмашди. Ўсимликларни ҳимоя қилиш марказида беш маротаба, «Қишлоқхўжаликкимё»нинг туман филиалида уч бор, сув хўжалиги тизимида тўрт карра раҳбар-кадрлар янгиланди. Ҳокимнинг аграр масалалар бўйича ўринбосари лавозими яқиндагина ташкил этилган бўлса-да, бу мансабга иккинчи одам ўтиришга муваффақ бўлди. Пиллачилик корхонаси раҳбарини янгилаш рўмолчани алмаштиришдан осонроқ бўлмоқда.

Ҳар гектар ердан 62 центнергача пахта, 75 центнергача ғалла тайёрлаган «Гулшан Ахтачи» фермер хўжалиги раҳбари Иброҳимжон Алимовнинг меҳнатлари эътироф этила бошланди. Ўз вақтида Бош вазир лавозимида фаолият кўрсатган давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев икки бор «Гулшан Ахтачи» фермер хўжалиги иши билан танишган эди.

Шу фермер ҳам Улуғбек Исомиддиновнинг кўзига ўзгача кўрина бошлади. 2015 йили ғалла мавсумида Иброҳим Алимовнинг оёғини шундай чалдики, у кузга аранг етиб борди. Ҳоким бош туриб, эртапишар «Чиллаки» донини ўз вақтида ўрдиришга, комбайн туширишга йўл бермади, мақсад «бўйин эгмас» фермерни чув тушириш эди.

Фермер йил якунидан сўнг ғаллани экиб, ерни шудгорлаб, сўнгра қўлини ювиб қўлтиғига артди ва ерни захирага топширишга мажбур бўлди... Бугунгача хўжалик аъзолари хонадонларига барака олиб кирган фермерни тилларидан туширишмайди.

Афсуски, наинки қишлоқ хўжалигида, барча соҳаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш масаласида «эксперимент» ўтказиш давом этмоқда. Бироқ натижадан дарак бўлмаяпти.

Ирригатор шаҳарчасида яшовчи уч фарзанднинг отаси, эҳтиёжманд оила раҳбари, косибликнинг ҳадисини олган Дилшодбек Кенжаев шапалоқдек ерга ўрнатиладиган енгил конструкциядаги кўчма дўкон қуриш учун беш йилдан буён елиб-югуради. Айни масалада туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер  участкаларини реализация қилиш масалаларини кўриб чиқиш     комиссияси аъзолари ижобий хулоса беришган. Бироқ туман ҳокими тўнини тескари кийиб, ҳунарманднинг илтижоларига парво ҳам қилиб қўймади. Орада Дилшод Кенжаев вилоят ҳокимининг сайёр қабулига арз-дод билан келди. Ҳатто Президент маслаҳатчисининг вилоятда ўтказилган қабулида ҳам айни шу масала кўтарилди. Вилоят ҳокими ва Президент маслаҳатчиси ушбу мурожаат юзасидан туман ҳокимига топшириқ беришган. Аммо бу «оғир» вазифани бажаришдан кўра ёлғон-яшиқ маълумотлар билан алдаш жўнроқ эканлигини ҳис этадиган ҳоким ҳанузгача бир тишлам нонни ҳалол топай, дея ҳаракат қилаётган ҳунармандни сарсон-саргардон қилмоқда. Храбек қишлоғидаги Боғи Эрам маҳалласи марказдан анча узоқликда жойлашган. Юздан ортиқ хонадонда умргузаронлик қилаётган 600 нафардан зиёд фуқаролар бир пақир сувни 1,5-2 минг сўмдан сотиб олишаётганлиги, чорва ҳайвонлари сақлаш эса янада азоб эканлигини туман ҳокими билмаганми? Беш қўлдек билади. Айни масалада маҳалла фаоллари ўн марта эмас, камида юз бор нажот излаб ҳокимликка борганликлари маълум-ку.

Вилоят ҳокими олис ҳудуддаги маҳалла муаммоларини ечишга вақт топди ва ишлар бошланиб кетди. Маҳаллага борсангиз, кўтаринкиликни кўриб қувонасиз. Ана шу кўтаринкиликни ҳудуд етакчиси сифатида Улуғбек Исомиддинов яратса бўлмасмиди?

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгаришлар изчил тарзда амалга оширилмоқда. Ана шу ўзгаришлар туфайли боғдорчилик, узумчилик ва сабзавотчилик имкониятлари кенгаймоқда. 2017-2018 йилларда туманда 485 гектар ғалла-ғўза майдони бошқа экинлар учун ажратилди. Диққат билан кузатсангиз, Улуғбек Исомиддинов бу имкониятдан ўзгача фойдаланаётганлиги аён бўлади.

2017 йил кузида ҳокимнинг талаби билан А. Исмоилов номли массивда жойлашган «Тоштемир Аваз саховати» фермер хўжалиги раҳбари 7 гектар ерни захирага олишини сўраб, ариза ёзиб берди. Юқори ҳосилли, унумдор ерда янгидан фермер хўжалиги ташкил этилиб, саримсоқпиёз экиш бошлаб юборилди. Якун чиқмаслиги ойдинлашгач, баҳорда саримсоқпиёз ҳайдалди ва ўрнига маккажўхори экилди.

Атрофдагилар ҳайрон. Маккажўхори парвариши билан саримсоқпиёзчилар эмас, ҳеч ким танимайдиган нотаниш кимсалар шуғулланишди. Ёнилғи, ўғит, чопиқ тракторлари борасида муаммолар бўлмади... Ҳосил пишиб, силосга айлангандан сўнг ўша 7 гектар унумдор ер яна... «Тоштемир Аваз саховати» фермер хўжалигига қайтарилди.

Бу ягона ҳолат эмас. Охунбобоев номли массивда балл-бонитети бўйича юқори турадиган 10 гектарга яқин майдонга ҳам тўқсонбосди экилди ва ярим йўлда эгасиз қолди. Натижа шуки, маҳалла бу ердан яйлов сифатида фойдаланди. Эндиликда эса «яйлов-дала» тадбиркорларга иссиқхоналар қуришга тақсимланмоқда.

И.Бакиров массивидаги «Қурбонбек ишончи» фермер хўжалигининг ғўза экиладиган 15 гектар унумдор ери эса туман ҳокимининг илтимоси билан захирага олинди. Мазкур майдон кам ҳосилли дала мақомида боғдорчиликка ажратилди.

Бу мисол давлат миқёсида олиб борилаётган сиёсатга оид ягона хиёнат эмас. Б. Омонов номли массивда 25 гектар атрофидаги ғалла-пахта майдони боғдорчилик, узумчилик ва бошқа йўналишлар бўйича ўз эгаларини топди. Қишлоқдагилар янги мулкдорларнинг аксариятини танишмайди. Боғ-роғларда меҳнат қилаётганларнинг кўпчилиги Наманган вилоятининг Чуст туманидаги Олмос қишлоғидан келишади.

Улуғбек Исомиддинов ҳоким бўлгандан буён туманда пахта тайёрлаш режаси бажарилмайди. Унга ернинг унумдорлиги ёки кам қувватлилиги аҳамиятга эга эмасдай. Ёрбошидаги И.Бакиров номли ширкат хўжалиги аввал иқтисодий жиҳатдан кучли ўнталикда бўлганлиги маълум. Бугун массив далаларини эринмай кузатсангиз, беихтиёр «аттанг» дейишдан ўзингизни тия олмайсиз.

Президент фармони билан 2008 йил 1 январдан бошлаб аҳолига тураржой учун ер участкалари ажратиш тўхтатилган. Қишлоқ хўжалиги экинларидан ташқарида бўлган ерлардан участка бериш мумкин бўлган ҳолда фақат кимошди савдоси орқалигина амалга ошириш белгилаб қўйилган.

Намунали тураржойлар баҳонасида ер участкаларини пинҳона ажратиш туман раҳбари учун одатий ҳолга айланган. Охунбобоев номли, Чўлпон номли массивларда ҳамда Камолот маҳалласи ортида қанча уй-жойлар қад кўтарганлиги фикримизни далиллайди.

Хакан қишлоғидаги «Қўчқор ота» қабристони қадимийлиги билан ажралиб туради. Фаоллар ва кўнгиллилар мазкур қабристонни ободонлаштириш борасида ташаббус билан чиқишди. Тадбиркорлардан бири Хоразмдан усталар олиб келиб, олди томонга кўркам девор қурди. Қабристон дарвозаси ва ҳовлисида бир неча юз миллион сарфлаш орқали гўзал ва бу ерга келувчиларга қулайлик берадиган жой барпо этиш режасини тузишди. Афсуски, бу ташаббус Улуғбек Исомиддинов томонидан бўғилди. Югур-югурлардан сўнггина вилоят ҳокими аралашуви билан масала ташаббускорлар фойдасига ҳал бўлди. Айтиш жоизки, «Қўчқор ота» қабристонида олиб борилган бунёдкорлик ишлари бошқалар учун ўрнак бўладиган даражада бўлса-да, туман ҳокимлигидан бирор зот келиб, ҳатто «Ҳорманг!» дейишга ярамади.

«Қўчқор ота» қабристони ўрамида аҳоли зич жойлашган. Ана шундан келиб чиқиб ширкат хўжалиги тугатилаётган паллада инсоф доирасида қабристоннинг келгусида кенгайиши ҳисобга олинган ҳолда 2 гектар атрофида ер қарор билан қолдирилган. Ердан вақтинча фойдаланиш «Мададкор» фермер хўжалигига бириктирилган эди. Ёшу қари қурилиш ва ободончилик билан банд бўлган бир вақтда тўрт кишига 35 сотихдан деҳқон хўжалиги ташкил этишга ер ажратилганлиги ҳақида туман ҳокими қарори чиққанлиги дард устига чипқон бўлди.

Фаоллар, айниқса, кексалар ҳокимнинг бу қарорига қарши чиқишиб, қабристоннинг янги эгалари томонидан ўтқазилган мевали кўчатларни суғуришиб, боғлашиб, сўнгра тегишли мутасаддиларга хабар беришди. Шундан сўнг мазкур ҳолат тинчигандек бўлди. 2018 йил кузида марҳаматлик тадбиркор айни захира ерда қандайдир қурилишни бошлаш тараддудига тушди. Хайриятки, инсофли тадбиркор экан. Фаолларнинг сўзларини вужуди билан тинглаб, маҳалладан узр сўраб, қайтиб қорасини кўрсатмади.

Такрор айтамиз, Андижон туманида ер исрофгарчилиги шу қадар авжига чиққанки, «Истиқлол», «Ўзбекистон», Паттоев номли, Т. Мирзаев номли, Ғ. Тошматов номли массивларда боғ-роғлар заволга юз тутмоқда. Адирларда қурилган ғишт заводлари илғор усулда яратилган боғларни илдизигача қуритишга қодир бўлаётир. Ғиштхоналарга яқин маҳаллалардаги ҳолат янада ачинарли. Лекин туман экология бўлими, санитария-эпидемиология маркази раҳбарлари ва ходимлари бу ҳақда оғиз очишмайди. Нега дейсизми? Туман ҳокими Улуғбек Исомиддиновнинг айтгани – айтган, дегани – деган бўлиши шарт.

Бўтақорадан Орол қишлоғи томон тортилган магистрал газ қувури туман учун керак эди. Хўп, табиий газ бўлмас экан, ўша қувурлардан адирларга сув чиқариш учун фойдаланиш мумкинмиди? Надоматлар бўлсинки, айни адирлардаги ички насос станциялари ва қувурлари талон-торож қилинганини кўрмаганга олган ҳоким учун яна қувур тортишдек бошоғриқ керакми?

Маҳалла институтига мамлакат миқёсида алоҳида ўрин берилаётганлиги барчамизга маълум. Туман ҳокими учун республика миқёсида қабул қилинган Маҳалла Низоми аҳамиятсиз ҳисобланади. Бўтақора қишлоғининг Наврўз маҳалласида етти ойдан бери раисликка номзод топилмайди. Ушбу ишнинг уддасидан чиқадиган, эл-юртни ортидан эргаштира биладиганлар кўп. Бироқ туман ҳокимлигидан келадиган беўрин топшириқлар, мажлислар ва бошқа жиҳатлар борки, қадрини билганлар элга эш бўлишдан бош тортишмоқда. Бу ҳаммаси эмас, кўплаб маҳаллаларнинг раислари ўзга ҳудудларда яшашига нима дейсиз?

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ҳаж масаласи маҳалла кесимида, оқсоқоллар ва фаоллар иштирокида ечимини топиши амалиётга жорий қилинди. Андижон туманида эса бунинг акси. Кимнинг бориш-бормаслиги маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва ҳоким иштирокида ҳал этилиши анъанавий тусга кириб бўлди. Ўтмадими, эмишки, Ҳажга борувчини Аллоҳ чақирмаётган экан?!

Республика миқёсида шаҳар-туманлар кесимида 2018 йилда олий ўқув юртига ҳужжат топширганларнинг ўқишга кириш рейтинги эълон қилинди. Таълим тизимига ҳоким кўрсатаётган эътибор натижаси шу бўлдики, Андижон тумани 199 та ҳудуд доирасида 198-ўринни «шараф» билан эгаллади. Бу алоҳида мавзу. Олий таълим олаётганлар сафи шу қадар тор экан, Андижон туманининг эртасини қандай тасаввур этишимиз мумкин?

Ўзининг исми-шарифини ошкор этмаган фахрийлардан бирининг таъкидлашича, туманнинг яхши хислатлари ҳам бор. Улардан энг муҳими, озодалик, соғлом турмуш тарзи билан боғлиқ. Ҳокимга дуч келган одам кўришгани қўл узатгудек бўлса, «Қўлингни торт! Қачон ювгансан? Совунни биласанми?» дея сўроққа тутилиши туманда жуда кўпчилик учун янгилик эмас.

Ахир эл оғзига элак тутиб бўлармиди?

Қобилжон Асқаров,

журналист.

(«Андижоннома». 2019 йил, 18-сон. Мақола бир оз ўзгартирилиб чоп этилмоқда).

2019-03-05 18:03:06  |  2238 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация