Бизнесни юритишга доир бир қатор талаблар қонун йўли билан бекор қилинади



 
  Расм манбаси : odintsovo.info

Хусусан, акциядорлик жамиятлари устав капиталидаги чет эллик инвесторнинг улуши камида 15 фоизни ташкил этиши кераклиги тўғрисидаги талабни ҳам бекор қилиш кўзда тутилмоқда

Ўзбекистонда юридик шахсларнинг кўчмас мулкини сотиш тўғрисидаги шартномасини нотариал тасдиқлашнинг мажбурий тартиби ҳамда акциядорлик ва масъулияти чекланган жамиятларнинг устав капиталининг минимал қийматига қўйилган талаблар бекор қилиниши, шунингдек, устав капиталининг энг кам миқдорига оид талаблар лицензия талаблари билан белгиланиши мумкин.

Мазкур нормалар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида ўз аксини топган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хабарига кўра, мамлакатнинг бизнес юритиш борасидаги имижини янада яхшилашга хизмат қилиши кутилаётган ушбу ҳужжатда, шунингдек, акциядорлик жамиятлари устав капиталидаги чет эллик инвесторнинг улуши камида 15 фоизни ташкил этиши кераклиги тўғрисидаги талабни ҳам бекор қилиш кўзда тутилмоқда.

Акциядорлик жамиятлари томонидан қўшимча акциялар чиқарилишида акциядорларга ўзларининг улушларини сақлаб қолишлари учун имтиёзли ҳуқуқ бериш, акциядорлик жамиятлари томонидан аудиторлик текширувини албатта ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини танлаш ваколати фақатгина акциядорлар умумий йиғилишига бериш назарда тутиляпти.

2019-02-22 19:25:57  |  1986 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация