Чет элда ишлаётган вақтида жароҳатланган ёки вафот этган ўзбекистонлик муҳожирга давлат қандай ёрдам кўрсатади?
Меҳнат мигрантлари, ҳуқуқингизни билиб олинг!
Январь ойи охирида YouTube орқали Ўзбекистон фуқароси Россияда вафот этган қариндоши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган видеомурожаати ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди.
7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳолат юзасидан баёнот берди.
Kun.uz нашри ушбу воқеа баҳонасида, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида қандай тартиблар белгилангани, давлатнинг бундай ҳолатларда ўз фуқаролари олдида қандай моддий-ташкилий мажбуриятлари борлигини ўрганди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июлдаги Ўзбекистон Республикасининг «Ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ-3839-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилган.
Унинг асосий вазифалари сирасига, жумладан, қуйидагилар ҳам киради:
хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва камситишдан жабрланган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, оғир молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун маблағсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, уларга моддий ёрдам кўрсатиш;
меҳнат миграциясида бўлган даврда жароҳатланиш, бахтсиз ҳодиса сабабли тиббий хизмат кўрсатиш талаб этилган фуқароларга, кўрсатилган тиббий хизматлар ҳақини меҳнат мигранти ҳисобидан тўлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тўланган маблағлар ушбу фуқаролар томонидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан, тиббий хизмат кўрсатиш;
ишга жойлашган давлатнинг тегишли муассасалари томонидан тасдиқланган ҳолларда республикадан ташқарида меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган фуқароларнинг жасадларини, шунингдек, хориждаги меҳнат фаолияти вақтида меҳнат қобилиятини йўқотишга олиб келган шикастланиш ёки жиддий жароҳатланган фуқароларни олиб келиш ва бошқа шу каби амалий чора-тадбирларни ўтказиш.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида низом»га мувофиқ, Жамғарма маблағларининг тасдиқланган йўналишларга мувофиқ сарфланишини ташкил этиш қуйидагича амалга оширилиши белгиланган белгиланган:
1. Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга дучор бўлган ва камситилган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволда қолган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, яшаш учун маблағсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга моддий ёрдам бериш учун:
– мурожаат қилганларни ҳимоя қилиш мақсадида адвокатнинг, юридик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг хизматларига ҳақ тўлашга – 3 минг АҚШ долларигача;
– 3 суткагача ҳостеллар ва суткалик меҳмонхоналар томонидан кўрсатилган хизматларга ҳақ тўлаш (маблағсиз ва яшаш жойисиз қолган фуқаролар учун) – 0,3 минг (333,3) АҚШ долларигача;
– Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун авиа (экономкласс) ва темир йўл (плацкарт вагонлар) чипталари ҳақини тўлаш – транспорт компаниялари нархларига мувофиқ;
– Бир марталик моддий ёрдам тўлаш – Ўзбекистон Республикаси белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида (202730 сўм) молиялаштирилади.
2. Меҳнат миграциясида бўлган даврида жароҳат олган, бахтсиз ҳодисага дуч келган, ўткир ёки оғир касалга чалинган фуқароларга, агар улар меҳнат мигранти маблағлари ёки тиббий суғурта ҳисобига кўрсатилган тиббий хизматлар ҳақини тўлай олмаса, тиббий хизмат кўрсатиш:
– ишга жойлаштирилган мамлакатнинг соғлиқни сақлаш муассасаларига кўрсатилган тиббий хизматлар ҳақини тўлиқ ёки қисман тўлаш, шу жумладан меҳнат миграциясига юборилаётган/ундан қайтаётган шахслар йўл-транспорт ҳодисаларига учраган бўлса, уларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш – 1,5 минг АҚШ долларигача;
– Ўзбекистонга қайтиш учун, шу жумладан оғир касалга чалинган одамлар ташилишини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонга қайтиш учун авиа ва темир йўл чипталари ҳақини тўлаш – транспорт компаниялари нархларига мувофиқ маблағ билан молиялаштирилади;
3. Меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жасадларини, шунингдек меҳнат фаолияти вақтида майиб бўлган ёки оғир жароҳатлар олган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини олиб келиш:
– вафот этган шахс жасадини олиб кетиш учун уни урф-одатларга кўра тайёрлаш хизматлари ва бошқа хизматлар ҳақини тўлаш – 1 минг АҚШ долларигача;
– вафот этган шахснинг жасадини Ўзбекистонга ташиш бўйича транспорт компаниялари хизматлари ҳақини тўлаш – транспорт компаниялари нархларига мувофиқ;
– Ўзбекистонга қайтиш учун, шу жумладан оғир касалга чалинган одамлар ташилишини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонга қайтиш учун авиа ва темир йўл чипталари ҳақини тўлаш – транспорт компаниялари нархларига мувофиқ;
4. Аввал хорижга уюшган ҳолда олиш доирасида ишлашга юборилган ва ишга жойлаштирилган мамлакат қонун ҳужжатларини бузиши натижасида депортация қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайтариш, тўланган маблағларни кейинчалик мазкур фуқаролар ҳисобидан қоплаш, шунингдек хорижий иш берувчилар томонидан ишга жойлаштириш бўйича келишилган шартлар бажарилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайтариш:
– Ўзбекистонга қайтгунга қадар меҳмонхоналар ва суткалик меҳмонхоналар хизматлари ҳақини тўлаш (маблағсиз ва яшаш жойисиз қолган фуқаролар учун) – 1 минг АҚШ долларигача;
– Ўзбекистонга қайтиш учун авиа (экономкласс) ва темир йўл (плацкарт вагонлар) чипталари ҳақини тўлаш – транспорт компаниялари нархларига мувофиқ маблағ билан таъминланиши лозим.
Белгиланган қоидага кўра, юқорида қайд этилган ёрдамлардан фойдаланиш учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг тегишли ваколатхонасига ариза ва бошқа зарур ҳужжатлар тақдим этилиши лозим.
2 изоҳлар
1.Эгамбердиев Азамат
Мурожаатим бор ,менга ТММ агентлигининг манзилини Беринг ,+99899 870 15 71
2.Эгамбердиев Азамат
Углим Германияда мехнат жарохати олиб огир холатда Келли, Энди Нима килишни билмаяпмиз, ёрдам Беринг илтимос
Изоҳ қолдириш