«Энг яхши корпоратив юридик хизмат» танлови ўтказилади



 
  Расм манбаси : toolskapital.ru

Танлов 2 босқичда ташкил қилинади, энг яхши уч юридик хизмат “Tashkent Law Spring” халқаро юридик форумида эълон қилинади

Адлия вазири буйруғи билан “Энг яхши корпоратив юридик хизмат” республика танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, танлов Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.

Танловда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча тижорат ташкилотларининг юридик хизматлари ҳамда олий юридик маълумотга эга бўлган, иш стажи ва лавозимидан қатъи назар юридик хизмат ходимлари иштирок этишлари мумкин.

Танлов иштирокчиларидан ҳужжатларни қабул қилиш 2019 йилнинг 15 январидан 15 февраль кунига қадар давом этади.

Ҳужжатлар 2019 йилнинг 20 февралидан 30 март кунига қадар кўриб чиқилади.

Низомга биноан, танловни ўтказишда якунланган йил давомида амалга оширилган ишлар ҳисобга олинади. Бунда иштирокчилар тегишли анкетада кўрсатиб ўтилган 10 та йўналиш бўйича қилинган ишларни yurist@adliya.uz электрон почтасига юборади.

Иштирокчилар фаолияти шу асосда таҳлил қилиниб, ҳар бир йўналиш бўйича 10 баллдан – жами 100 баллгача баҳоланади.

Энг юқори балл тўплаган 7 та юридик хизмат кейинги босқичда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Шунга кўра, навбатдаги босқичда юридик хизмат раҳбарлари ҳакамлар ҳайъати томонидан суҳбатдан ўтказилиб, энг яхши 3 та юридик хизмат аниқланади.

Танлов ғолиблари “Tashkent Law Spring” халқаро юридик форумида тақдирланади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур танловни ташкил этиш 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасида назарда тутилган.

Лойиҳага мувофиқ, жорий йилда Ўзбекистонда, шунингдек, “Йилнинг энг яхши адвокати” ва “Йилнинг энг яхши адвокатлик тузилмаси” номинациялари бўйича ҳам мукофотлар таъсис этилиши кутилмоқда.

2019-01-10 12:34:41  |  1868 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация