Ўзбекистонда маҳкумларга олий таълим олиш имконияти берилади



 
  Расм манбаси : "Ҳуқуқий ахборот" канали

Озодликдан маҳрум қилинганлар олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида масофавий таълим олиш имкониятига эга бўлади. Бу Президент қарори билан тасдиқланган 2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш концепциясида кўзда тутилган.

Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. «Ҳуқуқий ахборот» канали хабарига кўра, ҳужжат жиноий жазоларнинг ижросини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини белгилайди.

2019 йил 1 январдан Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасининг Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этилишини назорат қилиш бошқармаси негизида Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати ташкил этилади.

Шартли ҳукм қилинган ва шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш пробация бўлинмаларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

2019/2020-ўқув йилидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги Академиясида «Жиноий жазоларни ижро этиш фаолияти» мутахассислиги бўйича ўқиш жорий этилади.

Шунингдек қарор билан 2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди.

Концепция доирасида жиноят-ижроия қонунчилигини халқаро стандартларга мослигини қайта кўриб чиқиш, маҳкумларни камера типида сақлашни жорий этиш, шунингдек муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган шахсларни қайта касбий тайёрлаш масалалари назарда тутилган.

Бундан ташқари озодликдан маҳрум қилинганларнинг иш ҳақидан давлат ижтимоий суғуртасига ажратмалар ўтказишга бўлган чекловни бекор қилиш, шунингдек уларни олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида масофавий ўқитишни жорий этиш ҳам концепцияда ўз аксини топган.

2018-11-09 18:24:46  |  1846 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация