Ўзбекистонда қийноқларга қарши қандай чоралар кўрилмоқда?



 
  Расм манбаси : 123ru.net

Ҳар қандай жамиятда хўрланган, камситилган ёки кимдир томонидан қийноққа солинган одамларни учратиш мумкин. Умуминсоний қадриятлар бундай ҳолларни кескин қоралайди, албатта. Нафақат фуқаролари, балки дунё аҳлининг ҳурматига лойиқ бўлишни истаган давлат эса инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш тизимини яратади.

Ўзбекистонда ушбу мақсад йўлида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ҳибсга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан қийноққа солиш, руҳий ҳамда жисмоний босим ўтказиш, бошқа ғайриинсоний зўравонликка мутлақо йўл қўйилмаслиги талабини қўйгач, ушбу йўналишда қатор амалий ишлар қилинди, деб ёзади ЎзА.

Пойтахтимизда “Шахсий дахлсизликни таъминлашнинг суд-ҳуқуқ кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасидаги долзарб вазифалар: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида ташкил этилган халқаро конференцияда бу алоҳида эътироф этилди.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллигига бағишланган мазкур тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Ф.Эберт номидаги жамғарма ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари томонидан ташкил этилди.

Конференцияда Қийноқларга қарши бутунжаҳон ташкилоти, Қийноқларга қарши Дания институти (Дания), Юристлар халқаро ассоциациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича институти (Буюк Британия) вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда инсон эркинлиги ва шахсий дахлсизлигини ҳимоя қилиш даражаси ҳуқуқий давлатнинг муҳим кўрсаткичи экани таъкидланди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш, жумладан, қийноқларнинг олдини олиш учун зарур ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларни яратаётир.

1995 йил 31 августда БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясига қўшилиш билан давлатимиз инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг умумэътироф этилган қадриятларига бўлган интилишини яна бир бор тасдиқлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 ноябрдаги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишда муҳим ҳодиса бўлди.

Фармон билан жиноят процесси иштирокчилари ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаш ман этилди. Жиноят иши доирасида ноқонуний йўл билан олинган ҳар қандай аудио ва видео ёзув ҳамда бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланиш тақиқланди.

2018 йил 4 апрелда қабул қилинган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаганлик учун масъулият кучайтирилди.

Бундай тамойиллар Жиноят кодексидан ҳам ўрин олган. Қийноқ ва бошқа жиноятлар тўғрисидаги даъволарни тезда ва холисона текшириш учун Халқ қабулхоналари, виртуал қабулхоналар билан бир қаторда фуқароларнинг шикоятларини ўз вақтида ва самарали кўриб чиқилишини кузатиб борувчи Президентнинг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати яратилди.

– Ҳеч бир мамлакат ёки жамият қийноқлардан холи эмас, – дейди Қийноқларга қарши Дания институти юрисконсульти Пуце Илвия. – Муҳими, ғайриинсоний бундай ҳолатларга қарши туриш. Иккинчи жаҳон урушида содир бўлган бемисл шафқатсизликлардан сўнг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилингани бежиз эмас. Унда ҳеч ким қийноққа ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни хўрловчи муомала ва жазога дучор этилмаслиги кераклиги белгилаб қўйилган. Ўзбекистон ушбу халқаро ҳужжатга қўшилиш билан бирга унинг қоидаларини миллий қонунчиликда акс эттириш, уларни амалда қўллашга интилмоқда. Кейинги йилларда ушбу йўналишда ижобий силжишлар кузатилди. Бугунги мулоқот асносида қийноқларга барҳам беришга оид фикр алмашиш келгусидаги ишларимиз самарадорлиги ошишига хизмат қилади.

Тадбирда қийноққа қарши кураш бўйича халқаро стандартларнинг миллий қонунчиликка имплементация қилиниши, суд-тергов жараёнида ва жазони ижро этиш муассасаларида қийноқлардан холи бўлиш ҳуқуқини таъминлаш, қийноқлар қўлланганини самарали тергов қилиш бўйича халқаро стандартларга ўқитиш масалалари муҳокама қилинди. Қийноқларни қўллашнинг олдини олиш бўйича муваффақиятли амалиётлар асосида жиноят-процессуал ва жиноят-ижроия қонунчилигини янада такомиллаштиришга эътибор қаратилди.

2018-10-27 15:39:14  |  2037 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация