Гиёҳвандлик воситаларининг аналоглари қонун билан таъқиб қилинади



 
  Расм манбаси : Norma.uz

2018 йил 22 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–503-сон Қонун эълон қилинди.

Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар (гиёҳвандлик воситаларини ва психотроп моддаларни тайёрлаш учун фойдаланиладиган ёрдамчи моддалар) сирасига қандай моддалар кириши бошқача аниқланадиган бўлди, деб ёзади Norma. Гап шундаки, халқаро ҳужжатлар билан тасдиқланган рўйхатларга, яъни:

гиёҳвандлик воситаларига нисбатан – 1961 йилдаги «Гиёҳвандлик воситалари тўғрисида»ги БМТ Ягона Конвенциясининг[1] I ва II Рўйхатларига;

психотроп моддаларга нисбатан – 1971 йилдаги «Психотроп моддалар тўғрисида»ги БМТ Конвенциясининг I, II, III ва IV Рўйхатларига;

прекурсорларга нисбатан – 1988 йилдаги «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ғайриқонуний муомаласига қарши курашиш тўғрисида»ги БМТ Конвенциясига Илованинг I ва II жадвалларига киритилган кимёвий бирикмалар ана шундай моддалар деб тан олинар эди.

Бироқ рўйхатларга киритилмаган, аммо руҳиятга худди шундай фаол таъсир этувчи, ўзига тобе этувчи ҳамда соғлиқ ва руҳиятни барбод қилувчи гиёҳвандлик воситаларининг аналоглари «қора бозор»да тез-тез пайдо бўла бошлади. Халқаро ҳамжамият ушбу соҳадаги тамойилларга тегишли муносабат билдириб, тегишли рўйхатларни тезкор равишда янгилай олмай қолди. Бу гиёҳвандлик воситаларининг аналоглари – кимёвий тузилиши ва хоссаларига кўра гиёҳвандлик воситаларига ўхшаш бўлган, улар сингари руҳиятга фаол таъсир этадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жиноий жавобгарликни жорий этиш заруратини юзага келтирди. Яъни аналог ҳали муайян рўйхатга киритилмаган ва гиёҳвандлик воситаси деб тан олинмаган.

Мунтазам равишда пайдо бўлаётган аналогларнинг батафсил рўйхатини тузиш имкони йўқлигини инобатга олган ҳолда бошқа механизм назарда тутилди. У ёки бу моддани экспертиза қилиш орқали у гиёҳвандлик воситаларининг аналоги деб тан олинади. Жиноят иши бўйича бундай экспертиза ўтказиш мажбурий тус олди.

Шу тариқа, Жиноят кодексининг матнида гиёҳвандлик воситалари деярли ҳар гал тилга олинганда уларнинг аналоглари қўшимча сифатида қайд этилган. Масалан, гиёҳвандлик воситаларининг аналогларини (ўтказиш мақсадини кўзлаб ва кўзламай) ғайриқонуний равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва улар билан бошқа ҳаракатларни амалга ошириш тақиқланган. Фақат тақиқланган экинларни етиштирганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи ЖКнинг 270-моддасида истиснога йўл қўйилган. Агар муайян экинни етиштириш тақиқланмаган, бироқ таркибида гиёҳванд воситаларнинг аналоглари бўлса, жавобгарлик юзага келмайди.

Маълумот учун: Гиёҳвандлик воситаларининг аналоглари, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан уларни ўтказиш мақсадини кўзламай оз миқдорда муомала қилганлик учун МЖТКнинг 56-моддасига кўра жазо белгиланди.

Шу ўринда психотроп моддаларнинг аналоглари жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликка киритилмаётганлигини қайд этиб ўтамиз.

Жиноий ҳуқуқ назарияси нуқтаи назаридан аналогларнинг ғайриқонуний муомаласи учун шахсни жавобгарликка тортиш учун у мазкур модда кимёвий тузилиши ва хоссаларига кўра гиёҳвандлик воситаларига ўхшаш, улар сингари руҳиятга фаол таъсир этиши далилини аввалбошдан англаши талаб этилади. Илгари фақат аниқ ва ҳамма танишиб чиқиши мумкин бўлган моддалар рўйхатлари ва жадваллари мавжуд бўлган. Шу сабабли «қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди» принципи бўйича кимдадир бундай гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар борлиги аниқланганда «автоматик равишда» айбдорлик юзага келган: героин нималигини билади = гиёҳвандлик воситаси нималигини билади. Энди тергов ва айбловчи тараф нафақат модданинг хоссалари гиёҳвандлик воситаларига ўхшашлигини, балки шахс модданинг бундай хусусиятларидан хабардорлигини исботлашига тўғри келади. Амалиётда, айниқса икки хил мақсадда қўлланиладиган, кўп миқдорда истеъмол қилганда руҳиятга фаол таъсир этувчи дори воситалари билан бўлган ҳолатда буни асослаш мушкул.

Эҳтимол шу сабабли гиёҳвандлик воситаларининг аналоглари тарқатилишининг олдини олиш учун «план-б» назарда тутилгандир. Гап шундаки, илгари уларни яширинча тарқатувчи шахслар асосан МЖТКнинг 164-моддаси учинчи қисми (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, 5 ЭКИҲдан 10 ЭКИҲгача жарима) ёки фаолият билан лицензиясиз, яъни махсус рухсатномасиз дорихона фаолияти билан шуғулланганлик учун МЖТКнинг 165-моддаси (фуқаролар учун жарима – 5 ЭКИҲдан 10 ЭКИҲгача, мансабдор шахслар учун – 10 ЭКИҲдан 20 ЭКИҲгача) бўйича маъмурий жавобгарликка тортилар эди. Ҳатто ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда ҳам аксарият ҳолларда фақат МЖТКнинг 165-моддаси иккинчи қисми бўйича оширилган жарима тарзидаги жиддийроқ жазо (фуқаролар учун – 10 ЭКИҲдан 20 ЭКИҲгача, мансабдор шахслар учун – 20 ЭКИҲдан 30 ЭКИҲгача) қўлланилиши мумкин эди.  

Энди Жиноят кодексига янги 186-3-модда (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) киритилмоқда. МЖТКнинг 164, 165 ёки 165-1-моддаларига биноан маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида ҳуқуқбузарликлар такроран содир этилганда у бўйича жавобгарлик юзага келади. Бунинг учун 100 ЭКИҲ миқдоридаги жаримадан тортиб 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги санкциялар қўлланилади.

Бундан ташқари, гиёҳвандлик воситаларининг аналоглари ғайриқонуний муомаласи миқдори (граммаж) қандай аниқланиши ҳозирча аён эмас. Бу жиноят квалификацияланишига бевосита таъсир кўрсатади. Эслатиб ўтамиз, ҳозир ҳар бир модда юзасидан Қонунга хилоф равишда муомалада бўлган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг миқдорларига (2016 йил 29.03.да 2770-сон билан рўйхатдан ўтказилган) таяниб иш кўрилади. Гарчи расман ваколатли орган – Наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича Давлат комиссиясининг хулосаси квалификациялаш учун расмий асос ҳисобланади.

ЖКдан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг рўйхатлари ва жадваллари қайд этилган халқаро ҳужжатларга барча тўғридан-тўғри ҳаволалар ҳам чиқариб ташланмоқда. Энди тергов органлари ВМнинг 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сон қарори билан тасдиқланган, гиёҳвандлик воситалари сифатида янги аналоглар киритилишига қараб янгилаб бориладиган рўйхатлардан фойдаланадиган кўринади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган, тузатишлар 2018 йил 23 октябрдан кучга кирди.

2018-10-24 10:48:15  |  2546 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация