Журналист очиқ суд мажлисига киритилмади. Буни бекор қилинган карантин чекловлари билан изоҳлашмоқда



 
  Расм манбаси : Gazeta.uz

Олий суд матбуот хизмати эса ОАВ вакилининг қатнашиши тўғрисида жараён иштирокчилари томонидан суд раисига илтимоснома ёки ариза киритилмаганини ҳам важ қилиб кўрсатди

“Human.uz” интернет-нашри мухбири Хуршид Далиев Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида очиқ тартибда ўтказилган суд мажлисига киритилмади. Бу ҳақда журналист ўзининг Телеграм-каналида маълум қилган.

Далиевнинг ёзишича, у фуқаронинг мурожаати бўйича, кўрилаётган жиноят иши муҳокамасини кузатиш мақсадида икки кун судга борган, лекин судья Р.Раҳмонов “карантин чекловлари”ни важ қилиб унинг жараёнда қатнашишига рухсат бермаган, иккинчи мартасида эса журналист ҳатто бинога ҳам киритилмаган.

Кеча Олий суд матбуот хизмати воқеа юзасидан берган расмий ахборотида судья Раҳмоновнинг хатти-ҳаракатини оқлаб чиқди.

Унда аввало Олий суд Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги 4-сонли қарори асос сифатида келтирилиб, “суд мажлисига қадар суд мажлиси иштирокчилари томонидан суд мажлисида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиши ҳақида ариза ва илтимосномалар киритилмагани” айтилади.

Ҳолбуки, юқоридаги Қарорда бундай талаб мавжуд эмас. Очиқ суд мажлисларида иштирок этиш учун олдиндан ёзма рухсат олиш ёки ариза киритиш зарурлиги қонунчиликда кўзда тутилмаган.

Хусусан, Олий суд Пленуми Қарорининг 6-бандида “Суд муҳокамаси ошкоралиги процесс иштирокчиси бўлмаган шахсларга, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларига суд мажлисида қатнашиш имконияти берилиши билан таъминланади. (...)

Оммавий ахборот воситалари вакилларининг очиқ суд мажлисида иш бўйича маълумотлар олиш мақсадида қатнашиши маълумот олишнинг қонуний йўли эканлигини инобатга олиб, уларнинг қонунда назарда тутилмаган асосларга кўра, суд мажлиси залига киришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди” дейилган.

Олий суд матбуот хизмати изоҳида давом этиб, судья Р. Раҳмонов журналистга Олий суд Раёсатининг 2020 йил 20 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси судларида COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида”ги РС-13-20-сонли Қарори 3-банди ва Олий суд Пленумининг 2020 йил 28 апрелдаги “Судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишига қарши чоралар жорий этилиши шароитида қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 8-сонли Қарори 2-банди талабларини тушунтириб, унинг суд мажлисига қатнашишини рад қилганини билдиради.

Таъкидлаш жоизки, мазкур икки ҳужжатнинг суд мажлисларини ўтказишга доир чеклов меъёрлари ўз аҳамиятини йўқотиб бўлган.

Эслатилган 8-сонли қарорнинг 2-бандига кўра, карантин даври ва шартлари Республика махсус комиссиясининг қарорлари билан белгиланади ва расман бекор қилингунга қадар амал қилади. Махсус комиссия эса август ойининг 15 санасидан бошлаб карантин чекловларини бекор қилди, шундан сўнг, жумладан, давлат идораларида ҳам санитария-гигиена меъёрларига амал қилган ҳолда одатий тартибда иш олиб борилмоқда.

Судья Раҳмонов ҳамда Олий суд матбуот хизмати асос қилиб келтирган “карантин чекловлари”нинг очиқ суд мажлиси ўтказилишига таъсир қилмагани қизиқ. Зеро, матбуот хизматининг ўзи расмий муносабатида журналист Далиев судга борган кунларда томонлар музокараси бўлиб ўтгани ва прокурорнинг музокара нутқи ўқиб эшитирилганини тан олиб турибди.

Олий суд мутасаддилари матбуот анжуманларида суд идоралари ОАВ учун очиқлигини таъкидлаб келади. Лекин, амалда матбуот суд фаолиятини ёритишдаги қонун кафолатлаган ҳуқуқларидан ҳам фойдалана олмаяпти. Катта шаън-шавкат билан қабул ва тақдимот қилинган “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги 4-сонли қарор ижроси ҳам ўлда-жўлда қолмоқда.

ЖИБ Миробод тумани суди судьясининг қонунга хилоф хатти-ҳаракати ижтимоий тармоқларда табиийки, норозилик ва танқидларга сабаб бўлди. Чунончи депутат Расул Кушербаев воқеага шундай муносабат билдирган:

“Судлар очиқлик тамойилига риоя этмас экан, адолатли суд ҳақидаги фикрлар шубҳа остида қолаверади.

Очиқликдан қўрқадиган, очиқлик талабига оид қонунларга бўйсунмайдиган "крутой" судьялар бу ҳаракатлари билан ҳалол, виждонли ва адолатли ҳамкасбларини  ҳам ёмонотлиқ қилишишлари мумкинлигини тушуниб етишлари керак”.

2020-08-25 09:04:29  |  2275 |   0  | 

4 изоҳлар

Октябрь 11, 2020  20:38

1.Амрулло Ахмедов

Карантин бу судьянинг баҳонаси. Судларнинг шаффофлиги айнан уларнинг очиқ ўтказилишида. Давлат сири билан боғлиқ холат бўлмаса, агар судьяда бирор-бир манфаатдорлик бўлмаса чиройли қилиб суд муҳокамасини ўтказаверсин.

Август 30, 2020  19:53

2.ш.Турдимурадов

журналист бир томонни, узини манфаатмни тарозига куйса, суья барча холатни, карантинни хам куйиши шартмасми

Август 25, 2020  11:31

3.Хасан

Кабулов

Суд мажлиси очиклигининг мазмун-мохияти шундан иборатки, унда истаган шахс (шу жумладан, журналист ва бошка шахслар хам) бирор-бир мансабдор шахс еки судьянинг рухсатисиз иштироки этиши мумкинлигини аанглатади.Колган хамма гаплар, майнавозчиликдан бошка нарса эмас. Хамма хатти-харакатлар ана шу кусурларни бартараф этишга каратилмоги керак....



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация