​Палата мушкул аҳволда қолган адвокатларга ёрдам кўрсатишга тайёр



 
  Расм манбаси : 

Адвокатлар палатаси раҳбарияти Бухоро, Навоий ва Сирдарё вилоятларидаги адвокатлар ҳолидан хабар олиб, уларнинг эҳтиёжларини ўрганди ва моддий-ташкилий кўмак беришга доим тайёрлигини билдирди.

28 апрелга ўтар кечаси қўшни Туркманистон  ҳудудидан  кириб келган кучли шамол республикамиз минтақалари, хусусан Бухоро ва Навоий вилоятларида кўп вайронагарчиликларга сабаб бўлган эди. Натижада кўп жойларда электр ва газ таъминотида узилишлар юзага келди, айниқса Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманлари катта талофат кўрди.

Табиий офатдан бир неча кун ўтиб (1 майда) Ўзбекистон халқи янада оғир синовга рўбарў келди — Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори тўғони ўпирилиши оқибатида сув тошиб, теварак-атрофдаги қишлоқларни босди, ҳатто Қозоғистоннинг Туркистон вилоятига қарашли бир қанча овулларни ҳам қамраб олди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Бухоро, Навоий ва Сирдарё вилоятларида фаолият юритаётган адвокатлар орасидан талафот кўрганларга ёрдам бериш чораларини излаш мақсадида, ушбу адвокатлар ҳақидаги  маълумотларни шакллантирди.

Бухоро ва Навоий вилояти ҳудудий бошқармалари орқали олинган маълумотларга кўра, Бухоро ва Навоий вилоятида яшаб, фаолият юритаётган адвокатларнинг орасида уй-жойларига етказилган талафот ва зарарлар Ҳукуматимиз томонидан тўлиқ қопланиб, бартараф қилинмоқда. Улар ҳозирги кунда қўшимча ёрдамга муҳтож эмасликларини билдиришган.

Сардоба туманидаги сув омбори ўпирилиши оқибатида юзага келган тошқин ҳудудидан кўчирилган минглаб фуқароларимиз орасида адвокатлар ҳам бор экан. Палатанинг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси раҳбарияти сув тошқини хавф солган ҳудудларда истиқомат қилган “Мадад” адвокатлик бюросининг адвокати Б.Дониёров, “Рахматилла Қалқон” адвокатлик фирмасининг адвокати У.Усмонов, “Зулфиқор Қалқон” адвокатлик фирмасининг адвокати А.Мардиев, “Само ҳимояси” адвокатлик бюроси адвокати А.Икрамов, “Умид Ишонч Ҳимоя” адвокатлик бюроси адвокати  Б.Курбанов, “Минд Геймс” адвокатлик фирмаси адвокати Ш.Рахмоновлар билан суҳбатлашиб, уларнинг ҳолатларига бирма-бир аниқлик киритишди. Адвокатлар айни пайтда хавфсиз жойларга кўчирилиб, бошпана билан таъминланган бўлиб, улар бирламчи эҳтиёжлардан камчиликлари йўқлигини айтишган.

“Қувонарлиси, адвокатларимиз соғ-саломат бўлганларидек, мулкларига ҳам зарар етмаган. Уларнинг ҳар бири билан кунда боғланиб, ҳол-аҳвол сўраб турибмиз”, – дейди Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Иброҳим Ҳабибуллаев.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари табиий офатдан азият чеккан адвокатларга ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.  

2020-05-05 04:01:49  |  1787 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация