МУДДАТЛАР ВА МАЖБУРИЯТЛАР НИМА БЎЛАДИ? Олий суд Пленуми тегишли қарор лойиҳасини тайёрлади



 
  Расм манбаси : Олий суд матбуот хизмати

Олий суд мамлакатимиз ҳудудида коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишига қарши чоралар жорий этилиши, суд амалиётида масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан, шунингдек моддий ва процессуал қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида тегишли Пленум қарори лойиҳасини тайёрлади. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.

Айтилишича, Пленум қарори билан карантин амал қилиши даврида даъво муддати Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 156-моддаси (“Даъво муддати ўтишининг тўхтатилиши”) биринчи қисмининг 1 ва 2-бандларига асосан тўхтатилиши тушунтирилмоқда.

“Бунда шунга эътибор қаратиш лозимки, агар карантин даъво муддатининг охирги олти ойида жорий этилган ёки амал қилишни давом этиб турган бўлса, даъво муддатининг ўтиши тўхтатилади.

Даъво муддатининг тўхтатиб турилишига асос бўлган карантин барҳам топган кундан бошлаб даъво муддатининг ўтиши давом этади, бунда муддатнинг қолган қисми олти ойгача, даъво муддати олти ойдан кам бўлса, даъво муддатига қадар узайтирилади”, дейилади хабарда.

Фуқаролик кодекси 333-моддаси (“Мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик асослари”) нинг учинчи қисмига асосан башарти, қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган шахс мажбуриятни лозим даражада бажаришга енгиб бўлмайдиган куч, яъни фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар (форс-мажор) туфайли имкон бўлмаганлигини исботлай олмаса, жавобгар бўлади.

Шу муносабат билан судлар мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги ишларни кўришда (неустойка ундириш, зарарларни қоплаш, шартномани бекор қилиш ва бошқалар), мажбуриятларни бажармаслик сабабларини аниқлаши, агар мажбуриятни бажариш ёки лозим даражада бажариш карантин шартлари жорий этилиши туфайли мумкин бўлмаганлиги аниқланганда, талабни қаноатлантиришни рад этиши лозим.

Қонунга мувофиқ жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича, маъмурий ва иқтисодий судлар иш юритувида иштирок этувчи шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган ёки суд томонидан тайинланган процессуал муддатлар ўтиши билан у ёки бу процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини йўқотади.

Шу билан бирга карантин шартлари даврида процессуал ҳаракатларни амалга ошириш имкони бўлмаган ҳолда, судлар ҳар қандай процессуал муддатларни узрли сабабларга кўра ўтказилган муддат сифатида қонунда белгиланган тартибда тиклаш масаласини ҳал этиши зарур.

Судларнинг алоҳида эътибори карантин шартларининг жорий этилиши, ушлаб туриш, қамоқда сақлаш, уй қамоғида бўлишнинг қонунда белгиланган муддатларини, шунингдек, жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштиришни қўллаш муддатларининг ўтишини тўхтатмасликка қаратилмоқда.

Шу муносабат билан жиноят ишлари бўйича судлар процессуал мажбурлов чораларини қўллаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш, касаллиги ёхуд ногиронлиги туфайли жазодан озод қилиш, жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш тўғрисидаги ишлар ва материалларни ўз вақтида кўриб чиқиш чораларини кўриши лозим.

Жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича иш юритишни тўхтатиш асослари тегишли процессуал қонунда назарда тутилганлиги ва тугал ҳисобланиши боис, судлар карантин шартлари жорий этилиши муносабати билан мазкур ишлар бўйича иш юритишни тўхтатишга ҳақли эмас ва уларни карантин шартларида белгиланган эҳтиёт чораларига риоя қилган ҳолда ўз вақтида кўриш чораларини кўриши, бундай чоралар ва процесс иштирокчиларининг иштирокини амалда таъминлашнинг имконияти бўлмаганда, ишни кўришни маълум муддатга қолдириш тўғрисида ажрим чиқариши лозим.

Бунда, карантин шартлари муносабати билан қолдирилган ишларни кўриш муддатларини бузиш ҳолатлари судьяларнинг айби билан йўл қўйилган деб баҳоланмайди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 117-моддаси (суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш ҳуқуқи) нинг 2-бандида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганда, яъни тарафнинг даволаш муассасасида бўлиши, шунингдек, уларнинг бирортасида тиббий муассаса маълумотномаси билан тасдиқланган судга келишга монелик қиладиган касаллик мавжуд бўлганда, иш бўйича иш юритиш суд томонидан тўхтатилиши мумкин.

Судларнинг қамоқдан ва уй қамоғидан озод қилиш тўғрисидаги ҳукмлари, ажримлари, қарорлари дарҳол ижро қилиниши лозим.

Карантин шартлари жорий этилгунга қадар қонуний кучга кирган, бироқ ижрога қаратилмаган суд қарорлари, шунингдек, карантин даврида чиқарилган ва карантин шартлари жорий этилиши муносабати билан апелляция тартибида шикоят қилинмаган суд қарорлари карантин амал қилиши бекор қилингандан сўнг ижрога қаратилади.

Шунингдек, Пленум қарори билан иқтисодий судларга солиқ ва божхона масалаларига дахлдор низоларни кўриш ва қарзларни ундириш билан боғлиқ ишларни кўриш юзасидан зарур тавсиялар берилган.

2020-04-28 18:17:48  |  4350 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация