“СОПИ ЎЗИДАН ЧИҚАРИЛГАН” ЖАВОБ...



 
  Расм манбаси : utmagazine.ru

Энди адвокатларга дахлдор қонун ҳужжатларини қабул қилишда ҳам “айланиб ўтиш” тажрибасига чек қўйилса ажаб эмас...

Бир ёмоннинг бир яхшиси бор, деганларидек, Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати томонидан озгина чала ёритилган битта ахборот туфайли уйғонган вулқон адвокатура соҳасига доир ислоҳотлар жараёнидаги эътибордан четда қолаётган бир меъёрнинг тўғриланиб қолишига сабаб бўлиши мумкин... Гап нима ҳақида эканини ўқувчиларимиз тезда тушуниб етганига ишончимиз комил. Зеро, ушбу жараённинг марказида айнан сайтимиз ўқувчилари — адвокатларимиз турибди.

Хуллас, муҳокамага сабаб бўлган ўша меъёр аввалдан мавжуд эканлиги, Сенат томонидан тасдиқланган қонун орқали у фақат янги таҳрирда тасдиқлангани ҳақида Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги томонидан тушунтириш берилган бўлса-да, бу изоҳлар уйғонган вулқонни тўхтата олмади. Аксинча, ўша аввалдан мавжуд меъёрларнинг ўзи суд-ҳуқуқ соҳасидаги бугунги кун талабларига мос эмаслиги масаласи асосий мавзуга айланди. Шунингдек, адвокатурага дахлдор қонун ҳужжатини Сенатга киритишдан олдин Адвокатлар палатаси раиси билан келишилмаганлиги масаласи ҳам амалдаги қонунчиликка зид ҳаракатлар сифатида норозилик кайфиятини уйғотиб, жиддий саволлар туғдирди...

Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатасининг бугунги қўшма баёнотини, шу маънода, ўша очиқ қолган саволларга жавоб топиш йўлидаги илк уриниш сифатида баҳолаш мумкин, назаримизда. Жумладан, баёнотда адвокатлар ҳамжамияти ва ҳуқуқшунослар талаб қилганидек, адвокатларга нисбатан тезкор қидирув ва суд-тергов ҳаракатларини амалга ошириш жараёнида санкция бериш прокурорлар ваколатидан судларга ўтказилиши мумкинлигига ишора бор. Гарчи бунда жавобнинг сопи ўзидан чиқарилиб, масала “Адвокатура институтини ривожлантириш концепцияси” доирасида ҳал этилиши мумкинлиги айтилган бўлса-да, билдирилган эътироз ва таклифлар Адлия вазирлиги томонидан эътиборсиз қолдирилмаганлигининг ўзи диққатга сазовор.

Кўтарилган масаланинг ечими эса мазкур концепция лойиҳасини эсон-омон “ўтказиб олиш”да қолмоқда. Бу эса адвокатлар ва инсон ҳуқуқлари таъминланиши билан боғлиқ ислоҳотларга хайрихоҳ қатламнинг фаоллигига боғлиқ.

Энг муҳими, адвокатлар эътирозига юқори доирада бундай муносабат билдирилишининг ўзи очиқ қолаётган бошқа саволлар, жумладан, адвокатлар фаолиятига дахлдор қонун ҳужжатларини адвокатлар ҳамжамиятидан яширинча “ўтказиб юбориш” тажрибасини бошқа такрорламаслик масаласи ҳам тегишли идораларда муҳокамада қилинаётганига умид уйғотади. Фаол депутатларимиздан бири бўлган Расул Кушербоевнинг депутатлар йўл қўйган хатони тан олиб, ўз муносабатини очиқ билдиргани эса алоҳида таҳсинга лойиқ.

2020-03-28 15:50:26  |  2220 |   0     Нурбек Тошниёз (Норбек Тошниёзов)  | 

4 изоҳлар

Албатта, хар кандай масалани хис-туйгуларга берилмасдан, юксак хукукий маданиятимизни намоен этган холда бир екадан бош чикариб хал этишимиз мумкин. Бу йулда барча хамкасбларимизга куч-кувват, мустахкам ирода ва сабр-чидам тилайман. Аввало, саломатлик ва бирдамлик булсин....

Март 28, 2020  16:38

2.Джахонгир

Иншаоллоҳ худо хохласа хаммаси яхши бўлади мен ишонаман!

Март 28, 2020  16:23

3.Каландаров Комилжон

Расул Кушербаевнинг тан олиши мардлик,йигламаган болага эмчак йук,деганидек,адвокатлар бефарк булмай хар бир масалада хамжихатлик килсак биз олмайдиган кальа булмайди.

Мана бўлар экан-ку!.... бирлашган ўзади, бирлашмаган тўзади. Биз барча адвокатлар хамиша хамжиҳатликда, бирлашиб бир-бирларимизни қўллаб қувватлар турсак Фавқулотда яшириб бизни устимиздан қонун чиқарувчиларни кўзини очиб қўямиз экан. Доимо хамжтҳатликда ва хамкорликда бўлайлик Ҳурматли ва азиз, мехрибон, ҳамда олийжаноб менинг Хамкасбларим. Соғ-омон бўлинглар!.....



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация