Вилоят ҳокимлиги жалб қилиб, туман ҳокимлиги даф этадими?



 
  Расм манбаси : Мирзоҳид Қоработиров.

«Advokat» журнали ва «Ishonch» газетаси қўшма лойиҳаси: инсон ҳуқуқлари – журналист нигоҳида!

«2019 йил июнь ойида тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувда вилоят ҳокими берган далдадан завқланиб, мен ҳам хом ғишт тайёрлайдиган цех очиш учун ер майдони ва кредит сўрадим. Шуҳрат Қўшақбоевич бу таклифимни дарҳол қўллаб-қувватлаб, ўша жойнинг ўзида «Агробанк» бошлиғи ва Жалақудуқ тумани ҳокимига тезда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқ берди.

Ростдан ҳам, туман ҳокими 2019 йилнинг июнь ойида ўзим яшаб турган «Дўстлик» МФЙ ҳудудидаги захира майдонидан 20 сотих ер ажратиб, цех қуришни бошлашимга рухсат берди ва ҳокимлик ҳуқуқшуносига тегишли ҳужжатларни тезда расмийлаштиришни буюрди. Шундан сўнг – июль ойида Наманган вилоятидан 11 минг 500 АҚШ долларига ускуна сотиб олиб келиб, тўққиз нафар қишлоқдошимизни иш билан таъминлаб, хом ғишт тайёрлай бошладик. Айниқса, қишлоқ аҳли ўз ҳовлисида иссиқхона учун ер тайёрлаётган пайтида чиқарган тупроқларни ҳам ғишт учун ­хомашё сифатида олганимиз одамларга яна бир қулайлик бўлди.

Шу жараёнда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ер ажратиш масаласида талаб этиладиган барча тегиш­ли ҳужжатларни тайёрлаб, 2019 йилнинг 8 август куни туман ҳокими номига ариза ёздим. Аммо…»

Зукко ўқувчи ана шу «аммо»нинг ўзидан ҳам масаланинг мағзини тушуниб олган бўлса, не ажаб?! Зеро, ҳамма иш яхши кетаётган бир пайтда юзага келадиган «аммо»лар кўп ҳолларда тараққиётимизга тўғаноқ бўлиб қолаётгани ҳеч кимга сир эмас…

Хуллас, тадбиркорлик қилиш ниятидаги Мирзоҳид Қоработировнинг ушбу аризаси ўн кун муддатда кўриб чиқилиши учун туман кадастр бўлими бошлиғи ­Ш.Мирзаевга йўналтирилган бўлса-да, орадан бир неча ўн кун ўтса ҳамки, аризага на ижобий, на салбий жавоб бор.

«Аризанг бир тийинга қиммат!..»

«Бу орада ҳокимиятнинг мансабдор шахсларидан бири мени чақириб, тушунарсиз шартлар қўя бошлади, – дейди М.Қоработиров. – Бу шартларни бажара олмаслигимни, қолаверса, тадбиркорликни вилоят ҳамда туман ҳокимларининг розилиги ва маслаҳати билан ­бошлаганимни, шундоқ ҳам ҳужжатларим ҳокимга киришга тайёр эканини айтганимда эса «Бу ҳужжатларинг бир тийин­га қиммат!» дея аризамнинг аслини менга қарата отиб юборишди (бу ҳужжат ҳозир ҳам тадбиркорнинг қўлида – муаллифлар). Шундан сўнг, орадан кўп ўтмай, бир таниш киши менга қўнғироқ қилиб, ер ажратиш масаласида ёрдам беришини айтиб чақирди. У билан яна ўша ҳокимият масъул раҳбари олдига кирдик. Бу сафар 500 минг АҚШ доллари миқдорида хорижга мева-чева чиқариб бериш шарти қўйилди. Бунга имконим йўқлигини билишгач, ўзлари одам топиб беришларини, мен фақат харажатини тўласам, кифоя эканини айтишди. Улар топган Ойим қишлоғилик одам эса «Tracker» автомобилида келиб, бу иш учун 5000 АҚШ доллари сўради. Мен ҳокимиятдагиларга бунча пул топиб беролмаслигимни айтдим. «Вилоят ва туман ҳокимига ишим юришиб кетгач, кам таъминланган аҳолига ёрдам қилишга ваъда берганман, ҳозир ҳеч қандай имконим йўқ, бор пулимни ускуна сотиб олишга сарфладим», – дедим…»

Сен бўлмасанг, бошқаси…

«Орадан бир мунча фурсат ўтиб, бир куни олдимга бу ишга умуман алоқаси йўқ бир таниш киши ҳоким қарорини кўтариб келди, – дея ҳикоясини давом эттиради М. Қоработиров. – Менга цех учун бириктириб берилган ер унга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилибди. Қарор 2019 йил 29 октябрда чиқарилган. «Мен шу қарор учун сен қилмаган ишни қилиб, 4100 АҚШ доллари сарфладим. Менга ортиқчаси керак эмас, шу пулнинг ўзини берсанг, номинг­­га ўтказиб бераман бу жойни» деди у. Шундан бери бир унинг ўзи, бир отаси келиб пул сўрайди. Мен эса вилоят ҳокимиятига, вилоят прокуратурасига, ҳатто, Президент администрациясига шикоят қилдим. Бундан хабар топишгач, энди ерни бўшатиб қўйишимни, цехни бузиб олиб чиқиб кетишимни талаб қилишяпти. Энг қизиғи, бу ишга ҳокимият мутасаддилари ҳам аралашиб, мени сиқувга олишмоқда…»

Қонун талаблари ва ижро интизоми бузилган

Бу ҳикоянинг «нозик» нуқталари борлигини кўриб турибсиз. М.Қоработировнинг айтишича, унда ўша «нозик суҳбатлар»ларнинг ҳақиқат эканини тасдиқловчи асослар ҳам, гувоҳлар ҳам бор. Аммо биз уларни текшириб кўришни ҳуқуқ-тартибот органларининг ўзига қолдириб, ҳозирча ҳужжатларда акс этган қонунбузарликларга тадбиркорнинг адвокатидан изоҳ сўраймиз.

«Фуқаро Мирзоҳид Қоработиров вилоят ва туман ҳокимларининг оғзаки рағбати ва қўллаб-қувватлашига асосан кўрсатилган 20 сотих ерда цех ташкил қилишга киришган ва фаолиятини давом эттириш учун шу ерни ўзига доимий фойдаланишга ажратиб беришларини сўраб, 2019 йилнинг 8 августида Жалақудуқ тумани ҳокимлигига мурожаат қилган, – дейди Андижон шаҳридаги «Нур-зиё Фемида» адвокатлар ҳайъати адвокати Қурбонали Тўхтаев. – Аризани туман ҳокими шу куннинг ўзида 10 кунлик муддат билан ижрога туширган. Шундан сўнг тегишли далолатнома шакллантирилиб, мутасаддиларнинг имзолари йиғилган. Аммо унинг ҳаракати ҳоким ўринбосарига етиб борган жойда тўхтаб қолиб, ижро муддати ўтказиб юборилган. Яъни на асосли рад қилинган, на розилик берилиб, қарор чиқарилган. Айни вазиятда «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун талаблари қўпол равишда бузиляпти. Қолаверса, фуқаро ўз мурожаати натижасини сўраб борганида, унга аризасининг аслини қайтариб беришяпти (ҳатто, отиб юборишяпти). Қонуний рўйхатдан ўтган ва ижрога туширилган бу ариза ҳозир ҳокимликда мавжуд эмас. Демак, «Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш юритиш ва ижро назоратини ташкил этиш бўйича норматив ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори талабларини ҳам бир тийинга олишмаяпти».

Айни вазиятда қизиқ бир жиҳат эътиборни тортади: худди шу тадбиркор томонидан сўралган ер майдони туман ҳокимининг 2019 йил 29 октябрдаги қарори билан бошқа бир фуқарога ажратиб берилмоқда. Қарордан кўринишича, у ҳокимиятга 2019 йилнинг 15 октябрида ариза берган экан. Энди айтинг-чи, шу жойни сўраб 8 августда, яъни икки ой олдин мурожаат қилган фуқарога ҳали қонуний жавоб берилмасидан туриб, бошқа фуқаронинг аризаси яшин тезлигида қаноатлантирилганини қандай тушунмоқ керак? Бу қонунларни ҳам, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини ҳам очиқча топташ эмасми? Табиийки, айни хатти-ҳаракатлар замирида қандайдир бошқа манфаатлар ётибдимикин, деган шубҳа-гумонлар ҳам уйғонади кишида.

Жиноят аломатлари етарлича...

Энди тадбиркорга мансабдор шахслар томонидан турли ноқонуний шартлар қўйилиши, тадбиркорни ишлаб турган жойидан қонуний йўл билан эмас, зўравонлик билан чиқаришга ҳокимият мутасаддиларининг аралашиши масалаларига келадиган бўлсак, бу ерда жиноий ҳаракат аломатлари етарлича. Шу боис, фуқаро М.Қоработиров ўзининг тадбиркорлик фаолияти юритишига ноқонуний йўл билан, уюшган ҳолда қаршилик қилаётган мансабдор шахслар ва фуқароларга нисбатан тегишли чора кўрилишини сўраб 2019 йилнинг декабрь ойида турли юқори идораларга мурожаат қилган. Улар орасидан биргина Ўзбекистон Республикаси Президенти портали орқали юборилган шикоят бўйича яқинда туман прокуратурасидан жавоб хати келди. 28 февраль санаси билан юборилган жавоб хатидан маълум бўлишича, юқорида қайд этилган ер майдонини бошқа бир фуқарога ажратиб бериш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш бўйича туман ҳокимлигига протест киритилган. Бунга эса ер майдони мавжуд қонун талабларига зид равишда, жумладан, электрон савдога қўйилмасдан ажратиб берилгани асос қилиб кўрсатилган.

Руҳий босим давом этмоқда

«Ерга нисбатан бошқа бир шахснинг ҳуқуқлари бекор бўлгани М.Қоработировнинг дастлабки ютуғи, албатта, – дейди адвокат Қурбонали Тўхтаев. – Аммо руҳий босим ҳамон давом этяпти. Яъни унга мансабдор шахслар аукцион орқали бўлса ҳам ер барибир ўша, кейин пайдо бўлган шахсга берилишини айтиб пўписа қилмоқда экан. Рости, агар ҳеч ким индамаса, уларнинг шу ишни қила олишига ишонаман (юқорида ҳикоя қилинган воқеликлар олдида буниси ҳолва). Шу боис, биз ҳокимият мансабдор шахслари томонидан қонунбузилишлар ва жиноий ҳаракатлар давом этишининг олдини олишда амалий ёрдам сўраб юқори инстанциялар ва ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қиляпмиз. Жумладан, фуқаронинг тадбиркорлик қилиш учун олиб бораётган саъй-ҳаракатларига тўсқинлик қилган ва босим ўтказган мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда уларга нисбатан жиноий иш очишни ҳам дахлдор идоралардан сўраймиз».

Департаментдан масъулият талаб этилади

Шу ўринда бир мулоҳаза. Туман прокуратурасидан келган жавобда ёзилишича, мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан айтилган ҳолатлар «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги ИЖҚК Департаменти туман бўлими томонидан ўрганилганда ўз тасдиғини топмаган». Арзгўйнинг ҳуқуқшуноси эса мазкур «ўрганиш»ни юзаки ўтказилган деб ҳисобламоқда. Нега?

Бир фуқаронинг ер ажратиш тўғрисидаги аризаси қонун талабларини бузиб бўлса-да, жавобсиз қолдирилгани ҳолда бошқа бир фуқаронинг икки ой кейинги худди шундай аризаси зудлик билан ва қонунларни бузиб бўлса-да, қаноатлантирилса, шунинг ўзи бу ерда қандайдир яширин манфаатлар борлигини кўрсатмайдими?

«Ноқонуний йўл билан ер ажратиб берилган» деб топилган фуқарога туманнинг бошқа ҳудудларидан ҳам бошқа ерлар ажратиб берилгани ҳақида бизда етарлича маълумотлар бор, – дейди Қурбонали Тўхтаев. – Бу эса мазкур фуқаронинг ер олишнинг «қаловини топган» шахслигига ёки қайсидир ваколатли мансабдорга ҳамтовоқ эканига ишора қилади. Бундан ташқари, мазкур ҳоким қарори чиққан пайтда Қирғизистонга 500 минг АҚШ доллари миқдорида мева-сабзавот экспорт қилиб берилгани ҳақидаги гапларнинг қанчалик асосли экани текшириб кўрилса ҳам, кўп нарса ойдинлашади. Юқорида номи қайд этилган Департамент «ўрганиш» пайтида шуларни ҳам инобатга олиб, масалага жиддийроқ ёндашиши зарур эди».

Шикоятни шикоят қилинганга юбориш – мантиқсизлик

Яна бир гап. Юқорида айтилди, фуқаро М.Қоработиров Жалақудуқ тумани мутасаддилари томонидан ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинаётгани ва босим ўтказилаётгани тўғрисида 2019 йилнинг декабрь ойида вилоят ҳокимлиги ҳамда прокуратурасига ёзган шикоятларига ҳалигача жавоб келган эмас. Жумладан, вилоят ҳокимлигига ёзилган хат жорий йилнинг 31 январь куни Жалақудуқ тумани ҳокимлигига юборилган, аммо маҳаллий ҳокимликдан ҳанузгача сас-садо чиқмаяпти. «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун талабларига зид бундай хатти-ҳаракат давлат ҳокимияти органларининг фуқаро тақдирига бефарқлиги ва унинг ҳақ-ҳуқуқларини менсимаслигидир. Зеро, фуқаронинг шикоятини ўрганишни ўша шикоят қилинаётганнинг ўзига юборишдек чиркин усулдан воз кечилмас экан, ҳуқуқий демок­ратик давлат қуриш йўлидаги ҳаракатларимиз фақат орзу бўлиб қолаверади.

Ютуқ биринчи раҳбардан бошқага керак эмас...(ми)?

Кўпинча бирон ҳудудда ютуқларга эришилиши ва муаммолар бўлмаслигидан асосан биринчи раҳбар ҳамда кам сонли ҳалол, виждонли ходимларгина манфаатдор бўлади. Биз бугун тилга олаётган муаммо ҳам шунга ёрқин бир мисол. Яъни вилоят ва туман ҳокимлари томонидан қўллаб-қувватланиб, рағбатлантирилган бўлажак тадбиркорга бошқа мансабдорлар томонидан сунъий тўсиқ қўйилиб, қаршилик кўрсатилган. Ўзларининг бундай хатти-ҳаракатларини яшириш учун бу фуқаронинг биринчи раҳбар олдига киришига ҳам йўл беришмайди. Ёзган шикоятлари эса биринчи раҳбарга ё киритилмайди, ёки ижроси юзасидан нотўғри маълумот берилиб, раҳбар чалғитилади.

«М.Қоработиров давлат тадбиркорларни қўллаб-қувватлаётганидан руҳланиб, тинимсиз ҳаракатда, – дея таъкидлайди ҳуқуқшунос. – Ҳатто ўзига ажратилишини сўраган ер майдони атрофидаги биноларда аҳоли етиштирган мева маҳсулотларини сақлайдиган 120 тонналик музлатгич ташкил этишга ҳам киришган. Ҳозир музлатгич деярли 80 фоизга тайёр. Яна қатор корхоналар ташкил этиш борасида ҳам аниқ режалари бор. Бироқ тадбиркорнинг мурожаатига мутасаддилар билдираётган айрича муносабат ишнинг белига тепяпти, холос. Шу сабаб ҳам муаммони матбуот орқали кўтаришга қарор қилдик. Бизнингча, ҳолатни биринчи раҳбарларга етказишнинг шундан бошқа йўли қолмаган».

Ҳуқуқшунос аралашуви билан ҳам қонуний нуқта қўйилмаган мурожаат давлат идораларида ҳамон тўрачилик кайфияти кезиб юрганини, «Давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак!» деган тамойилни ҳали-ҳануз ҳазм қила олмаётган амалдорлар борлигини кўрсатиб турибди. Қуйи поғоналарда чувалаша-чувалаша пойтахтгача етиб келган муаммо юзасидан вилоят ҳокими сўнгги сўзни айтиши керак!

Нурбек ТОШНИЁЗОВ,

«Advokat» журнали бош муҳаррири

Нурилло НЎЪМОНОВ,

«Ishonch» мухбири.

2020-03-12 12:18:31  |  2131 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация