Маънавий зиён етказилганлиги факти қандай исботланади?



 
  Расм манбаси : mke.ee

Кейинги пайтларда фуқаролар томонидан маънавий зиённи қоплаш даъвоси билан судга мурожаат қилиш ҳоллари анча кўпайди. Айни масалада эса даъвогарлар одатда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун адвокат ёрдамидан фойдаланишни маъқул кўришади. Аммо, амалиётдан маълум бўлишича, бу борада ҳамиша ҳам сифатли ҳуқуқий ёрдам кўрсатилаётгани йўқ. Айниқса, амалдаги Фуқаролик кодексида маънавий зиён тушунчасининг мавжуд эмаслиги адвокатларнинг ишини оғирлаштирмоқда. Кодекснинг ҳозирда ишлаб чиқилаётган янги таҳрири лойиҳасида ушбу бўшлиқ тўлдирилар, албатта. Унгача эса адвокатлар қонуний имкониятлардан максимум фойдаланишлари керак. Хусусан, маънавий зиён етказилганлиги фактини исботлашга доир қуйидаги илмий тавсиялар уларга амалиётда асқатади, деб ўйлаймиз.

Фуқарога етказилган маънавий зиённи ундириб беришга бел боғлаган адвокат учун биринчи ҳуқуқий таянч бу Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 11-моддасидир. Зеро, унга кўра, маънавий зиённи қоплаш – фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усулларидан бири ҳисобланади.

Шундан сўнг маънавий зарар тушунчасининг ўзига аниқлик киритиб олиш керак. Бу борада эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2000 йил 28 апрелдаги "Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги 7-сон қарорига мурожаат қилиш мумкин. Унда маънавий зарар “жабрланувчига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракати (ҳаракатсизлик) оқибатида у бошидан кечирган (ўтказган) маънавий ва жисмоний (камситиш, жисмоний оғриқ, зарар кўриш, ноқулайлик ва бошқа) азоблар” дея таърифланган.

Ғайриқонуний ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)нинг объекти – фуқарога туғилган вақтидан буён ва қонунга мувофиқ тегишли бўлган номоддий манфаатлари (унинг ҳаёти, соғлиғи, қадр-қиммати, ишчанлик обрў-эътибори, шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сири), шахсий номулкий ҳуқуқлари (ўз номидан фойдаланиш ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқи ва бошқа номулкий ҳуқуқларининг интеллектуал фаолият натижаларини қонунларга кўра ҳуқуқий муҳофаза қилиш) ва мулкий ҳуқуқлари (уй-жой дахлсизлиги, мулк ҳуқуқи ва бошқалар)нинг бузилиши бўлиши мумкин.

Юқорида тилга олинган ҳужжатда маънавий зарар, жумладан, яқин қариндошини йўқотиш (ўлими) сабабли маънавий қайғуриш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини давом эттира олмаслик, ишини йўқотиш, оилавий, тиббий сирларни ошкор қилиш, фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, ҳар қандай бошқа ҳуқуқларини вақтинча чеклаш ёки улардан маҳрум қилиш, етказилган зарар ёки соғлиққа бошқача зиён етказиш туфайли, жисмоний оғриқ, соғлиққа бошқача етказилган ёхуд етказилган маънавий азоблар натижасида бошидан ўтказилган бошқа касалликларда намоён бўлиши мумкинлиги қайд этилган.

Давом этамиз. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1022-моддасига кўра, маънавий зиённинг миқдори суд томонидан аниқланади. Шунингдек, Фуқаролик-процессуал кодекснинг 72-моддаси ҳар бир тарафга ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаш шартини қўяди. Демак, жисмоний шахсга етказилган маънавий зиённи ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этаётган адвокат юридик ёрдам кўрсатилаётган фуқарога маънавий зиён етказилганлиги фактини исбот қилиб бериши керак.

Бинобарин, адвокат жараёнга пухта ҳозирлик кўриши ва ҳар бир босқичда зарур процессуал ҳаракатларни амалга ошириши керак. Жумладан:

  • судда ишни олиб бориш тактикасини ишлаб чиқиши ва исботловчи ҳужжатларни йиғиши, таҳлил қилиши;
  • даъво аризасини, даъво талабига эътирознома ёки бошқа процессуал ҳужжатлар (ариза, илтимоснома ва ҳкз.)ни тайёрлаши;
  •  биринчи, апелляция ёки кассация инстанцияси судларида иштирок этиши, иш материаллари билан танишиши, улардан кўчирмалар олиши, суд қарорлари ва ажримларидан нусха кўчириши, рад қилиш тўғрисида арз қилиши, далилларни тақдим этиши, далилларни текширишда иштирок этиши, саволлар бериши, илтимосномалар киритиши, арз қилиши, фуқаролик судига оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериши, ишни кўриш давомида туғиладиган барча масалалар бўйича ўз важларини тақдим қилиши, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномалари ва важларига эътироз билдириши ҳамда вакилнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қонунда белгиланган бошқа процессуал ҳаракатларни амалга ошириши;
  • берилган ваколат доирасида суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиши (протест келтириш тўғрисида ариза билан мурожаат этиши);
  • ҳуқуқи бузилган фуқарога фуқаролик низосини кўрмасдан қолдириш, иш юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш масалалари бўйича маслаҳатлар бериши;
  • суд қарорларини олиши;
  • апелляция ёки кассация шикоятларини тайёрлаши ёки уларга эътирозномалар бериши талаб этилади.

Адвокат даъвогарга маънавий ва/ёки жисмоний азоблар етказилгани фактини исботлаш учун қуйидаги далилларни тақдим этиши мумкин:

  • суднинг оқлов ҳукми нусхасини;
  •  жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор нусхасини;
  •  маъмурий жавобгарликка тортилган қарорнинг бекор қилинганлиги тўғрисидаги қарор нусхасини;
  • олди-сотди шартномасини;
  •  маҳсулот чекини;
  •  касса чекини;
  •  гувоҳларнинг ёзма ва оғзаки кўрсатмаларини;
  •  эксперт хулосасини;
  •  ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса содир бўлганлиги ҳақидаги далолатнома нусхасини;
  •  йўл ҳаракати ҳодисаси содир этилганлиги тўғрисидаги баённома нусхасини;
  •  жиноят ишлари бўйича суднинг ҳукми нусхасини;
  •  вафот этган шахснинг қарамоғида бўлган шахслар ва унинг оила аъзолари тўғрисида маълумотномани;
  •  оммавий ахборот воситасида чоп этилган маълумотларни;
  •  телевидение кўрсатувининг ёзувларини;
  •  иш жойидан тавсифномани;
  •  меҳнат жамоаси йиғилиши баённомасини;
  •  давлат бошқаруви, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг, жамоат бирлашмалари мансабдор шахсларининг актлари нусхасини;
  •  даъвогарнинг бирор бир ҳаракатни содир этиш тўғрисида ёзма мурожаатини;
  •  жавобгарнинг бундай ҳаракатни содир этишни рад этиш тўғрисидаги ёзма жавобини;
  •  агар рад жавоби оғзаки бўлса – томонларнинг тушунтиришлари ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини;
  •  рад жавоби ҳам берилмаган ва ҳаракат ҳам содир этилмаганда –томонларнинг тушунтиришларини.

Жавобгарнинг, даъвогарнинг номулкий ҳуқуқлари ва номоддий неъматларини камситувчи ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни аниқлаш томонларнинг тушунтиришлари, тиббий карта, эксперт хулосаси ва бошқа ҳаракатларни содир этиш орқали амалга оширилади.

Маънавий ва/ёки жисмоний азоблар нимада намоён бўлиши ва маънавий зиённи қоплаш миқдорини исботловчи далиллар ўзаро боғлиқлиги сабабли, бундай исботлаш фактлар рўйхатига томонларнинг тушунтиришлари, экспертларнинг хулосалари, даволаш муассасасидан олинган маълумотнома, касаллик тарихидан кўчирма, жавобгарнинг ойлик маоши тўғрисида маълумотнома, жавобгарнинг даромадлари тўғрисида декларация, даъвогарнинг оила аъзолари тўғрисида маълумотнома, даъвогарнинг қарамоғидаги шахслар тўғрисида маълумотнома ва бошқа ҳужжатларни қўшиб қўйиш орқали тасдиқланади.

Адвокат даъвогарнинг бошидан кечирган маънавий зиёни ва жавобгарнинг ноқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ўртасида сабабий боғланиш мавжудлигини ҳам исботлашга мажбур. Сабабий боғланишнинг мавжудлиги эса фуқаро азобни қайси вақтдан бошлаб ўз бошидан кечираётганлигини исботлашда ифодаланади, агар азоб жисмоний бўлса, унда сабабий боғланиш эксперт хулосаси билан ҳам тасдиқланиши лозим.

Исботлаш предметининг кейинги факти бу зарар етказувчи айбининг даражасидир. Бу ҳолат фақат маънавий зиённи қоплашда айб асосий мезон бўлгандагина қўлланилади. Маънавий зиённи қоплашда айб асосий мезон бўлган ҳолатларда жавобгар исботлашнинг барча усулларидан фойдаланган ҳолда ўзининг айби мавжуд эмаслигини исботлаши керак.

Адвокатдан эса айб қандай даражада эканлигини, ҳаракат (ҳаракатсизлик) қасддан ёки эҳтиётсизликдан содир этилганини ва бошқа ҳолатларни исботлаб бериши талаб қилинади. Шунингдек, у жабрланувчига жисмоний ва маънавий азоблар етказилгани фактининг тасдиғини, азоблар қандай ҳолатларда ва қандай ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) орқали етказилганлигини, зарар етказувчининг айб даражасини, жабрланувчи қандай маънавий ва жисмоний азоблар тортганини, зиённи қоплашнинг баҳосини ва низони ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатларга оид далилларни судга тақдим этиши зарур.

Маънавий зиён етказилиши ҳар бир ҳолатда ўзига хос хусусиятларга эга бўлишини назарда тутсак, ишнинг ҳолатидан келиб чиқиб, судда адвокатдан биз юқорида санаб ўтган исботлаш воситаларидан ташқари қўшимча далил-исботлар ҳам талаб қилиниши эҳтимолдан холи эмас.

Сўнгги тавсиямиз маънавий зиённи ундиришга доир даъволарга энди дуч келаётган ёш адвокатларга тегишли: нозикроқ жиҳатлар устида тажрибали ҳамкасбларингиз ва устозларингиз билан бамаслаҳат иш тутганингиз маъқул. Бу сизга ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқаро учун ҳам, профессионал камолотингиз учун ҳам муҳимлигини ёдда тутинг.

Баҳодир ҲАМРОҚУЛОВ,

“Absolvo Bona Fides” адвокатлик бюроси адвокати, юридик фанлар номзоди

2020-01-08 10:33:54  |  3953 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация