Адвокатлар палатаси: солиқ қонунчилиги адвокатура зарарига ўзгармаслигига умид бор!



 
  Расм манбаси : 

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси адвокатларга мурожаат билан чиқиб, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасининг адвокатурага оид қисми юзасидан ноўрин хавотирларга берилмасликка чақирди.

Солиқ кодексининг янги таҳрири лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасидан ўтиб, ушбу масала Сенатнинг эртага, яъни 14 декабрь куни чақирилган ялпи йиғилиши кун тартибига киритилгани ҳақида хабар берган эдик.

Мурожаатномада айтилишича, баъзи адвокатлар электрон ОАВ ва ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиб, Молия вазирлиги ишлаб чиққан янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасидаги адвокатлик тузилмаларини солиққа тортиш бўйича киритилган табақалаштирилган тартибнинг Сенат тасдиғидан ўтиб кетиши мумкинлигидан хавотирланишган.

“Албатта бу хавотирлар бежиз эмас. Зеро, Солиқ Кодекси янги таҳрирининг муҳокамага қўйилган лойиҳасидаги адвокатурага оид қисмида соҳага зарар етказиши мумкин бўлган меъёрлар мавжуд эди. Аммо Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси бу борадаги ҳақли эътирозларини ўз вақтида билдириб, соҳа манфаатлари ҳимояси учун режали тарзда иш олиб борди. Худди шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳам лойиҳага адвокатлар эътирозларига монанд тарздаги ўз расмий позициясини билдирди. Натижада Палата Адлия вазирлигининг маъмурий-ташкилий кўмагига таянган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва бошқа ваколатдор идоралар олдида адвокатлик тузилмаларига дифференциал солиқ солиш тартибига ўтишнинг салбий оқибатларини исботлаб берди. Бунинг натижасида эса, тегишли манбалардан бизга маълум қилинишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасидаги мазкур банд матни амалдаги Солиқ кодексидаги меъёрга яқин матн билан алмаштирилган”, – дейилади Мурожаатномада.

Қайд этилишича, сенаторларнинг аксарияти ҳам Кодекс лойиҳасининг адвокатурага дахлдор моддалари бўйича Палата таклиф қилган меъёрга хайрихоҳ бўлиб, лойиҳа Сенатда кўриб чиқилаётганида тегишли бандлар адвокатлар зарарига ўзгармаслигига умид бор.

2019-12-13 20:51:40  |  149 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

1 изоҳлар

Ташаккур. Охирги икки йилда Адвокатлар палатаси томонидан Адлия вазирлиги билан ҳамкотликда Республикамизда адвокатура институтини янада мустақиллигини таъминлаш, адвокатурадаги ижобий ўзгаришлар учун фаол ва режали саййи ҳаракатлар,тадбирлар олиб борилаётганидан хабаримиз бор. Амалга оширилаётган барча амаллар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини реал таъминлаш ва қонун устиворлигини таъминлашда реал амалий ҳаракат деб баҳоланиши лозим. Барчангизга омад ва муваффақиятлар тилаб қоламан.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация