Адвокатнинг маъмурий ишлардаги иштироки аниқлаштирилмоқда



 
  Расм манбаси : advgazeta.ru

Ҳукумат порталида Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс лойиҳаси эълон қилинди. У амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ўрнига ишлаб чиқилган.

Амалдаги МЖтКнинг 197-1-моддасида акс этган ҳуқуқбузарлик (“Адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш”) янги Кодекс лойиҳасида 276-моддада ифодаланган бўлиб, диспозицияси айнан кўчирилган. Аммо санкция қисми ўзгартирилмоқда: амалдаги энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача бўлган жарима – “базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари”га алмаштирилган.

Адвокатнинг, унинг профессионал фаолиятига тўсқинлик бўлган тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси тўғрисидаги маълумотларни, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, вақтни ва бу ҳуқуқбузарликнинг моҳиятини, шунингдек ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқи (283-модда 5-қисми) лойиҳада 445-модданинг 4-қисмида ўз ифодасини топган.

Айни чоғда, лойиҳанинг 442-моддаси (“Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ваколатига эга бўлган органлар ва мансабдор шахслар”) 6-қисмида адлия органларига адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳуқуқбузарлиги содир этилганлиги ҳолати юзасидан баённома тузиш ҳуқуқи берилмоқда.

Янги Кодекс лойиҳасида адвокатнинг маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўришдаги иштирокига доир процессуал тартиб-таомиллар аниқлаштирилган ва бу қатор моддаларда акс этган. Жумладан, 468-модда (“Ҳимоячи”)га кўра, ҳимоячи сифатида қонуний вакиллар, юридик шахснинг вакили ҳамда адвокатлар иштирок этишлари мумкин.

Ҳимоячи маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритишда бир вақтнинг ўзида иккита шахсни, агар уларнинг манфаатлари бир-бирига қарама-қарши бўлса, ҳимоя қилиши мумкин эмас.

Адвокат Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган ҳоллардан ташқари ҳимоядан воз кечиши мумкин эмас.

469-моддага биноан, ҳимоячи маъмурий жавобгарликка тортилган шахснинг ўзи ёхуд унинг илтимоси ёки розилиги билан бошқа шахс томонидан ҳимоячи таклиф этилиши мумкин. Ўзига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш юритилаётган шахс ҳимояси учун бир нечта ҳимоячиларни таклиф қилишга ҳақли.

Лойиҳанинг 470-моддасида ҳимоячидан воз кечиш тартиб-таомиллари баён қилинган. Унга кўра, ўзига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш юритилаётган шахс иш юритишнинг исталган босқичида ҳимоячидан воз кечиши мумкин, аммо воз кечиш ҳимоячи иштирокида ёзма шаклда расмийлаштирилиши шарт.

Айни чоғда ҳимоячидан воз кечиш ўзига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик юритилаётган шахсни кейинчалик ишда ҳимоячи ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

471-модда билан ҳимоячининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.

Ҳимоячи:

ишнинг барча материаллари билан танишишга; ишни кўриб чиқишда иштирок этишга;

далиллар тақдим қилишга;

илтимослар ва рад қилиш билан арз қилишга;

иш кўришда иштирок этаётган шахсларга суд, ваколатли орган (мансабдор шахс) рухсати билан саволлар беришга;

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни таъминлаш чоралари ва иш бўйича қабул қилинган қарорлар устидан шикоят қилиш ва бошқа қонун билан белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақли.

Шу билан бирга, ҳимоячига:

ҳимояси остидаги шахснинг манфаатларига қарши бирон-бир ҳаракат қилиш ва унга тегишли ҳуқуқларни амалга оширишга тўсқинлик қилмаслик;

ҳимояси остидаги шахс томонидан берилган шикоят ва илтимосларни чақириб олмаслик;

юридик ёрдам кўрсатиш ва уни амалга ошириш билан боғлиқ равишда ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилмаслик мажбуриятлари юклатилмоқда.

2019-12-05 14:51:07  |  577 |   0  | 

5 изоҳлар

Декабрь 06, 2019  08:50

1.Мадаминов Мухсинжон

470-моддаси матни: "Ўзига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш юритилаётган шахс иш юритишнинг исталган босқичида ҳимоячидан воз кечиши мумкин, аммо воз кечиш "хизматидан воз кечилаётган" ҳимоячи иштирокида ёзма шаклда расмийлаштирилиши шарт" деб баён қилинса мақсадга мувофиқ. Чунки, амалиётда кўриб турибмиз, давлат органлари ҳимоячидан воз кечишни унинг иштирокисиз расмийлаштириб, сўнг ҳимоячини факт олдида қўйишмоқда. Воз кечишни айнан шу ҳимоячининг иштирокида бўлиши ҳам ҳимоя остидаги шахснинг ҳам ҳимоячининг қонуний манфаатларини кафолатлаган бўлади.

Декабрь 06, 2019  08:50

2.Мадаминов Мухсинжон

470-моддаси матни: "Ўзига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш юритилаётган шахс иш юритишнинг исталган босқичида ҳимоячидан воз кечиши мумкин, аммо воз кечиш "хизматидан воз кечилаётган" ҳимоячи иштирокида ёзма шаклда расмийлаштирилиши шарт" деб баён қилинса мақсадга мувофиқ. Чунки, амалиётда кўриб турибмиз, давлат органлари ҳимоячидан воз кечишни унинг иштирокисиз расмийлаштириб, сўнг ҳимоячини факт олдида қўйишмоқда. Воз кечишни айнан шу ҳимоячининг иштирокида бўлиши ҳам ҳимоя остидаги шахснинг ҳам ҳимоячининг қонуний манфаатларини кафолатлаган бўлади.

Декабрь 05, 2019  19:31

3.Администратор

Адвокат Билол Мамиров, нусха кўчириш ҳуқуқи деганда нимани назарда тутяпсиз? Илтимос, фикрингизни кенгроқ ёритсангиз.

Декабрь 05, 2019  19:26

4.Mamirov Biloljon, advokat

Nusxa koʻchirish huquqi ham kiritilishi lozim.

Ҳа албатта! Шу жумладан, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идораларни ходимлари қонунни бузганда уларга (соверский) иммунитет белгиловчи 16-моддасини бекор қилиш керак. Бу коррупцияга қарши курашни таъминлайди.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация