Қонунни бузиш пойтахтдан бошланадими?



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

“Бирон идорадаги муаммолар ҳақида гап кетса, унинг қуйи бўғинларини зўр бериб танқид қилишга ўрганиб қолганмиз. Аммо аслида ҳамиша ҳам шундай эмас, “балиқ бошидан” бўладиган ҳоллар ҳам кўп учраб турибди, – дейди Қарши шаҳридаги “Protsessual kafolat” адвокатлик бюроси адвокати Сафар КАТТАБОЕВ.

Адвокатнинг мазкур муаммога бағишланган туркум мақолаларидан иккитасини (“Қонундан устун “тартиб”лар...” ҳамда “Вазирликнинг хоҳиши суд қароридан устун турса...”) аввал эътиборингизга ҳавола этган эдик. Қуйидаги мақола ҳам ўша мавзуни деярли давом эттиргани сабаб уни ҳам шу туркумда эълон қилишга қарор қилдик...

ҚОНУННИНГ НОТЎҒРИ ТАЛҚИНИ ёки ИИВ Академияси қўлланмасидаги хатоликлар ҳақида

(Учинчи мақола)

Ноқонуний қарорни устозлар ўргатганми?

Дастлабки тергови якунланган жиноят ишлари материаллари билан танишар эканман, ички ишлар бўлими терговчиларининг тергов муддатини узайтириш ҳақидаги «антиқа» қарорларига дуч келганда ҳайрон қоламан (Бу ҳол эса, афсуски, жуда камёб ҳодиса эмас). Зеро, шу «йўл» билан улар тергов муддатини бемалол 4-5 ой ва ҳатто ундан ҳам кўп муддат давом эттираверишади. Ваҳоланки, қонунларимизда тергов муддатининг терговчи томонидан «тикланиши» мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай меъёр йўқ. Менинг бу ҳақдаги эътирозимга эса яқинда кутилмаган «асос» кўрсатишди – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси томонидан нашрга тайёрланган «Тергов процессуал ҳужжатларининг намуналари» ўқув амалий қўлланмасини...

Қалингина китобни қўлга оламан: «Ш.Т.Икрамовнинг умумий таҳрири остида. Тўлдирилган ва тузатилган иккинчи нашри. Тошкент – 2012». Китобда турли илмий унвондаги анча-мунча олимларнинг ҳам исм-шарифлари келтирилган. Ўз-ўзидан, бу китоб Академияда талабаларга дарс ўтувчи билимдонлар томонидан тузилган деган хулосага келасиз. Аммо...

Терговчи менинг китобни узоқ варақлашимга сабр қилмасдан, ундан ўзи амал қиладиган «Намуна» чоп этилган варақни очиб кўрсатади. «Узрли сабабларга кўра ўтиб кетган дастлабки тергов муддатини тиклаш ҳақида қарор» намунаси экан (260-бет). Намуна сифатида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман ИИБ терговчиси Ш.Р.Очилов томонидан тайёрланган қарор келтирилган. Яъни туман прокурори томонидан 01.08.2011 йилда ЎзР ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «а» банди билан Ф.С.Отақуловга нисбатан қўзғатилиб, шу куни Шайхонтоҳур туман ИИБга юборилган жиноят ишини терговчи 08.08.2011 йилда ўз иш юритувига олган, шунинг учун у орада ўтган 8 кунни узрли сабабларга кўра ўтган вақт деб топиб, 8 кунлик муддатни қайта тиклаган. Бундай қарор чиқаришга асос сифатида эса ЎзР ЖПКнинг 36- ва 317-моддалари келтирилган...

Қонун нима дейди?

Келинг, энди шу ўринда озгина чекиниш қилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг мазкур моддаларини қараб чиқайлик.

Аввало, «Терговчининг ваколатлари» ҳақидаги 36-модданинг биринчи банди терговчининг нималарга ҳақли экани тўғрисида бўлиб, унда санаб ўтилган ваколатлар орасида «тергов муддатини узайтириш» деган жойи йўқ. Шундай экан, модданинг иккинчи бандидаги «Терговчи терговнинг йўналиши ва тергов ҳаракатларини юритишга оид барча қарорларни, прокурор рухсатини олиш қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, мустақил равишда қабул қилади» деган меъёр ҳам, ўз-ўзидан, «тергов муддатини узайтириш» ҳақида мустақил равишда қарор қабул қилиш ҳуқуқини бермайди. Бу моддада шулардан бош­қа юқоридаги «Намуна»да келтирилган қарорга асос бўлиши мумкин бўлган меъёр мавжуд эмас.

Худди шунингдек, «Муддатни тиклаш» ҳақидаги 317-моддада кўзда тутилган «муддат» ҳам тергов муддатига алоқадор эмас. Зеро, модданинг биринчи банди биринчи жумласида «Узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддат иш юритаётган суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими билан тикланиши лозим» дейилган бўлса-да, кейинги матндаги «Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги илтимосномани қаноатлантириш ёки рад этиш хусусида суриштирувчи, терговчи, прокурор қарор, суд эса ажрим чиқаради. Муддатни тиклашнинг рад этилиши устидан умумий тартибда шикоят қилиниши ва протест билдирилиши мумкин» деган жумлалардан кўриняптики, гап бу ерда илтимоснома асосида сўралган муддатларни тиклаш ҳақида кетмоқда. Кейинги банд ҳам шунга далолат қилади: «Белгиланган муддат ўтказиб юборилгандан сўнг шикоят қилинганда ажрим ёки қарорнинг ижроси манфаатдор процесс иштирокчисининг илтимосига биноан, ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги масала ҳал қилингунига қадар тўхтатиб турилиши мумкин».

Бу ерда қандай муддатлар ҳақида гап кетаётганини мисоллар билан айтадиган бўлсак, қонунчиликка кўра суд қўллаган қамоққа олиш эҳтиёт чорасидан норози бўлган айбланувчи ва ҳимоячи 72 соат ичида юқори судга апелляция шикояти бериши; тергов тугаб, жиноят иши материаллари билан танишган айбланувчи ва ҳимоячи 3 сутка ичида ёзма илтимоснома бериши; ҳукм устидан норози бўлган манфаатдор томонлар 10 сутка ичида апелляция шикояти бериши мумкин ва ҳоказо. Лекин айбланувчи ва ҳимоячининг оғир касаллиги ёки тасодифий воқеа туфайли шу кўрсатилган муддатда илтимоснома ва шикоятлар берилмаган бўлса, улар ушбу сабабни  кўрсатган ҳолда муддатни тиклашни ва ўтиб кетган муддатни узрли деб топиб, шикоятни қабул қилишни сўраб илтимоснома киритади ҳамда бу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилади. Уларни ўргангач, агарда бу сабаблар узрли деб топилса, суриштирувчи, терговчи, прокурор – қарор, суд эса ажрим чиқаради ва муддатни тиклаб, шикоятни қабул қилади. «Намуна»да кўрсатилган ҳолатда эса ҳеч ким тергов муддатини тиклашни сўраб илтимоснома киритмаяпти. Зеро, бу модданинг эътиборли томони ҳам шундаки, муддатни тиклашдан манфаатдор бўлган шахс ёки тараф муддатни тиклашни сўраб албатта илтимоснома киритиши шарт ва шунга кўра бу илтимосномани қаноатлантириш ёки рад қилиш тўғрисида терговчи қарор чиқариши лозим.

Кодекснинг «Муддатни узайтириш» ҳақидаги 316-моддасида эса «Ушбу Кодексда белгиланган муддатлар унда назарда тутилган ҳоллардагина узайтирилиши мумкин» эканлиги белгилаб берилган.

Хуллас, маълум бўлмоқдаки, юқорида қайд этилган ўқув қўлланмасида намуна сифатида келтирилган терговчи қарори амалдаги Жиноят-процессуал кодекси талабларига мувофиқ эмас. Аммо, ҳамкасбларим яхши биладики, бу каби «муддатни тиклаш» тўғрисидаги қарорлар (гарчи қонун бунга изн бермаса-да) биз учун янгилик бўлмай қолган.

Худди шунингдек, ҳаракатдаги жиноят ишлари туман, вилоят ва Республика прокуратуралари томонидан ўрганилиб, ёзма кўрсатма билан қайтарилгач, то у терговчига келиб тушгунга қадар ўтган муддатни узрли деб топиб, «тиклаб» олиш ҳоллари ҳам амалиётда кўп учрайди. Ваҳоланки, тергов устидан прокурорлик назоратининг амалга оширилиши жараёни, агар бу пайтда жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилмаган бўлса, терговнинг умумий муддатига киради. Бу эса мантиқан ҳам тўғри. Чунки прокурорлик назорати ҳам қонунийликни таъминлаш мақсадида ўтказиладиган тадбир бўлиб, дастлабки терговнинг ажралмас қисми саналади.

Умуман олганда, ҳар иккала ҳолатда ҳам дастлабки тергов муддатига кирмайдиган ҳолатлар (дастлабки тергов тўхтатиб турилган вақт ва ҳоказолар) ЖПКнинг 351-моддасида аниқ-тиниқ кўрсатилганини эсдан чиқармаслик керак. Жумладан, айблов хулосаси билан юборилган жиноят иши тасдиқланмасдан, прокурор томонидан ёзма кўрсатма билан қўшимча терговга қайтарилган тақдирдагина то иш терговчига келиб тушгунга қадар ўтган вақт тергов муддатига кирмайди.

Ҳаммасига қўлланма сабабми?

Шу ўринда иккита савол туғилади: Биринчиси – терговчиларнинг бундай ноқонуний хатти-ҳаракатга қўл уриши сабаби нимада? Иккинчиси – ЖПК моддаларини нотўғри талқин қилишга улар қандай журъат этишади?

Тўғрисини айтиш керак, биринчи саволнинг жавобини соҳага аралашиб юрган ёки иши тушганлар яхши билади – одатда дастлабки терговни қонунда белгиланган муддатда (жиноят иши қўзғатилгандан то жиноят иши айблов хулосаси билан прокурорга топширилган кунгача бўлган тергов жараёни 3 ойдан ошмаслиги лозим) тугата олмаслик оқибатида шундай «йўл» қўлланилади («Намуна»даги мисолнинг ўзини оладиган бўлсак, жиноят иши қўзғатилгандан кейин то уни терговчи иш юритувига олгунгача ўтган 8 кунлик вақтни «узрли сабаб» деб ҳисоблаб, 3 ойлик муддатга яна 8 кун қўшиб олинмоқда. Улгурмаган пайтда 8 кун ҳам ҳарна-да).

Аммо мен шу пайтга қадар иккинчи саволга ҳеч жавоб топа олмас эдим. Терговчиларга қонунни нотўғри талқин қилишаётганини тушунтиришга уринишларим эса ҳар сафар бесамар кетаверар эди. Уларнинг ўз ноқонуний ҳаракатларида бундай қатъий туриб олишларига сабаб бўлаётган манбани, кутилмаганда, ИИВ Академияси тайёрлаган ўқув қўлланмасида кўришим эса мени жуда ҳайратга солди. Наҳотки, Пойтахтда туриб ёш терговчиларга шундай чалғитувчи «Намуналар» ўргатилса, қонунни нотўғри талқин қилиб, процессуал муддатларнинг бузилишга йўл очиб берилса? Демак, ички ишлар терговчилари орасида ноқонуний қарорлар (юқорида қайд этилган каби) чиқариш амалиёти шаклланишига Академияда чиқарилган ўқув қўлланма сабабчи экан-да?

Қолаверса, бу китобни варақлаб кўриб, терговчиларни чалғитиши мумкин бўлган яна бош­қа турли хатоликлар ҳам мавжуд эканлигига гувоҳ бўлдим.

Шу боис мен бу ҳақда мақола ёзиб, Ички ишлар вазирлигига, вазирлик Академиясига ҳамда «Advokat» журнали таҳририятига мурожаат қилган, бу масалани кўриб чиқишларини сўраган эдим. Ўз навбатида таҳририят бу борада Академиянинг муносабатини сўрабди.

Бу сўровга Академиядан кенг қамровли жавоб олинганини таҳририятдан эшитиб, рости, хурсанд бўлдим. Айниқса, мавжуд муаммони тан олган ҳолда масалага холис ёндашилиб, жумладан, «... келтирилган танқидий фикрлар ҳамда тавсия­ларингиз процессуал ҳужжатлар намуналарига оид янги ўқув кўлланмаларини тайёрлашда инобатга олиниши мумкинлиги маълум қилинади» дейилганидан кўнглим анча хотиржам бўлди.

Эътирозга эътирозлар

ИИВ Академияси жавобида ўқув қўлланмасидаги хатоликлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларимга айрим эътирозлар ҳам билдирилганки, улар юзасидан ҳам тўхталиб ўтишни жоиз деб биламан. Жумладан, жавобда шундай ёзилади:

«Биринчидан, «Тергов процессуал ҳужжатларининг намуналари» номли ўқув-амалий қўлланма тавсиявий хусусиятдаги қўшимча ўқув адабиёти бўлганлиги сабабли, Жиноят-процессуал қонун ҳужжатларининг манбаси ҳисобланмайди;

Иккинчидан, ўқув қўлланмаси, тергов амалиётидаги жиноят ишлари юзасидан расмийлаштирилган процессуал ҳужжатларнинг намуналари асосида тўплам шаклида тузилганлиги боис, расмий юридик кучга эга эмас.

Бундан ташқари, ички ишлар органларидаги тергов амалиётини таҳлилий ўрганиш натижаларига кўра, Республика ёки Қашқадарё вилоятининг бошқа маъмурий ҳудудларидаги тергов органлари иш юритувида мақолада муҳокама қилинган баҳсли қарор чиқарилганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. Демакки, бу каби Жиноят-процессуал қонуни нормаларининг нотўғри талқин қилинишига уни қўллаётган ҳуқуқ субъекти, яъни суриштирувчи, терговчи юридик билимлари, ҳуқуқий онги, қолаверса ўша ҳудуддаги юридик муҳит (терговнинг қонунийлигини назорат қиладиган органлар – адвокатура, суд, прокуратуранинг ўзаро ҳамкорликдаги фаолияти)га ҳам боғлиқ ҳисобланади».

Бир қарашда тўғри мулоҳазалар, яъни ўқув қўлланмаси ҳеч қачон қонун ҳужжатларининг манбаси ҳисобланмайди ҳамда расмий юридик кучга эга бўлмайди. Шу боис ҳам терговчи ўзининг хатосини ўқув қўлланмасидаги мисол билан хаспўшлаши мумкин эмас. Аммо, масаланинг нозик томони шундаки, амалиётда бунинг акси бўлмоқда. Терговчилар ўзлари тушган қийин вазиятдан чиқиш учун ўша ўқув қўлланмасини баъзан билмасдан, баъзан қасддан дастак қилиб олмоқдалар ва буни мен ўз бошимдан ўтган воқеа мисолида ёздим. Зеро, агар терговчи бу қўлланмани эътирозларимга жавобан қўлимга тутқазмаганида, у ҳақда билмаслигим ҳам мумкин эди.

Шунингдек, «Республика ёки Қашқадарё вилоятининг бошқа маъмурий ҳудудларидаги тергов органлари иш юритувида мақолада муҳокама қилинган баҳсли қарор чиқарилганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд эмас»лиги ҳақидаги маълумотни ҳам асосли деб ҳисобламайман. Зеро, бундай қарорларга менинг ўзим кўп дуч келганман. Қолаверса, хоҳлаган адвокатга мурожаат қилинса ҳам бунақа тажрибанинг борлигини тасдиқлашларига ишончим комил (Сабабларини юқорида қисқача айтдик, аммо у аслида алоҳида катта мавзу). Бошқаларнинг бу ҳақда ёзмаётгани ёки бирон минбарда айтмаётганини эса ҳафсаласизлигимиз ёки қон-қонимизга сингиб кетган «Менга нима, бошимни оғритиб ўтираманми?» деган тушунчамиз билан баҳолаш мумкин, холос.

Шунга қарамасдан, сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун, қўлимдаги ҳужжатларга асосан ҳали эскирмаган иккита мисолни келтираман (Бу мисоллар Академияга юборилган мақолада ҳам бор эди):

1. Қарши шаҳар ИИБ терговчиси капитан Б.Ш.Худойқулов фуқаро Ю.га (айбланувчиларнинг исм-шарифлари шартли қисқартирилди – Таҳририят) нисбатан 2018 йил 5 июль куни ЎзР ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми «б» банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича худди шундай қарор чиқариб, 19 кунлик тергов муддати тиклансин деб кўрсатган.

2. Қашқадарё вилоят ИИБ терговчиси капитан Э.Қ.Ташанов фуқаро М.га нисбатан 2016 йил 22 июль куни ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича 2019 йилнинг 20 апрель куни қарор чиқариб, 16 кунлик тергов муддатини тиклаган. Янаям ёмони эса, мазкур жиноят иши уч йил тергов қилинса-да, тергов муддати бир марта ҳам қонуний тартибда узайтирилмаган.

Яна бошқа хатоликлар

Ўрни келганда мазкур ўқув қўлланмасида менинг кўзим тушган яна икки хато «Намуна» ҳақида ҳам тўхталиб ўтсам:

1. Терговчи Ш.Р.Очилов номидан 1-сонли Тергов ҳибсхонаси бошлиғи номига ёзилган алоқа хати намунасида айбланувчи Н.Юсуповга ўз ҳимоячиси С.Рустамов билан учрашишга рухсат берилаяпти.

Ваҳоланки, ЖПКнинг 53-моддасида ҳимоячининг айбланувчи билан учрашиши учун ҳеч кимнинг рухсати талаб қилинмаслиги ёзиб қўйилган бўлиб, бу меъёрнинг қонунга киритилганига (31.12.2008) эса ўн йилдан ошди.

Биринчи мақолада Республика ДХХнинг тергов ҳибсхонасида ўрнатилган адвокатнинг ўз ҳимоясидаги шахс билан учрашишига доир «тартиб» ва бунга Бош прокуратуранинг бепарволиги ҳақида ёзган эдим. Қизиқ, наҳотки, ДХХ ва прокуратура терговчилари ҳам Академия қўлланмасига таянишаётган бўлса?

2. Терговчи А.К.Шерматов гувоҳ М.Раҳимов билан гумон қилинувчи Х.Холиқовни юзлаштирибди. Гувоҳни била туриб ёлғон кўрсатув берганлик ёки кўрсатма беришдан бош тортганлик учун ЖКнинг 238-, 240-моддаларидаги жавобгарлик билан огоҳлантирибди, аммо гумон қилинувчига 48-моддада кўрсатилган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтирмабди. Ҳолбуки, ЖПКнинг 100-моддасида барча сўроқ қилинувчиларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш лозимлиги кўрсатилган.

Шунингдек, юзлаштириш баённомасининг кўриниши ҳам менга ёқмайди. Бир варақнинг ўртасидан чизиқ тортилиб, бир томонига гувоҳнинг, иккинчи томонига гумон қилинувчининг кўрсатувлари ёзилади. Айрим варақларнинг фақат бир томонида ёзув бор, иккинчи томони эса бўм-бўш, чунки ўша томон жавобни қисқа қилган. Варақни иккига бўлмасдан, кўрсатмаларни кетма-кетликда устма-уст ёзиш наҳотки мумкин бўлмаса? Ахир юзлаштирилганлар ўз кўрсатувлари тагига имзо қўйиб, тасдиқлаб берсалар бўлди-ку, уларнинг кўрсатувлари икки томонда туриши шартми?

Бундан ташқари, юзлаштириш баённомасининг тепа қисмига «Илгари  сўроқ қилинган гувоҳ ва гумон қилинувчи кўрсатувлари ўртасида жиддий қарама-қаршилик бўлгани учун юзлаштириш ўтказилди» деб қўшиб қўйилса ҳам нур устига нур бўлур эди, чунки ЖПКнинг 122-моддасида айнан шундай ҳолатлар бўлгани учун юзлаштириш ўтказилиши белгиланган.

Мақоламиз сўнгида, фурсатдан фойдаланиб, ИИВ Академияси раҳбариятининг мени тўғри тушунишларини хоҳлардим. Чунки ҳали на ҳаётий тажрибаси, на иш стажи бўлган ёш терговчилар, хоҳлайдими-йўқми, танг вазиятларда қўлига илашган нарсага, жумладан қўлланмалардаги «намуна»ларга ёпишиши турган гап. Ундаги фикрлар, хулосалар қонунчиликка тўғри келадими ёки йўқми деб текшириб ўтиришга эса уларнинг вақти ҳам, ҳафсаласи ҳам йўқ. Шунинг учун уларга бошидан тўғри тарбия, тавсия, кўмак берсак, эртага қилни қирқ ёрадиган адолатли терговчилар етишиб чиқишига ёрдам берган бўламиз. Зеро, ҳаммамизнинг ҳам мақсадимиз шу аслида. Шундагина, туркум мақолаларимизнинг иккинчисида қайд этилгани каби, айби йўқ фуқароларнинг йиллаб сарсон-саргардон бўлишлари, қонунсиз қамоқга олинишлари, судланишлари каби ҳуқуқ-тартибот идоралари масъулиятига бориб тақаладиган хунук ҳолларнинг олди олиниши мумкин. 

Сафар КАТТАБОЕВ,

Қарши шаҳридаги «Protsessual kafolat» адвокатлик бюроси адвокати

2019-10-23 09:58:01  |  2978 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

1 изоҳлар

Октябрь 29, 2019  16:53

1.Рауф Очилов

Мана нима учун милиция террговчилари аксарияти саводсиз.Чунки уларни укитадиган олим,домилалари уларни чикарган китобининг ахволини куриб турибсиз.Бу "Намуна" китобни бутун УзРеспубликадан,милициядан йигиштириб олиш керак.Мени мол-мулкимни ва139 млн сумга алдаб тушириб кетган аёлга нисбатан Кашкадарё вилоят ИИБ 10 марта жиноят иши кузгатишни рад килди,2 йилдан буён текширади.Очик-ойдин исботи билан куриниб турган фирибгарлик жиноятини прокуротура билан келишиб ёпаяпти.Уларга муддат йукми?маколада курсатилгандек терговчи узининг муддатини узи узайтириб куяверганми?Республика Прокуратурасининг Академиясини хам текшириб куриш керак.ИИБнинг ахволи шу булса уларники хам пеш булмаса керак



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация