Хориж тажрибаси: Японияда pro-bono тизими қандай йўлга қўйилган?



 
  Расм манбаси : miloserdie.ru

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида адвокатлик тузилмалари ва адвокатлар томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатишни (pro bono) ривожлантириш кўзда тутилган эди. Бу 2019 йил 9 январда имзоланган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонда ҳам акс этган.

Мазкур икки ҳужжат асосида тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Лойиҳа ёзда жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди ҳам. Бироқ мамлакатимиз ҳуқуқ тизими учун мутлақо янги нарса бўлгани сабабли қонун лойиҳаси ҳануз “пишиб етилмади”. Мутасадди идоралар, жумладан, бу ишга асосий масъуллардан бири бўлган Адвокатлар палатаси маҳаллий мутахассислар ва аҳолининг фикр-мулоҳазалари билан бирга, илғор хорижий мамлакатларнинг ютуқ ва камчиликларини ҳам ўрганмоқда.

Куни кеча Адвокатлар палатасида ташкил қилинган семинарда Япониянинг “Uryu & Itoga” адвокатлар ҳайъати адвокати Шишидо Казуки ўз мамлакатининг бу борадаги тажрибалари ҳақида сўзлаб берди.

Жаноб Казукидан эшитганларимизни унинг ўзбек ҳамкасбларига етказишга қарор қилдик.

Молиявий манбалар

Японияда pro-bono тизими асосан давлат томонидан субсидия қилинади. Фуқароларга кўрсатиладиган бепул юридик ёрдам уч манба орқали молиявий таъминланади.

1. Японияда ҳудудий ва марказий адвокатлар палаталари мавжуд бўлиб, ҳар бир адвокат иккала ташкилотга ҳам аъзо бўлишга мажбур. Аъзолик бадаллари эса бир ойга тахминан 300 АҚШ долларига тенг. Бу маблағлардан палаталар бюджети шакллантирилади ва унинг муайян қисми фуқароларга бепул ёрдам кўрсатиши учун адвокатларга гонорар сифатида тўланади.

2. Японияда Юридик ёрдам маркази ёки халқ тилида “юридик терраса” деб номланган ярим давлат ташкилоти фаолит юритади. Ташкилот айнан фуқароларга бепул юридик ёрдам кўрсатиш бўйича ишларни ташкиллаштиришга ихтисослашган бўлиб, йиллик бюджети 46 млрд 100 млн йенага тенг. Pro-bono бўйича ишлайдиган адвокатларнинг аксарияти “юридик терраса” билан шартнома тузади. Мамлакатда 47 минг нафардан ортиқ адвокат бор, шундан 70 фоизи “юридик терраса” орқали, шартнома асосида бепул юридик ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.

3. Мамлакатнинг йиллик бюджети ҳажми 1 трлн доллар бўлиб, шундан ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатиш учун адлия тузилмаларига йилига 3 млрд доллар атрофида маблағ ажратилади. Пулларнинг бир қисми “юридик терраса”га йўналтирилади.

Pro-bono қамров доираси: юридик ҳимоя ва ҳуқуқий маслаҳат

Японияда pro-bono тизими уч кўринишда татбиқ этилади:

1. Жиноят ишларида (жиноят ишлари қўзғатилишидан олдинги ва кейинги ёрдам);

2. Фуқаролик ишларида (Юридик ёрдам маркази орқали – ҳужжатлар тузиш, судларда қатнашиш билан таъминланади);

3. Бепул ҳуқуқий ахборот (маслаҳат, йўл-йўриқ) бериш билан.

Бундан ташқари, ҳукумат табиий офатлардан зарар кўрган фуқароларнинг ҳам бепул юридик ёрдам олишларини кафолатлайди.

Жиноят ишларида pro-bono

Жиноят ишларида бепул юридик ёрдам олиш япон фуқаросининг хос ҳуқуқларидан бири бўлиб, бу Конституцияда кафолатланган.

Pro-bono жиноят ишларида гумонланувчи ва айбланувчига тақдим этилади. 2008 йилгача фақат ўта оғир жиноятларда гумон қилинаётган ёки айбланаётган фуқароларга давлат томонидан бепул адвокат тайинланган бўлса, ҳозирда бунақа чеклов йўқ.

Фуқаро бепул юридик ёрдамга муҳтожлигини билдирганидан сўнг давлат Адвокатлар палатаси ёки “юридик терраса” орқали адвокат тайинлайди. Хусусан, Палаталар pro-bono бўйича ишлаш учун адвокатларни квота асосида ажратади.

Адвокат гонорари

Гумонланувчи (ёки айбланувчи) билан 1 марта учрашгани учун адвокатга давлат ёки Палата томонидан тахминан 200 доллар пул тўланади. Кўп ҳолларда учрашувлар сони учтадан ошмайди (бу вақт ичида жиноят иши тугатилиб, гумон ёки айблов олиб ташланади ёхуд иш судга оширилади).

Тўғри, гонорарга устамалар ҳам қўшилиши мумкин. Масалан, гумондор билан учрашув жойи ёки айбланувчи сақланаётган ҳибсхона адвокатнинг яшаш жойи ўртасидаги масофа 25 км.гача бўлса – 40 доллар, 50 км. Ва ундан ортиқ бўлса 80 доллар устама тўланади. Шунингдек, ҳимояланувчи шахс ажнабий бўлиб, учрашувда таржимон иштирок этса, адвокат 20 фоиз устама олади.

Судда иштирок этиши учун бепул адвокат ўртача 700 доллар гонорар олади, бу сумма судлар сонига қараб ўзгариши мумкин.

Гонорарлар миқдори стандарт бўлиб, ишнинг оғир-енгиллигига боғлиқ эмас.

2019-09-12 20:28:22  |  904 |   0  | 

1 изоҳлар

Май 05, 2020  11:04

1.Карима нурматова

Японлани тажрибасидан фойдаланса максадга мувофик буларди жудда чиройли тарзда ташкиллаштирилган деб хисоблайман



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация