Вазирликка номзодлар Қонунчилик палатасида икки босқичда кўриб чиқилади



 
  Расм манбаси : parliament.gov.uz

Парламент ҳукумат аъзоси номзодини рад этса, бош вазир кўриб чиқиш ва маъқуллаш учун янги номзод тақдим қилади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида «Ҳукумат аъзоларининг парламент олдидаги масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Президентнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномаси ҳамда 2019 йил 28 январдаги фармонига мувофиқ тайёрланган ушбу лойиҳа билан ҳукумат аъзоларини тайинлаш ва тасдиқлашнинг янги тартиби жорий этилмоқда.

Хусусан, бош вазирнинг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари, вазирлар ва давлат қўмиталари раислари номзоди Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланганидан кейин, бош вазир тақдимига биноан, президент томонидан тасдиқланади. Ҳукумат аъзосининг номзоди аввалига Қонунчилик палатасидаги масъул қўмита, фракциялар томонидан дастлабки тарзда, кейин Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилиб, маъқулланади.

Номзод мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган, истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасида ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, ташкилий-техник чора-тадбирларни ҳамда истиқболдаги вазифаларни назарда тутувчи ўз ҳаракатлар режасини тақдим этади.

Қонунчилик палатаси ҳукумат аъзоси номзодини рад этган тақдирда, бош вазир кўриб чиқиш ва маъқуллаш учун янги номзодни тақдим қилади. Ҳукумат аъзоси президент томонидан тасдиқланганидан кейин ўз вазифаларини бажаришга киришади.

Шу билан бирга, лойиҳа билан ҳукуматнинг Ўзбекистон Республикаси президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқувчи тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиш бўйича ҳам янги тартиб белгиланмоқда.

Унга биноан, бош вазир ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда парламент палаталарига Мурожаатномадан келиб чиқувчи, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этади.

Депутатлар таклиф этилаётган ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар Олий Мажлиснинг муҳим қарорларни қабул қилиш ҳамда қонунлар ижросини назорат қилиш борасидаги фаолиятини кучайтиришга, шунингдек, ҳукумат аъзоларининг парламент олдидаги масъулиятини оширишга хизмат қилишини таъкидладилар.

2019-02-18 12:16:15  |  1724 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация