Ваколатда кўзда тутилмаган кенгашга таклиф



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Раиси Палатанинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали Самарқанд вилояти адвокатлари жамоасига мурожаат хати йўллаб, Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинловни амалга ошириш борасидаги ўз ваколатидан фойдаланишдан аввал бу борада адвокатлар жамоаси билан кенгашишни маъқул кўрганини маълум қилди ва улардан бошқарма бошлиғи лавозимига номзодлар кўрсатишларини сўради.

“... ушбу лавозимга муносиб уч нафар номзод кўрсатишингизни илтимос қиламиз, — дейилади, жумладан, мурожаат хатида. — Тўртинчи номзод сифатида эса ҳозирда ҳудудий бошқарма бошлиғи вазифасини вақтинча бажариб турган ходимнинг ўзи олинади. Натижада ушбу тўртала номзодни ўрганиб чиқиб, муносибини танлаш ва тасдиқлаш имконига эга бўламиз.

Ҳурматли ҳамкасблар, бизнинг демократия ва шаффофлик тамойилларига ҳам мос бўлган бу таклифимиз вилоятда адвокатура соҳаси ривожи учун ўта муҳим эканини инобатга олган ҳолда номзод кўрсатиш ишига масъулият билан ёндашасиз ва орангиздан бу лавозимга энг муносибларини баҳамжиҳатлик билан танлаб кўрсатасиз деган умиддамиз. Бу борада Сизларга холислик ёр бўлишини тилаб қоламиз”.

Гап шундаки, ўтган йилнинг охирида Палатанинг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси собиқ бошлиғи ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинган эди. Натижада эса, мурожаатда қайд этилганидек, “... салкам бир йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозими вазифаси вақтинчалик бажарувчи ходимга юкланган. Бу эса мамлакатамизнинг барча соҳаларидаги каби адвокатура соҳасида ҳам жиддий ислоҳотлар жараёни кечаётган ҳозирги даврда мақсадга мувофиқ эмас. Зеро, раҳбар ходим тайинланган мустаҳкам мақомга эга бўлмагунича журъатли қарорлар қабул қилиш, муҳим масалаларда кескин хулосалар чиқаришда иккиланиши табиий.

Айниқса, бугун кунда юртимизда адвокатура соҳаси фаолиятига боғлиқ бир қатор меъёрий ҳужжатлар, жумладан, процессуал қонунлар тубдан қайта кўриб чиқилмоқда. Жамиятнинг фаол қатлами сифатида адвокатура институти вакилларига қўплаб масъулиятли вазифалар юклатилмоқда. Бу жараёнда фаол иштирок этиш учун эса жойларда адвокатларнинг бошини қовуштира оладиган, керак бўлса уларнинг муаммоларига ечим топиб бера оладиган, тегишли йўналишларда ҳамкасбларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганиб, умумлаштирган ҳолда мутасадди органларга етказа биладиган, ўзига ишонган, масъулиятли ва малакали раҳбарга эҳтиёж сезилади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Раиси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинловни амалга ошириш фурсати етди деб ҳисоблайди. Аммо, биз бу борада Палата низомидаги ваколатдан фойдаланишдан аввал Самарқанд вилоятида фаолият юритиб келаётан адвокатлар жамоаси аъзоларидан ушбу лавозимга муносиб уч нафар номзод кўрсатишингизни илтимос қиламиз”.

Шу ўринда қайд этишимиз керакки, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Низомига кўра Палтанинг ҳудудий бошқармалари бошлиғи лавозимига тайинловни амалга ошириш ваколати Палата Раисига тегишли. Унинг номзод сўраб адвокатлар жамоасига мурожаат билан чиқиши эса янги тажриба бўлиб, буни мазкур ташкилотда кейинги пайтда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, жумладан, ўтган йилларда йўл қўйилган хатоларни бартараф этиш ва адвокатлар жамоасининг ҳақиқий ва шаффоф бирлашмасига айланиб, бой берилган ишончни қайта тиклаш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг узвий давоми сифатида тушуниш мумкин.

2019-08-15 11:35:07  |  2194 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация