Ўлим жазоси ижро этилганмиди ўзи?..



 
  Расм манбаси : 

Ёки маҳкумнинг турмуш ўртоғи 19 йилдан буён бу саволга жавоб топа олмаётгани ва бу борадаги мурожаатлар идоралар ўртасида бюрократия тўпи бўлиб айланиб юргани тўғрисида аччиқ ҳикоя...

Ишонасизми-йўқми, ихтиёрингиз, аммо ҳақиқат шуки, 2000 йилнинг 15 май санасида бир қатор ўта оғир жиноятларда айбланиб ўлим жазоси тайинланган маҳкумнинг оила аъзолари ушбу жазо ижро этилгани тўғридаги ҳужжат, аниқроғи, ўлим гувоҳномасини ололмай, оқибатда эса мерос масаласини ҳал қила олмай сарсон...

«Хоразм вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро Н.Ишчанова бизга мурожаат қилиб, ўлимга ҳукм қилинган турмуш ўртоғи Ходжаев Полвонназарнинг номида бўлган мол-мулк­ни расмийлаштириш билан боғлиқ масалада юридик ёрдам кўрсатишимизни сўради, — дейди «Sanсtaleks» адвокатлик фирмаси адвокати Сафар Пардаев. — Бизга тақдим қилинган ҳужжатлардан кўринишича, ўлим жазоси ижро этилган ёки этилмаганлиги тўғрисида унинг яқин қариндошларига шу пайтгача тегишли маълумот юборилмаганлиги ва унинг ўлганлигини тасдиқловчи маълумот мавжуд эмаслиги боис маҳкумнинг номидаги уй-жойларни расмийлаштиришда муаммолар юзага келган.  Дастлаб  маҳкумнинг қариндошлари, аниқроғи, унинг турмуш ўртоғи  ўлим жазосини ижро этилган ёки этилмаганлиги  тўғрисида маълумот беришни  сўраб Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судига мурожаат қилишган ва  улар  суддан ҳукмнинг ижро қилинганлиги ҳақида мазкур суд архивида бирон-бир маълумот йўқлиги тўғрисида жавоб олишган».

Шундан сўнг адвокат, ўз ваколатлари доирасида, 2018 йилнинг 19 сентябрида Ўзбекис­тон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармасига мурожаат қилиб, ушбу ҳукм ижро этилган ёки йўқлиги тўғрисида маълумот берилишини, агар ижро этилган бўлса, маҳкумнинг ўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатлардан нусхалар тақдим этилишини сўрайди. Шу ўринда яна бир эътиборли жиҳати, мазкур сўровномасида адвокат ушбу масалада маҳкумнинг турмуш ўртоғи аввал Тошкент вилоят судига мурожаат қилганини, суд идораси эса ўз архивида бундай маълумот мавжуд эмаслиги тўғрисида жавоб берганлигини ҳам эслатади. Аммо... ИИВ ЖИЭББ мутасаддилари бу маълумотни эътибордан четда қолдиради шекилли, адвокатга бу борада айнан ўша «Тошкент вилоят судига мурожаат этишингиз лозимлигини маълум қиламиз» дея 2018 йилнинг

1 октябрида жавоб йўллайди.

Шундан сўнг адвокат ушбу ёзишмаларни илова этган ҳолда 2018 йилнинг 11 октябрида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилиб, мазкур ҳолатга қонуний баҳо беришларини ҳамда сўралаётган ҳукм ижро этилганлигини тасдиқловчи маълумотларни олишда амалий ёрдам кўрсатишларини сўрайди.

Адвокатнинг мазкур мурожаатномаси Бош прокуратурадан 12.10.2018 йилда Тошкент вилояти прокуратурасига, у ердан 18.10.2018 йилда Тошкент махсус прокуратурасига, ундан 28.10.2018 йилда Ички ишлар вазирлигига юборилади. Вазирлик бу хатни Жазони ижро этиш бош бошқармасига юборган бўлса керакки, 24.11.2018 йил санаси билан бу бошқармадан адвокатга, худди аввалгидек, «Ходжаев Полваназар Азимбаевичга нисбатан  жазони ижро этилганлиги бўйича маълумот олиш учун унга нисбатан ҳукм чиқарган Тошкент вилоят судига мурожаат этишингиз лозимлигини маълум қиламиз» деган мазмунда   жавоб келади. Фақат бу сафар изоҳ ҳам қўшилган: «Эски таҳрирдаги Ўзбекистон Респуб­ликаси Жиноят-ижроия кодексининг 140-моддаси 5-қисми талабларига асосан, ҳукм чиқарган суд органи томонидан ҳукм ижро этилгани юзасидан яқин қариндошларини хабардор қилиши белгиланган...»

«Бизга буни тушунтиришмаса ҳам билардик, шу боис ҳам аввал вилоят судига мурожаат қилиниб, уларнинг архивида бундай маълумот йўқлиги ҳақида жавоб хатини олганлигимиз  учун ҳам масалага ечим топишда ёрдам беришларини сўраган ҳолда юқори идораларга мурожаат қилаётган эдик, — дейди адвокат фиғони фалакка чиқиб. — Хусусан, ўлим жазоси ижро этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар қайсидир сабаб билан судда сақланмаган бўлса, у Ўзбекистон Республикаси ИИВ  Жазони ижро этиш Бош бошқармаси архивида ҳам бўлиши лозим эмасми? Аммо ушбу маълумотга эга бўлган  ваколатли органлар  бунга аниқлик киритиб, мурожаатда кўрсатилган масалани мазмунан ҳал қилиш ва тегишли маълумотни тақдим этишнинг ўрнига фақат расмиятчилик, қоғозбозлик билан  шуғулланиб, мурожаатимизни бир-бирига юбориш билан чекланмоқдалар. Ахир «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида «мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократизм ва сансалорликка йўл қўйилмаслиги» белгилаб берилган-ку...»

Адвокат худди мана шу муаммони кўрсатган ҳолда энди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича  вакили (Омбудсман)га  2018 йил 4 декабрда мурожаат йўллаб,  изланаётган маълумотларни олишда ўз ваколати доирасида  амалий ёрдам кўрсатишини сўрайди...

Наҳотки шундан кейин ҳам масала ечимини топмаган бўлса, деб ҳайрон бўляпсизми? Ҳа, афсуски, шундай...

Хуллас, Омбудсман адвокат мурожаатини 2018 йилнинг 29 де­кабрида Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий судига, Олий суд эса 2019 йилнинг 17 январида ЖИБ Тошкент вилоят судига (!) юборади. Мазкур суд идораси эса ҳужжатларни роса излаган шекилли, 4 март санаси билан адвокатга жавоб йўллайди: «Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди архив ва махсус бўлимларида П.А.Ходжаевга нисбатан та­йинланган ўлим жазоси ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмаслиги маълум қилинади.Мазкур ҳолат юзасидан тўлиқ маълумот олиш учун Ўзбекис­тон Республикаси ИИВ ­ЖИЭББга мурожаат қилишингиз тушунтирилади».

Бу жавобни ўқиб юрагингиз орқага тортиб кетган бўлса ажаб эмас. Зеро, мазкур ҳолат оддий бюрократик сансалорлик билан боғлиқ бўлган тақдирда ҳам бу касалликнинг жамият учун ўта хавфли бир кўринишига келиб қолганини англатади! Ахир бу ерда ҳеч қандай чалкаш масала йўқ, шунчаки, ижро ҳужжати суд архивида бўлмаган ҳолда яна қаерда бўлиши мумкин деган саволга жавоб излаб кўрилса ҳаммаси ойдинлашарди-қоларди. Шунга қарамасдан адвокат мурожаати идорадан-идорага тўп қилиб тепилаётган экан, озгина чигалроқ масалаларда муносабат қандай бўлади?..

Бу ҳам майлику-я, аммо масала ростдан ҳам бир инсон боласига ўлим жазоси ижро этилганлиги ҳақида ҳеч қаерда ҳужжат сақланмаганлигига бориб тақалса-чи?! Ахир ҳар қанча катта жиноятларга қўл урган тақдирда ҳам у инсон боласи эди, қолаверса, унинг ортида ҳам яқинлари, айниқса, оиласи, фарзандлари бор эдику? Наҳотки...

Энди бу гапларни айтишга тил, ёзишга қўл бормайди...

Адвокатнинг бошқа ­хавотири ҳам бор!

«Сизнинг ҳадикларингиз тўғри, аммо мени яна бошқа бир савол қийнаб турибди, — дейди адвокат Сафар Пардаев. — Бир фуқаро Хоразмдан умид билан қанча йўл босиб келиб, бизга ишонч билдириб, биз билан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома тузиб, бунинг учун озми-кўпми пул ҳам тўлади. Аммо, кўриб турганингиздек, бизнинг бу фуқарога ёрдам бериш йўлидаги шунча қонуний ҳаракатларимиз ҳеч қандай натижа бермади. Бундай ҳолатда адвокатга ишонч қоладими? Биргина Тошкент вилоят судининг ўзига жавоб сўраб неча марталаб боришга мажбур бўлдим. Лекин...»

Ҳа, адвокатнинг эътирози жуда ўринли. Қолаверса, давлат идораларида ўз масъулиятига муносабат юқорида кўрганимиздек давом этар экан, бу нафақат адвокатнинг обрўйига дахл қилади, балки аҳолининг давлат органларига нисбатан ишончсизлиги янада ортишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Нурбек ТОШНИЁЗ,

журналист.

2019-06-26 10:17:53  |  1996 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация