Мақоламизга Адлия вазирлиги муносабат билдирди!



 
  Расм манбаси : 

Сайтимизда ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган бир мақолага Адлия вазирлиги томонидан билдирилган муносабатни, гарчи унга таҳририятнинг эътирозлари жуда кўп бўлса-да, таҳрирсиз, тўлиқ матнда эълон қилишга қарор қилдик. Зеро, оммавий ахборот воситаси очиқ минбар бўлиб, фикрлар ранг-баранглигини таъминлашга ва шу йўл билан жамиятда соғлом фикр шаклланишига хизмат қилмоғи лозим. Шунингдек, танқидни нима қилиб бўлса-да рад этиш эмас, балки уни босиқлик билан қабул қилиб, тўғри хулоса чиқара олиш кўникмаси ҳам баҳслар давомида шаклланиб боришидан умидвормиз. Жумладан, ўтган даврларда давлат идораларида пайдо бўлган гегемонлик, бошқаришга мойиллик кайфияти барҳам топиши, Президентимиз таъбири билан айтганда, чинакамига халқнинг хизматкорига айланиши учун вақт керак бўлади. Жамоатчиликнинг бу жараёндаги вазифаси эса ана шу вақтдан унимли фойдаланилишига ва ислоҳотлар ғилдирагининг жадалроқ айланишига озгина бўлса-да ҳисса қўшишдан иборат!

 

“Адвокатнинг мустақиллиги нималарда намоён бўлади?”

“Advokatnews” сайтида “Вазирни алқашдан бошқа ишимиз йўқми?..” сарлавҳаси остида “ADOLAT DARCHASI” адвокатлик бюроси раҳбари, адвокат Усмонхон Салоҳиддиновнинг “Ҳамкасбларга мурожаат!” номли мақоласи эълон қилинди.

Мақолада яқиндагина мамлакатимизда ўтказилган “Tashkent Law Spring” халқаро юридик форуми доирасида Адлия вазирлиги ходими ва “Advokatnews” САЙТИ таҳририяти вакили ўртасида бўлиб ўтган кичик бир эпизод мисолида вазирлик номига асоссиз мулоҳазалар билдирилган.

Хусусан, мақолада вазирлик адвокатурани “ҳиқилдоғидан бўғиб”, “бўйнига бўйинтуруқ солиб” “жиловлаб” турганлиги келтирилган.

Таъкидлаш жоизки, “Адвокатура тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида адвокатлик тузилмалари ва Адвокатлар палатасининг фаолиятига кўмаклашувчи идора ҳисобланади.

Соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш, профессионал юридик ёрдам сифатини ва адвокат касбининг нуфузини ошириш мақсадида қабул қилинган ҳамда адвокатлар ҳамжамияти томонидан яхши кутиб олинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳасини ҳам айнан Адлия вазирлиги ишлаб чиққан.

Шунингдек, Адлия вазирлиги ўз ташаббуси билан адвокатура институтини тартибга солишга оид аксарият ваколатларидан воз кечди, адвокатуранинг эркинлиги ва мустақиллигини мустаҳкамлаш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилишида фаол иштирок этиб келмоқда.

Соҳада муҳим ўрин тутувчи, талабгордан малака имтиҳони оладиган, адвокатларга нисбатан интизомий иш юритадиган Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари таркибининг камида 60 фоизи адвокатлардан иборат таркибда шакллантирилди, илгари ушбу комиссия тенг миқдорда адвокатлар ва адлия органлари ходимларидан иборат бўлар эди. Ҳозирда комиссиялар таркибида фақатгина бир нафар адлия ходими фаолият кўрсатмоқда, бу мақолада қайд этилган адвокатурани “бўғиш”, “бўйнига бўйинтуруқ солиш” учун “ричаг” эмаслигини бутун адвокатлик ҳамжамияти яхши тушунади ҳамда улар томонидан вазирликнинг бу каби ташаббуслари фаол қўллаб-қувватланмоқда.

Ёки бўлмаса, адвокатларнинг ҳимояси нуқтаи назаридан келиб чиқиб адвокатнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан барча мурожаатларни кўриб чиқиш, адвокатга нисбатан интизомий иш қўзғатиш мазкур комиссиялар ваколатига ўтказилди.

Албатта, ҳали ҳамон адвокатларнинг ҳуқуқларини тўлиқ амалга оширишларига тўсқинлик қилаётган ва улар томонидан сифатли юридик ёрдам кўрсатилишига имкон бермаётган бир қатор муаммолар ҳам мавжудлигини инкор этиб бўлмайди.

Буни вазирлик ўтказган адвокатлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатилишида уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатлари бўйича сўровнома натижалари ҳам кўрсатиб турибди.

Шу ўринда, Адлия вазирлиги соҳада юзага келаётган муаммоларни ҳал этишда, адвокатура институтини янада ривожлантиришга кўмаклашишда Адвокатлар палатаси билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатганлигини, бундан кейин ҳам елкама-елка туриб ишлашга доим тайёрлигини, бу йўналишда олиб бораётган ишларимиз давом этишини яна бир бор айтиб ўтмоқчимиз.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси раҳбарияти, Advokat-media” МЧЖ сайти бош муҳаррири Н. Тошниёзов ва адвокат У. Салоҳиддинов ўртасида “очиқлик ва конструктив руҳда” бўлиб ўтган учрашувда батафсил тўхталиб ўтилди.

Шу билан бирга, учрашув давомида мақолада қайд этилган ҳар бир ҳолат юзасидан ҳақиқий вазиятга аниқлик киритилди.

Қайд этиш жоизки, мамлакатимизда биринчи бор ўтказилган халқаро юридик форумнинг ҳар бир сессияси кун тартиби интернет тармоғида эълон қилинган ҳамда барча иштирокчилар, шу жумладан хорижий меҳмонларга тақдим қилинган.

Адлия вазирлиги мазкур тадбирнинг ташкилотчиси сифатида унинг тасдиқланган кун тартиби асосида юқори савияда ўтишини ташкил этишга масъулдир. Тадбирда иштирок этаётган хорижий маърузачилардан самарали фойдаланиш мақсадида уларнинг форум доирасида бошқа сессияларда ҳам маърузалар қилиши назарда тутилган.

Шунга кўра, тадбир учун масъул этиб белгиланган вазирлик ходими кун тартиби бўйича регламентга қатъий риоя этиш ҳақидаги талаби жуда ўринли бўлган. Бундан ташқари, учрашувда муаллиф ушбу ҳолатни нотўғри тушунганини ва ўзи томонидан англашилмовчилик бўлганлигини айтиб ўтди.

Шунингдек, ўтказилган суҳбатда вазирлик ва вазир адвокатурани “ҳиқилдоғидан бўғиб”, “бўйнига бўйинтуруқ солиб” “жиловлаб” олганлиги айнан қаерда, қайси ҳолатларда кўринаётганлиги ҳақидаги саволга муаллиф томонидан далилларга асосланган аниқ факт айтилмади.

Бундан ташқари, мақолада адлия вазирининг бўлиб ўтган халқаро юридик форумда ўзбек тилида сўзлаган нутқи бўйича ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилган. Айтиш жоизки, ижтимоий тармоқларда келтирилган мулоҳазалар адлия органи ёки бошқа кимнидир расмий позицияси эмас, балки бу фуқароларнинг шахсий муносабатлари бўлиб, ҳар бир шахс ўз фикрини эркин билдиришга ҳақлилиги Конституциямизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

Юқоридагиларга кўра, мақолада келтирилган важлар асоссиз бўлиб, вазирликнинг ишчанлик обрўсига таъсир кўрсатади.

Таҳририятдан ушбу ҳолат бўйича раддия берилишини ҳамда келгусида ҳолатларга объектив муносабат билдириб, ўқувчиларга асосли маълумот тақдим этишларини сўраб қоламиз.

Давлат органи сифатида Адлия вазирлиги бундан кейин ҳам адвокатлар фаолияти кафолатлари ва унинг мустақиллигини таъминлашда, аҳолига кўрсатилаётган юридик ёрдам сифатини оширишда ташаббускор ва манфаатдор бўлиб қолади.

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

2019-05-15 18:43:05  |  1926 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

2 изоҳлар

Май 18, 2019  01:10

1.Акмал Икрамов

Фукаролик ишлари буйича Жиззах туманлараро судининг судяси О.Шомуродовнинг хизмат хонаси эшиги тепасига адвоактларнинг хонага Кириши катиян такикланади деган ёзув пайдо булган Эди Адвокат журнали ходимлари жойида урганиб муносабат билдирди ва бу холат бартараф этилди

Авваламбор, ҳақиқатни гапириш фарз яъни чинданам мени юқори зикр этилган мақолам бўйича Адлия вазирлигидаги учрашув очиқ ва конструктив руҳда ўтгани факт. Мен бу вазирликдаги раҳбарлар ва ходимларни кишиларни эшита билиш, ўрганиш ва юқори мулоқот одоби, ҳуқуқий маданияти лол қолдирди. Энди кези келганда айтиш жоиз, мен вазирликни нуфузини тушуриш ёки обрўсини тўкишни ният ҳам қилмаганман. Бу мени кўп йиллик тажрибамдан ҳаётдаги холислигимдан ўз ифодасини топади. ''Жиловлаш'' ''ҳиққилдоғидан бўғиш'' масаласига келсак, Куп йиллик фаолиятим давомида шу вазирлик даргоҳидан куп маротаба норози бўлиб чиқиб кетганларим, (сўнгги, кечаги учрашув бундан мустасно) ҳаттоки адлия билан судлашганларимдан асоратлар таъсир қилган бўлиши мумкин. Лекин, юқоридаги раддиядаги, ихтибос, ''...ва “Advokatnews” САЙТИ таҳририяти вакили ўртасида бўлиб ўтган кичик бир эпизод мисолида...''-деган жумлани ўзи ҳам вазирлик билан адвокатура ўртасида ҳамкорлик сустлигидан дарак эмасми.Чунки, мукаммал ҳамкорликда ''эпизодлар'' бўлиши жоиз эмас, менингча. Ундан ташқари, Ўзбекистонда адвокатура фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Президент Фармони лойиҳасини адлия томонидан ишлаб чиқилиши ва адвокатлар ўртасида умуммуҳокамага қўйилмагани, мазкур фармонда белгиланган талабларни қонунчиликка киритишдаги сусткашликлар (фикримча, бу фармон 5%га ўзлаштирилди холос, шахсан мен томонимдан мукаммал ишлаб чиқиб, тегишли идораларга юборган таклифларим ҳам эътиборсиз қолиб кетмоқда), Ўз.Р.Солиқ Кодексини 391-моддасига зид равишда вазирликнинг мутасадди ходими томонидан давлат идораларига хатлар юборилиши, жойлардаги адлия идораларини нафақат ходимларини,балки раҳбарларини адвокатлик фаолиятига юқоридан туриб назар солишлари кабилар мени мақоламдаги ''бўғиш..., жиловлаш ва рычаг...'' каби атамаларни қўллашда ўз таъсирини кўрсатган. Бу бошқа, тилга олинмаган муаммолар ўқувчилар, мухлислар ҳукмига ҳавола. Лекин, бир нарсага ишончим пайдо бўлди, Адлия вазирлиги кўмаги билан, вақти келиб биз ҳам Озарбайжонга (ёки бошқа жойдаги юридик форумга) борганимизда бизни раҳбаримиз ҳам Озарбайжон адвокатлари раҳбаридай баралла асосли гапиради ва гулдирос қарсакларга лойиқ бўлади.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация