Апелляция суди: тошкентлик фирибгар аёлнинг қариндошлари билан жиноий шерикчилиги исботланмади



 
  Расм манбаси : Sputnik Кыргызстан

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди ва жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясида фирибгарликка қўл урган аёлнинг иши кўриб чиқилди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси Ҳамид Шамшиевнинг «Газета.uz"га билдиришича, Олмазор туманида яшовчи Муаззам Убайдуллаева аёл эканлиги, оилали, 4 нафар фарзанднинг онаси бўлишига қарамай, такрор-такрор фирибгарликка қўл урган. Хусусан, у 2014 йил 18 март куни туманнинг Сағбон-Форобий кўчасидаги кўп қаватли 6-уйда яшовчи К. Ҳошимовнинг «Матиз» русумли автомашинасини 9 000 АҚШ долларига сотиб олишга келишади. Сўнг 4 000 АҚШ доллари бериб, қолганини бир ой муддатда беришга ваъда қилган ҳолда автомашинани олиб кетади.

Лекин автоуловни бошқа шахсга сотса-да, пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборади. К. Ҳошимовга қарзини тўлашни эса, «унутиб» қўяди.

Орадан уч ойдан кўпроқ вақт ўтгач, Муаззам юқорида қайд этилган манзилда истиқомат қилувчи Н. Камоловни ҳам худди шундай усулда чув туширади. Яъни унинг «Спарк» русумли автомашинасини 12 000 АҚШ долларига баҳолаб, шу заҳотиёқ 4 000 АҚШ долларини санаб беради. Қолган 8 000 АҚШ долларини 2 ой ичида беришини айтади.

Бироқ автомашинани сотгач, Н. Камоловнинг пулини беришни хаёлига ҳам келтирмайди.

Буни қарангки, М. Убайдуллаеванинг фирибгарлигидан азият чеккан фақат К. Ҳошимов ва Н. Камоловларгина эмасди. Негаки, «қаҳрамон"имиз 2014 йил июль ойининг ўзида уларнинг яна 4 нафар қўшнисидан турли русумдаги автомашиналарни ярим насияга сотиб олиб, охир-оқибат алдаб кетади. Муаззамнинг яна бир устомонлигини кўрингки, у барча автомашиналарни жияни Жаҳонгир Ҳабибуллаев, синглиси Мадина Абдуллаева ва ўғли Сардор Убайдуллаевларнинг номига расмийлаштиради. Аммо автомашиналар олди-сотдисидан қариндошлари ва фарзандини деярли манфаатдор қилмайди.

Орадан 4 йил ўтган бўлишига қарамай, М. Убайдуллаева ҳам қилмишлари учун жиноий жавобгарликка тортилди. Яъни Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «б"-банди билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди томонидан қонуний жазо тайинланди. Лекин жабрланувчилар ушбу жиноятда Ж. Ҳабибуллаев, М. Абдуллаева ва С. Убайдуллаевлар ҳам айбдор эканликларини билдириб, жиноят ишини қайтадан кўриб чиқиш юзасидан апелляция шикояти беришди.

Апелляция инстанцияси суд мажлисида гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган Ж. Ҳабибуллаев, М. Абдуллаева ва С. Убайдуллаев М. Убайдуллаеванинг илтимосига мувофиқ автомашиналарни ўзларининг номига расмийлаштиргани, бироқ пул олди-бердисига аралашмагани ва ҳеч қандай манфаатдор бўлмаганини маълум қилишди. Қолаверса, дастлабки тергов даврида ҳам ушбу шахсларнинг жиноятга алоқадорлиги атрофлича текширилиб, уларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли жиноят ишининг шу қисми ҳаракатдан тугатилган. Бинобарин, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди суд ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирди.

Эслатиш жоизки, 2016 йил 26 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунга биноан, Жиноят кодексининг 168-моддасида назарда тутилган фирибгарлик жинояти учун жазо чоралари оширилди.

Мазкур ўзгартишга кўра, фирибгарлик жиноятига қўл урганлик учун юқоридаги модданинг 1-қисми бўйича жазо муддати аввалги 6 ой қамоқдан 3 йил озодликдан маҳрум қилишгача, тегишли тартибда 2-қисми учун 3−5 йилгача, 3-қисми учун 5−8 йилгача, 4-қисми учун эса, 8−10 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача оширилди. Бу эса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, жазонинг адолатлилиги тамойилини таъминлаш, шунингдек, жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

2018-09-24 16:17:57  |  2395 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация