Халқаро юридик форумда иштирок этиш нега пуллик ва неча пул?
Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 25-27 апрель кунлари Тошкент шаҳрида “Tashkent Law Spring” Халқаро юридик форуми ўтказилиши режалаштирилган. Бугун “Ҳаркатлар стратегияси” марказида мазкур форум ташкилий қўмитаси миллий ва хорижий ОАВ вакиллари учун матбуот бирифинги ўтказди.
“Бу форумнинг бошқа шунга ўхшаш тадбирлардан асосий фарқи биз форумда иштирок этишни очиқ рўйхатга олиш тизими орқали бошладик. Яъни таклифномалар орқали эмас. Ким хоҳласа, марҳамат, сайтдан очиқ рўйхатдан ўтиб, иштирок этиши мумкин. Лекин форумда қатнашиш пуллик, — дейди адлия вазирининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Истамов.
Расмийнинг айтишича, иштирокнинг пуллик бўлиши бу хорижий тажрибадан келиб чиққан бўлиб, асосан иккита мақсадни кўзлайди: биринчиси, хориждан етук мутахассислар, спикерлар, маърузачиларни чақириш харажатларини қисман бўлса ҳам қоплаш учун бўлса, иккинчиси, бунга ўхшаш тадбирларда қатнашишнинг ўзига яраша қадри бўлиши учундир. Шунингдек, пуллик иштирок махсус ва тўлиқ пакетларда ташкил этилган. Махсус пакетнинг нархи 900 минг сўм бўлиб, у форум ишида иштирок ҳамда кофели танаффус ва тушликни ўз ичига олади. Тўлиқ пакет эса қўшимча равишда расмий кечки овқат тадбирида ҳам иштирок этиш имконини беради ва унинг нархи 2,5 миллион сўм. Аммо бу нархлар 25 мартгача рўйхатдан ўтишга улгурганлар учун. Бу санадан кечикканлар учун 10-15 фоизлик устама билан яна бошқа нарх белгиланади. Тадбирда иштирок этиш имконини топа олмаганлар учун эса форум сайтида барча муҳокамаларнинг он-лайн тарзда ёритиб борилиши ваъда қилинмоқда.
Форум ташкилий қўмитасидан маълум қилинишича, иштирок пуллик бўлишига қарамасдан бугунги кунгача маҳаллий аҳоли ва хорижликлардан жами 300 га яқин ариза келиб тушган. Аммо уларнинг орасида хорижликлар неча фоиз эканлиги ва адвокатлар бор-йўқлиги ҳақида маълумот бера олишмади. Форум сайтида эълон қилинган спикерлар орасида эса ҳозирча Ўзбекистон Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаровдан ташқари адвокатлар мавжуд эмас.
Адлия вазирлиги вакилининг айтишича, “Маърузачилар жўғрофияси ниҳоятда кенг. Бугунги кунгача иштирокини расман тасдиқлаган хорижий маърузачилар орасида АҚШ, Англия, Франция, Япония, Жанубий Корея, Сингапур ва бошқа ривожланган мамлакатлардан ҳуқуқ соҳаси вакиллари, адвокатлар, давлат ташкилоти раҳбарлари бор. Бундан ташқари Грузия, Россия, Қозоғистон каби мамлакатлар вакиллари ҳуқуқий соҳадаги ўз тажрибалари билан ўртоқлашадилар”.
Форумда асосий муҳокама йўналишларидан ташқари юридик фирма ва адвокатура юритишда қандай қилиб муваффақиятга эришиш мумкинлиги мавзусида маҳаллий ва хорижлик амалиётчи адвокатлар томонидан маҳорат дарслари ўтилиши ҳам кўзда тутилган.
Форумда Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси ҳамкорлигида ўтказилаётган “Йилнинг энг яхши адвокати”, “Йилнинг энг яхши адвокатлик тузилмаси”ва “Йилнинг энг яхши корпоратив ҳуқуқшуноси” танловлари ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтиши ҳақида эса аввал ҳам хабар берган эдик.
Адлия вазири ўринбосарининг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 80 мингга яқин ҳуқуқшунослар мавжуд бўлиб (Демак лицензияли адвокатлар уларнинг бор-йўғи 5 фоизини ташкил этади), Ўзбекистон тарихида илк маротаба ташкил этилаётган бу каби тадбирлар соҳа вакилларининг малакасини оширишда муҳим рол ўйнайди. Қолаверса, “Форум муҳокамалари натижалари миллий қонунчилигимизни модернизация қилишда албатта фойдаланилади”.
Форум “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” учун тасдиқланган давлат дастури ҳамда Ҳукуматнинг 2019 йил 24 январдаги фармойишига асосан ташкил этилмоқда.
Форум тадбирлари ўзбек, инглиз ва рус тилларида олиб борилади ва шу уч тилга синхрон таржима қилинади.
Форумда иштирок этиш учун tashkentlawspring.uz веб-сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтиш имкони яратилган.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш