Конституциямизда қонунларга зид нормалар бор...



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

Конституциямизда қонунларга зид нормалар бор...

Аслида масала тескари қўйилиши керак эди. Яъни айрим қонунларда ­Конституцияга зид нормалар борлиги ҳақида. Зеро, Конституция ­қонунларга мосланиши эмас, аксинча, ҳар қандай қонун нормаси аввало Конституция ­нормаларига мос тарзда ишлаб чиқилиши керак. Аммо бугун мавзу, ростдан ҳам, сал бошқачароқ йўналишда. Гап шундаки, баъзи янги қонун ҳужжатлари ­қабул қилинаётганида ёки қонунларга ўзгартишлар киритилаётганида уларда, ­замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, Конституцияга мос келмайдиган атама ва нормалар ҳам акс этиб қолиши мумкин. Аммо бундай ҳолатда ҳам, параллел равишда, Конституцияга тегишли тузатиш киритилиши таъминланиши шарт.

Масалан, 2018 йилнинг 15 октябрида Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинган бўлиб, шу муносабат билан Конституциямизга ҳам ўзгартиш киритилган. Яъни Конституциянинг 105-моддаси биринчи қисмидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) билан бир вақтда уларнинг маслаҳатчилари ҳам сайланишини ҳамда сайланиш муддатининг икки ярим йил эканлигини белгиловчи нормалар чиқариб ташланган. Ушбу ҳолат, юқорида қайд этганимиздек, қонунчиликдаги ўзгартишларнинг Конституцияда дарҳол ўз аксини топишини намоён қилади.

Аммо... қонунлар билан ишлаш давомида амалда ҳамиша ҳам шундай бўлмаётганига гувоҳ бўлиб қоляпмиз — Конституция ва қонунлар ўртасидаги айрим номувофиқликлар кўзга ташланмоқда. Бундай коллизияли нормаларнинг мавжудлиги, айримларининг ҳатто анча узоқ вақтдан бери сақланиб келаётгани эса, ўз навбатида, Конституциямизнинг 16-моддасидаги муҳим бир қоиданинг бузилиши ҳисобланади. Зеро, бу моддада бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Келинг, эътирозимизни аниқ мисоллар асосида кўриб чиқайлик.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-476-сон Қонунига асосан «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси бешинчи хатбошисига ўзгартиш киритилиб, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг фармойишлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қаторидан чиқариб ташланди. Бироқ, мазкур 476-сонли Қонунда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартишлардан келиб чиққан ҳолда Конституцияга ҳам ўзгартиш киритилиши кераклиги кўзда тутилмаган. Натижада Конституциямизнинг 94-моддасида “Ўзбекистон Респуб­ликасининг Президенти Конституцияга ва қонунларга асосланиб ҳамда уларни ижро этиш юзасидан республиканинг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар, қарорлар ва фармойиш­лар чиқаради” деган норма қолиб кетган.

Шу ерда эътироз туғилиши мумкин — “Қонунчиликдаги юқорида қайд этилган ўзгартиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишлар чиқариш ҳуқуқини бекор қилмайди, шунчаки, бундан кейин Президент фармойишлари норматив-ҳуқуқий ҳужжат саналмайди” деган маънода.

Бу саволга жавоб топиш учун эса «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги янги таҳрирдаги Қонуннинг 3-моддасига эътибор қаратамиз: «Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ушбу Қонунга мувофиқ қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартишга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатдир». Демак, Конс­титуцияда қайд этилган “республиканинг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган” ҳужжат ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб қолади.

Шунга кўра Конституция ва «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонун ўртасида вужудга келган зиддиятни бартараф этиш учун Конституциямизнинг 94-моддасига ўзгартиш киритилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг умуммажбурий ҳужжатлари қаторидан фармойишларни чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Шу ўринда яна бир масала ҳам ўртага чиқиши мумкин. Яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишлар қабул қилиш ваколатини ҳам бевосита Конституцияда белгилаш масаласи. Аввало, Конституцияда фақат умум­аҳамиятли масалалар қамраб олиниши назарда тутилса, бу маълумотнинг Асосий Қонунда акс этиши муҳим эмас деб ҳисоблаймиз. Қолаверса, буни Конституцияда акс эттириш зарур деб ҳисоб­ланган тақдирда ҳам қўшимча жумла киритиш йўли билан ҳал этса бўлади. Яъни 94-моддага Ўзбекистон Республикаси Президентининг норматив-ҳуқуқий ҳужжат саналмайдиган, балки индивидуал тусдаги ёки тор доирадаги давлат органлари ва ташкилотларига қаратилган кўрсатмаларни ўз ичига олувчи фармойишлар қабул қилиш ҳуқуқи борлигини акс эттирадиган янги жумла қўшиш мумкин.

Конституциямизга ўз вақтида киритилмай қолган навбатдаги тузатиш ҳам «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонун билан боғлиқ. Яъни Бош Қомусимизнинг 98-моддаси учинчи қисмида Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудидаги барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган фармойишлар чиқариши тўғрисидаги норма ҳам қолиб кетган. Энг қизиғи, Вазирлар Маҳкамаси фармойиши Президент фармойиши каби норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қаторидан яқиндагина чиқариб ташланган эмас. Аксинча, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонун 2000 йил 14 декабрда илк қабул қилинганидаёқ Вазирлар Маҳкамасининг фармойишлари норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида эътироф этилмаган. Бундан чиқадики, Қонун қабул қилинган пайтда унда Конституцияга зид келадиган қисмлар борлиги инобатга олинмаган ва ўз вақтида тегишли чора кўрилмаган. Ваҳоланки, бу Қонун қабул қилинганидан кейин ҳам Конституция­га мазкур модда бўйича уч маротаба (2003 йил 24 апрелдаги 470-II-сонли, 2011 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-284-сонли ва 2014 йил 16 апрелдаги ЎРҚ-366-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонунларига асосан) қўшимча ва ўзгартишлар киритилган бўлса-да, 98-моддадаги бу номувофиқлик ҳозиргача сақланиб келмоқда.

Кейинги мисолимиз 2018 йил 5 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги Қонуни билан боғлиқ. Яъни ушбу ҳужжат билан Ўзбекис­тон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат хавфсизлик хизмати этиб қайта ташкил этилди. Шунга асосан кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартишлар киритилиб, жумладан, уларда ташкилот янги номда акс эттирилди. Лекин энг муҳим ҳужжат — Асосий Қонунимиз эътибордан четда қолиб кетган. Тегишли Қонун қабул қилинганига саккиз ойдан ошиқ вақт ўтганига қарамасдан, Бош қомусимизда «Миллий хавфсизлик хизмати» сўзлари ҳамон сақланиб турибди. Хусусан, 80-модданинг 7-бандида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ва уни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш борасида мутлақ ваколатга эга эканлиги, 93-модданинг 24-бандида эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, кейинчалик шу масалаларга доир фармонларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тасдиғига киритиш ваколатига эга эканлиги белгиланган.

Албатта, Конституцияга тез-тез ўзгартиш киритилиши унинг нуфузига ижобий таъсир қилмаслигини, яъни унинг «қаттиқ конституция» мақомига эришиши йўлида тўғаноқ бўлишини яхши биламиз. Аммо бу бошқа масала. Зеро, қонун ҳужжатлари ва Конституция нормалари ўртасида бир-бирига зид келувчи нормаларнинг бўлмаслигига эришиш ҳуқуқий демократик давлат учун Конституция устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ масала саналади. Демак, Конс­титуция ва бошқа қонун ҳужжатлари нормалари ўртасидаги юқорида қайд этганимиз каби номувофиқликларни зудлик билан бартараф этиш ҳамда келгусида янги қонун нормалари қабул қилинаётган пайтда уларнинг Конституция нормаларига мослигини албатта текшириб кўриш тизимини қатъий йўлга қўйиш миллий қонунчилигимизнинг бугунги кундаги энг муҳим вазифаларидан биридир.

Аббос САЛАЙДИНОВ, Тошкент давлат юридик университети магистратура талабаси.

2019-02-05 10:12:46  |  2760 |   0  | 

3 изоҳлар

Авваламбор шуни таькидлаш керакки, конунларни Конституция нормаларига зид булмаслигини таьминлаш шарт ва зарур. Афсуски, бугунги кунда Конституция ва конунлар уртасида куплаб номувофикликлар мавжуд булиб, бунинг асосий сабабларини Олий Мажлис Конунчилик палатаси депутатлари иш фаолиятининг сифат даражаси билан изохлаш мумкин. Яьни конунлар пухта-пишик ишланмасдан, тажрибали экспертлар куригидан утказилмасдан, уларнинг хулосаси олинмасдан Сенатга юборилмокда. Бунинг устига Конституциявий суд хам бунга умуман эьтибор каратмаяпти, яьни у уз функцияларини тулик бажармаяпти, деб айтиш мумкин. Демак, Конунчилик палатаси таркибида тажрибали хукушунослардан иборат "Экспертлар гурухи"ни ташкил этиш ва кабул килинаетган конунлар буйича унинг хулосасини олиш мажбурийлигини жорий этиш лозим.

Необходимо установить такой системный порядок, согласно которого, законодательная Палата ОМ, перед принятием закона он должен быть отправлен на согласование Палате Адвокатов и сообществу юристов. Потому что, адвокатам больше приходиться сопоставлять право с его практическим применением, а также возникающими проблемами в его применении. Теоретики могут взять а основу теоретические нюансы законотворчества, а практики фактические результаты их применения и противоречия в действенности. Наверное, пришло время создать действенное сообщество юристов в Республике и наделить ее полномочиями и правами. Да и в Палате Адвокатов (И даже ее территориальных управлениях) должны быть созданы научно- практические советы, которые и помогают госорганам по усовершенствованию законодательства.

Конунларни ишлаб чикишда система йук. Депутатларимизда хукукий савия хамда давлат тузилиши асослари тугрисида умуман тушунча йук. Конституциявий судни эса ишламайди десак тугри булади. Юкоридаги ухшаш мисоллар куп, лекин конунларни умумхалк мухокамаси мавжуд эмас. Демократик институтлар тушунчасидаги Президент атамаси ва ваколати уни маъноси доирасидан чикиб кетган. Конституциямиз хам кодексларга ухшаш асосий конун эмас, балки хусусий хукукларни белгилаш тартибида кабул килинган. Бу борада холис мунозарали фикрлар куп, лекин улар ечимини бу ерда эмас, юристлар хамжамияти тузиб, унинг конференциялари ва семинарларида мухокама килиш лозим деб хисоблайман.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация